ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Кичик ГЭСлар энергия муаммосига ечим бўладими? Мутахассис билан суҳбат»
  • 24.01.2023
  • 202

Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ оқибатида энергия таъминотида коллапс юз берди. Бутун мамлакат бўйлаб узилишлар кузатилди. Ҳолатни яхшилаш бўйича 19 январь куни президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўтказди. Президент йиғилишдан сўнг гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан ҳам танишган эди. Унда мамлакат бўйлаб кичик ГЭСларни қуриш ишлари бошлангани ва бу келгусида гидроэнергетика самарадорлигини бир неча бараварга ошириши таъкидланганди.

Истиқболли деб айтилаётган кичик ГЭСлар нимаси билан ўзига хос? Бу йўл олдимиздаги энергия муаммоларига ечим бўлоладими? «Дарё» мухбири мазкур масалада «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Алишер Йўлдошевдан интервью олди олди.

Алишер Йўлдошев

Алишер Йўлдошев
Фото: «Дарё»

Биринчи босқич маҳаллийлаштириш

Нормага кўра 500 киловаттгача электр энергия берадиган станциялар кичик ГЭСлардир. Ушбу турдаги ГЭСларни Ўзбекистонда жорий этиш бўйича уч йил ўрганишлар олиб бордик. Ҳозир тўлиқ техник имкониятлар билан қилолмаймиз. Бошқа ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўзимизга мослаштирган ҳолда босқичма-босқич маҳаллийлаштириб борамиз.

Бизнинг конструкторлик бюромиз бор. Ҳар бир танланган сув ресурсига ҳисоб-китобини қилиб бериши мумкин. Қайси ускуна ва қайси типдаги ускунани тавсия бериб, шу тавсия асосида ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин.

Кичик ГЭСларнинг асосий қисми трубина ва генератордан иборат. Кейин унга автоматика ва бошқа ускуналар бўлади. Трубинани ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириб бормоқдамиз. Ҳозирги кунда 200-300-400 киловаттгача бўлган трубиналарни ишлаб чиқаришни бошлаб юборганмиз. Иккинчи босқичда генераторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.

Фото: «Дарё»

Кичик ГЭСлар ўзини оқлайди

Ҳозирда сув энергиясини электр энергиясига айлантиряпмиз. Бу ҳар дақиқа, ҳар сония, ҳар соатда пулга айланяпти. Ушбу соҳа жуда истиқболи бор бизнес деб ҳисобланса бўлади.

Жойига қараб ўрнатилади

Ҳар хил сув ресурсига қараб кичик ГЭСлар ўрнатиш мумкин. Тезликни ҳисоб-китоб қилиб олинади. Асосий кўрсаткич тезлик ва босим. Шунга қараб ҳисоби олинади. Қайси кучга эга бўлган ускуна бу ерга қўйилади ва қанақа самара беради, неча йил мобайнида ўзини қоплайди, саноат ўзининг ҳисоб-китобини қилиб беради.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Синов ўтказилмоқда

Фарғона политехника институти билан Марҳамат туманида кичик ГЭС ўрнатилган. У тест режимида ишлаяпти. 200 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаб беряпти.

Чирчиқ шаҳрида ҳам битта кичик ГЭСни синовдан ўтказяпмиз. Тажрибадан ўтяпти. Ўйлаяпманки, уларга етарли бўлган энергия билан таъминлаб беради. Бундан ташқари, яна иккита жойни синовга тайёрлаяпмиз. Баҳорда синовини ўтказишни мўлжаллаяпмиз.

Маълумот учун, кичик ГЭС қурмоқчи бўлган тадбиркорларга ер бепул берилади, солиқ имтиёзлари ва ускуналар сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилади. Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини максимал тариф бўйича давлат харид қилиб олади.

Жорий йилда 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро гидроэлектр станция ишга туширилиши режалаштирилган. Яна 438 мегаваттли 8 та истиқболли лойиҳа ва 50 та микро ГЭС қуриш бўйича ишлар бошланади.

Микрогидроэлектр станциялар қуриш мумкин бўлган 250 та майдон аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида бу иншоотларда йилига 675 миллион киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариб, 200 миллион куб метр газ тежаш мумкин.

Манба: https://daryo.uz/k/2023/01/23/kichik-geslar-energiya-muammosiga-yechim-boladimi-mutaxassis-bilan-suhbat

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>