Янгиликлар
«9 МАЙ — ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ»: ФАХРИЙ ЭНЕРГЕТИКЛАР ВА АФҒОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗДА
  • 08.05.2020
  • 2347

  Маълумки, жорий йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага роппа-роса 75 йил тўлди. Бу куннинг шукуҳи ва залворида ўзбек ўғлонларининг мардонаворлиги ва юксак жасорати катта ўринни эгаллаши шубҳасиз. Зеро, 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари бу қонли урушда тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган матонатли хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

   Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни — кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича юртимизда улкан ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бу каби хира тортган нурсиз кунлар ҳаққи бугунги дориломон ва файзили дамларимиз қадрига янада чуқурроқ етиб борамиз. Бу кечинмалар айниқса бугунги ёшларимиз, жонажон Ватанимизнинг эртанги кун эгалари бўлмиш дилбандларимиз кўнглида бошқача аск-садо бериши тайин!

  Бу кун Ўзбекистонда нафақат ғалаба, балки жанг-у жадалларда ўзининг мардлигини намоён этиб, жон олиб-жон берган жасур аждодларимизнинг порлоқ ХОТИРАси ҳамда хонадонларимизга файз-барака бахш этган муҳтарам нуронийларимизга кўрсатилажак меҳр-шафқат, ҚАДР байрами ҳамдир!

  Бизнинг сафимизда ҳам фронт ва фронторти хизматларида фидойилик намойиш этган инсонлар фаолият юритишган. Айни кунларда эса афғон урушидаги жангларда қатнашган ҳамкасбларимиз кўпчиликни ташкил этади. Демак, бу байрам ҳеч бир ўзбекистонликка бегона эмас.

 Шу муносабат билан, «9 май — Хотира ва қадрлаш куни» ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ жамоа шартномасининг 7.6-бандига асосан, Жамият марказий аппарати ва ҳудудий ташкилотларда фаолият юритаётган уруш фахрийларига тенглаштириладиган шахслар — фронт ортида меҳнат қилган соҳамиз вакиллари ва афғон уруши қатнашчиларини моддий рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, Жамиятимизда меҳнат қилаётган 40 нафар кишига моддий ёрдам кўрсатилди.

  Ўзингизга маълум, эл бошига тушаётган синовлар даврида ҳам иқтисодий-ижтимоий, ҳам маънавий-маърифий жиҳатдан мустаҳкам иродани намоён қилиш ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли. Хайр-саховат ишлари билан бирга ўз зиммамизга олган вазифаларни сидқидилдан бажариш ҳам қарз, ҳам фарз. Байрам муносабати билан уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, фахрий энергетикларни йўқлаш, оммавий тадбирлар бекор қилинган пандемия карантини даврида қўнғироқ қилиб бўлса-да кўнгил сўраш — ҳар бир ишчи-ходимларимизнинг бурчи, деб ўйлайман. Шундай экан, азиз ҳамкасблар, барча-барчамизга байрам муборак бўлсин!

  Илоҳим, мустақил Ватанимиз кўркига кўз тегмасин! Бугун барчамизнинг кўнглимизга соя солиб турган синовли кунлар тезда барҳам топишини ва нурли лаҳзаларимиз, қувонч-у шодликка тўла дамларимиз бардавом бўлсин, дейман!

Д.А.Исақулов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>