Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Глобал Жануб овози” онлайн-саммитидаги нутқи
  • 12.01.2023
  • 232

Муҳтарам Нарендра Моди Жаноби Олийлари!

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

“Глобал Жануб овози” саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлашдан ғоят мамнунман.

Ҳиндистон Бош вазири, ҳурматли Моди жанобларига “Инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиёт” мавзусидаги бугунги мулоқотимизни ўтказиш ташаббуси учун билдирилган ҳамма миннатдорчилик сўзларига тўлиқ қўшиламан.

Ушбу форум Ҳиндистоннинг “Дунё – ягона оила” умумбашарий ғоясига содиқ қолаётганидан яққол далолат беради.

Ишончим комилки, ушбу тадбиримиз халқаро миқёсда нуфузи, иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳияти тобора юксалиб бораётган Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”даги раислиги муваффақиятли ўтишига салмоқли ҳисса қўшади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти турли қарама-қаршилик ва зиддиятларнинг кескинлашуви ҳамда иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларига дуч келмоқда.

Биз халқаро муносабатларда очиқ мулоқот ва ўзаро ишончнинг тобора камайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Коронавирус пандемияси, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги масалалари ҳамда экологик муаммолар глобал тараққиёт истиқболларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундай мураккаб шароитда, айниқса, мамлакатларимиз олдида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида кўплаб янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ҳеч ким ортда қолмаслиги зарур” деган асосий тамойили янада долзарб тус олмоқда.

Шу ўринда Ҳиндистоннинг ривожланаётган мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва самарали алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол ўрни ва ролини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилди ва халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда.

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Бугун Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Сиёсатимизнинг марказида инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш энг улуғ мақсад ва вазифа этиб белгиланган.

Тараққиёт стратегиямизнинг асосий мазмуни – қонун устуворлиги ва инсон капиталини ривожлантириш, адолатли ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдан иборатдир. Биз ўз олдимизга яқин келажакда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, мамлакатимизда камбағалликни икки баробарга қисқартириш каби катта режаларни қўйганмиз.

Ушбу марраларга эришиш учун 2023 йил Ўзбекистонда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилинди.

Мамлакатимизда замонавий таълим ва касб-ҳунарларни эгаллаш имкониятини кенгайтириш учун барча шароитлар яратилмоқда. Эҳтиёжманд аҳоли қатламини самарали ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни малакали ва сифатли тиббий хизматлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимизни изчил давом эттириш йўлида халқаро шериклар билан яқин ҳамкорлик учун доимо очиқмиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ўзбекистон Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”даги раислигини ва унинг доирасида илгари сураётган устувор мақсад ва эзгу интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Учрашувимиз кун тартибига киритилган масалалар бўйича қуйидаги амалий таклифларни билдирмоқчиман.

Бугунги кунда мавжуд халқаро савдо тизимини такомиллаштиришимиз зарур. Буни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу жараёнда “Глобал Жануб овози” албатта эътиборга олиниши керак – ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилиши лозим.

Афсуски, асосий бозорларга чиқишда мамлакатларимиз ҳамон турли тўсиқ ва чекловларга дуч келмоқда.

Давлатларимиз саноат ва аграр соҳада катта салоҳиятга, йирик ички бозорларга эга эканини инобатга олиб, глобал даражада адолатли рақобат муҳитини яратиш масаласида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимдир.

Бундан ташқари, ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш масалалари жаҳон саммити кун тартибидан ўрин олиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир стратегик масала. Евроосиё минтақасидаги асосий транспорт артерияларидан бири бўлган “Шимол-Жануб” халқаро йўлагини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари сурмоқдамиз. Ҳамкорларимизни ушбу ўта муҳим лойиҳада иштирок этишга таклиф қиламиз.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш шароитида тараққий этган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги катта технологик фарқ ўсиб бормоқда.

Биз жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида “Глобал Жануб” учун яшил технология ва инновациялар ахборот банкини яратиш вақти келди, деб ўйлаймиз.

Навбатдаги долзарб масала – инсон капиталини ривожлантириш ва профессионал таълим сифатини оширишдир. Биз Ҳиндистон билан таълим соҳасида ҳамкорлигимизни жадал олиб боришдан манфаатдормиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиёт заминида айнан ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш масаласи асосий ўрин эгаллаши лозим.

Иқтидорли ёшларимизни иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергетика, рақамлаштириш ва бошқа устувор соҳалардаги миллий ва халқаро дастурларни ишлаб чиқишга кенг жалб этишимиз керак.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ўртасида “Жануб ёшлари овози” доимий мулоқот платформасини ташкил этиш таклифини илгари сурмоқчиман.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугунги кунда дунёда авж олаётган турли тўқнашувларнинг салбий оқибатлари биринчи галда ривожланаётган мамлакатларда сезилмоқда.

Ишончим комилки, қадрли биродарим Нарендра Моди таъбири билан айтганда, “Будда ва Ганди Ватани” бўлмиш Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”даги раислиги доирасида глобал миқёсдаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун янги-янги таклиф ва ғоялар дунё ҳамжамиятига тақдим этилади.

Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда илгари сураётган Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқот гуруҳини шакллантириш таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб умид қиламан.

Ҳурматли дўстлар!

Биз Ҳиндистоннинг ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини халқаро миқёсда самарали ҳимоя қилиш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларига ҳамиша кўмакдошмиз.

Ҳеч шубҳасиз, бугунги барча таклиф ва ташаббуслар инсон манфаати ва барқарор тараққиёт мақсадларига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, дўст Ҳиндистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрами – Республика куни билан чин дилдан самимий табриклайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба: https://president.uz/uz/lists/view/5815

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>