16 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.
Шунингдек, ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакатлар етакчилари ва саммитнинг фахрий меҳмонлари – Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан БМТ Бош котибининг ўринбосари Розмари ДиКарло, ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган давлатлардан бири сифатида унинг фаолиятида муҳим ва фаол роль ўйнамоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ШҲТнинг халқаро нуфузини ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамиша хизмат қилиб келган.
Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда ШҲТга раислиги қизғинлиги, мазмундорлиги ва натижага қаратилганлиги билан эътиборга молик. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Раислик режаси биргаликда тўлиқ амалга оширилди.
80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. ШҲТ доирасида ахборот-коммуникация технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва камбағалликни қисқартириш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг янги формат ва механизмлари ишга туширилди.
Иқтисодиёт, саноат, инновациялар, туризм, соғлиқни сақлаш, халқ дипломатияси, гендер тенглиги ва аёллар тадбиркорлигини илгари суриш борасидаги долзарб масалалар бўйича форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Президентимиз ўз нутқида атрофимизда бўлаётган воқеалар шароитида бугунги саммит алоҳида, тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўймоқда. Унинг зиммасида ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал этиш масъулияти турибди.
Мамлакатимиз етакчиси ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан аниқ таклифлар ва амалий ташаббусларни илгари сурди.
Энг аввало, ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва очиқлигини, кенг халқаро ҳамкорликка йўналтирилганини сақлаб қолиш, хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига риоя қилиш муҳимдир. Марказий Осиё бундан буён ҳам ШҲТнинг "географик ядроси" бўлиб қолиши керак.
“Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. «Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин», деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш таклифини билдирди. Ушбу дастурий ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жабҳаларини қамраб олиш, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга қаратилган.
Иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, аъзо мамлакатларнинг махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш, ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш ва унинг негизида ягона электрон платформа яратиш таклифлари илгари сурилди.
Жаҳондаги озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози ШҲТда бу борада фаол ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ушбу ҳужжат товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун мавжуд норматив-ҳуқуқий базани уйғунлаштиришга, озиқ-овқат танқислигинининг олдини олиш, мамлакатларимиз бозорларини ўзаро тўлдириш мақсадида товарларни маркировка қилиш ва божхона жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, келгуси йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклифи билдирилди.
ШҲТ маконида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратиб, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Саммит доирасида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битим имзоланганини тарихий воқеа сифатида баҳолаб, Шавкат Мирзиёев иштирокчиларни стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз–Мозори Шариф-Кобул–Пешовар темир йўли қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди.
«Ушбу икки лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, умуман олганда, Ташкилотимиз маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очади», деди Президентимиз. Шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ШҲТнинг Биринчи транспорт форумини ўтказиш ва унинг якунида Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга тайёрлиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузишни таклиф этди. Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, шу жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечимлар ва молиявий маблағлар жалб қилишга кўмаклашади.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти бу борадаги устувор вазифалар қаторида мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, хавфсизликка таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш ҳамда уларга тезкорликда жавоб қайтариш бўйича ШҲТ МАТТ фаолияти самарадорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга, ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш таклиф этилди. Дунёда радикализмнинг ўсиши хавфли тенденцияга айланаётган ҳозирги шароитда бу айниқса муҳимдир.
– Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим. Афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз керак», – деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан Термиз шаҳридаги транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд таъсис этиш таклиф қилинди. Фонд маблағлари мазкур мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асоси эканини таъкидлади. Маданиятлар ва анъаналар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш миллионлаб одамларга дўстона мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги имкониятларини очиб беради.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар каби ҳамкорликнинг қўшимча форматларини яратишга чақирди. Маданиятлараро мулоқотнинг рақамли шакллари: виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий конференциялар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Туризм соҳасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш учун 2023 йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклиф этилди.
Ўзбекистон раҳбари Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келганини таъкидлади.
«Асрлар давомида бу ерда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралган. Самарқанд – ШҲТни тузишда асос қилиб олинган бағрикенглик, турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида амалда бўлган ҳаётий намунадир», деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис Ўзбекистон Президенти умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини илгари сурди. Унинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашув ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал мулоқотга жалб қилишдир.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун келгуси йилда сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида Самарқанд халқаро форуми ўтказилади.
Давлатимиз раҳбари нутқининг якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. “Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янада изчил ривожланишига ҳамда нуфузи юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, деди у.
Мажлисда аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар ҳамда БМТ ва ШҲТ раҳбарлари сўзга чиқди.
Манба: https://president.uz/uz/lists/view/5543
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати