Янгиликлар
СОҲАМИЗ ХОТИН-ҚИЗЛАРИ ҲАМИША ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМДА!
  • 06.03.2020
  • 1562

     Бугун, 2020 йил 6 март куни «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамиятининг барча ҳудудий филиал ва таркибий муассасаларида ўтказилгани каби марказий бошқарув аппарати биносида ҳам «8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами» муносабати билан Жамиятимиз хотин-қизларини табриклаш маросими бўлиб ўтди.

 

     «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамияти Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан тайёрланган махсус байрам саҳнаси ва бинонинг кириш қисмидаги байрамона безаклар бугун барча энергетиклар учун эрта тонгдан кўтаринки кайфият бағишлади, десак муболаға бўлмайди. Акциядорлик жамиятида хизмат қилаётган ишчи-ходимлар қўлларида қучоқ-қучоқ гуллар билан ҳамкасб аёлларни кутиб олишлари бугунги иш кунига янада шукуҳ бағишлади.

     Жамиятнинг марказий биносида меҳнат қилаётган хотин-қизларни «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Элмуродов бошчилигидаги бир гуруҳ ишчи-ходимлар табриклашди. Ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда бўлган аёлларни ҳар бир офис хоналарига алоҳида-алоҳида кириб табриклашган энергетиклар муҳтарама аёллар ва опа-сингилларимизга қимматбаҳо совғалар тақдим этишди.

 

     Маълумот ўрнида: «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Д.А.Исақуловнинг 2020 йил 4 мартдаги 69-сонли буйруғига мувофиқ Жамият таркибидаги барча ташкилотларда меҳнат фаолияти олиб бораётган аёллар бир марталик мукофот пуллари билан тақдирланди.

     Аёл мадҳига таърифу достон тугамайди!

     Дарҳақиқат, аёл тимсоли, унинг покиза зийнати ҳар қандай таърифдан баланд туради. Уни ҳеч қандай қиёс ёхуд ташбеҳ билан ифодалаб бўлмайди. Аёл буюк, аёл муқаддас, аёл боқийлик, абадият манбаи. Аёл-гўзаллик, латофат ва назокат тимсоли! Ким учун она, ким учун суюкли ёр, яна ким учундир ҳамшира ёинки жон қадар фарзанд бўлган аёл ҳеч қачон муқаддаслигини йўқотмайди!

 

     Донишмандларнинг айтишича, аёлларнинг ички дунёси шундай сирли маъвоки, унинг ботинида ўзигагина аён жиҳатлар ҳамиша мавжуддир. Жисмлар таркибидаги кўз илғамас зарраларнинг хоссаларига мукаммал изоҳ берган, бутун олам тан олган олимлар ҳам аёл оламини яхши биламан, дея олмаслар!

     Аёл борки — олам мунаввар!

     Дарҳақиқат, ушбу таъриф ва тасниф айнан бизнинг Жамиятимиз хотин-қизларига қарата айтилган бўлса, не ажаб?! Зеро, бизнинг жамоа жонажон юртимизнинг ҳар бир хонадонига нурафшонлик, ёруғлик истаб, фаолият олиб боради.

 
 «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамиятининг марказий бошқармасида бугунги кунда 100 га яқин ва ҳудудий тизимлар жамланмаси бўйича 1000 дан зиёд бири-биридан хушният ва гўзал хотин-қизлар фаолият олиб боришмоқда.

       – Бизнинг ташкилотимизда мазкур байрам ўзгача интиқлик билан кутилади. Айрича шукуҳ, айрича қувонч билан нишонланади. Жамоамизга файзиёблик бахш этиб турган малоҳатли аёлларимиз ҳақида ҳар қанча ғурурлансак оз, – дейди «O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Дадажон Айнақулович Исақулов. – Уларнинг ҳар жабҳада фаоллигини кўриб, ҳайратланасан киши. Шундай экан, очиқ юзли ва ширин сўзли аёлларимизнинг гулгун чеҳраларидан ҳеч қачон майин табассум сўнмасин, тилларидан ширин калом тушмасин! Мен ишонаманки, аёллари эъзоз ва рағбат топган юртдан ҳеч қачон қут-барака кўтарилмайди.  

 

     8 март айёми муносабати билан барча ҳамкасб хотин-қизларни чин юракдан муборакбод этамиз! Бахтимизга бор бўлинг, азиз аёллар!

 

     Ориф ТЎХТАШ

   АЁЛНИ АРДОҚЛА!

 Аёлни ардоқла, дил меҳрингни бер,

Унга айт энг эзгу тилак, биродар.

Ҳимояси учун яралганмиз эр,

Аёл бор — куч топар билак, биродар.

 Муҳаббат боғидан насибанг — унда,

Олисдан ахтарган хазинанг — унда,

Унутиб қўйибсан вазифанг унда –

Шундан санчиб қўяр юрак, биродар.

Уйда аёл борки, элга ошнамиз,

Чангда юриб, ғубор билмас пошнамиз,

Давралардан уйга қачон шошиламиз?!

Хонадонда ўрнинг бўлак, биродар.

Тонгда отланасан, ишларинг бисёр,

Базмдан базмга тортқилар дўст-ёр...

Кўзлари йўлингда, интиқ, интизор –

Сени кутмоқда бир малак, биродар.

Келди изҳори дил хонаси, деб айт,

Ширин фарзандларим онаси, деб айт,

Сенсан — ҳаётимнинг маъноси, деб айт,

Меҳр — садоқатдан дарак, биродар.

Сен-у менга бугун шул эрур талаб:

Фарзандларни қўймоқ суюб-эркалаб...

Хуллас, ҳаёт юкин дадил елкалаб –

Одамдай яшамоқ керак, биродар!

 

     Ҳурматли энергетика соҳаси мутахассислари, Сиз орқали аҳли аёлингиз, опа-синглингиз, онажонингизни «8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами» муносабати билан муборакбод этамиз!

 

Фикримда шу тахлит жамланар ҳаёт –

Қизлар нигоҳидан рангланар ҳаёт,

Аёл садоқати кўрк берар токи,

Она меҳри билан англанар ҳаёт!

 

«O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>