Мурожаат эгаси: Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, Сармич маҳалласи, Чорбоғ кўчаси, 51-уйда яшовчи фуқаро Ориф Алимов.
Мурожаат мазмуни: “Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, Сармич маҳалласиданман. 24 сотих деҳқон хўжалиги (томорқа) ерим бор, шундан 2 сотихида қурилиш ишлари олиб борилиши кўзда тутилаётган экан. Қурилаётган 500 кВ кучланишли линия нега тўғри ўтмай, огоҳлантириш берилган хўжаликлар қолиб, менинг томорқам орқали ўтмоқда?"
Мурожаатга жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 10 августдаги ПҚ-4799-сонли қарорига асосан Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган “Иссиқлик электр станцияси” қурилишини пудратчи “Acwa рower Sirdarya” компанияси томонидан лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, янги қурилаётган электр станцияга 500 кВли Л-521 ва Л-550 электр узатиш ҳаво тармоқларининг кириш-чиқиш схемаси билан уланиши кўзда тутилган.
Фуқаро Алимов Ориф Орзиқулович (12 сотихдан) ҳамда Алимов Одил Орзиқуловичларга (12 сотихдан) “Юридик шахс ташкил этмасдан деҳқон ҳўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида” Боёвут туман ҳокимининг 2017 йил 21 декабрдаги 314-б-сонли қарори чиқарилган бўлиб, ажратилган ер майдонида деҳқончилик юритилмасдан, бино-иншоот қурилаётганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга, кўрсатилган ер участкасида қурилаётган бинодан лойиҳалаштирилган 500 кВли Л-521 электр узатиш ҳаво тармоғининг 19–20-сонли таянч устунлари оралиғидаги четки симигача бўлган масофа 30,3 метрни ташкил этганлиги ҳамда ер участкаларингизга таянчлар ўрнатиш кўзда тутилмаганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорида (500 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари учун – 30 метр этиб белгиланганлиги) кўрсатиб ўтилган.
Иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида, ҳозирги кунда буюртмачилар томонидан лойиҳага қатъий амал қилган ҳолда, белгиланган ишлар бажарилаётгани ва ўзингизга ажратилган ер участкаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорга қатъий амал қилган ҳолда деҳқон хўжалик фаолиятини давом эттиришингиз мумкинлиги билдирилади.
Электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси
Ахборот хизматидан эслатма: Мурожаатчи, шунингдек, жорий йилнинг 14 март санасида 212013/22-сонли ҳамда 22 март куни 235994/22-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентига Ишонч телефони орқали, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига ва “Ўзбекистон миллий элекр тармоқлари” АЖ ишонч рақамлари орқали мурожаат қилган ва унга расмий жавоб хатида (2022 йил 17 январдаги 7755-х/22-сонли мурожаатига асосан) 2022 йил 25 январь куни “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё ҳудуди бўлимини маъсул ходими ва “Сирдарё МЭТ” филиали томондан жойига чиқиб ўрганилганлиги тўғрисидаги маълумотлар илова орқали тақдим этилган.
Қўшимча иловалар:
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati