Мамлакатимиз аҳолисининг сони ошиб бориши, юртдошларимизнинг электр ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиш кўламининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, шу билан бирга, республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг имкониятлар берилаётгани, қатор инвестиция дастурлари ҳисобига йирик саноат корхоналари очилаётгани — электр энергияси истеъмоли кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Демакки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш тармоқлари изчил ривожланиб бориши, янги объектлар қурилиб, мавжудлари янгиланиб бориши лозим.
Ижозатингиз билан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган ишлар кўламини рақамлар ифодаси ва инфографика шаклидаги кисқача баён қилсак.
Аввало, мамлакатимиз электр энергетика тармоғида мавжуд юқори кучланишли электр тармоқларининг узунлиги ошиб бориши динамикасига эътибор беринг.
Инфографикада кўриниб турганидек, Ўзбекистон электр энергетика тармоғидаги юқори кучланишли — 110, 220 ва 500 киловольт магистрал электр узатиш тармоқлари узунлигининг 2005 йилдан 2021 йилгача изчил ошиб борган. Таққослаш ва таҳлил учун шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2005–2016 йиллар давомида, яъни 11 йил давомида 898,8 км юқори кучланишли электр тармоқлари янгидан қурилган бўлса, 2017–2021 йилларда, яъни охирги 5 йил давомида узунлиги 1833,2 км бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари фойдаланишга топширилган.
Худди шундай ўсиш динамикасини юқори кучланишли подстанциялар сони ошиб боришида ҳам кузатишимиз мумкин.
Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/9399
Эътиборингизга ҳавола этилаётган инфографикада кўрсатилганидек, Ўзбекистон электр энергетика балансидаги 110, 220 ва 500 киловольт кучланишли подстанциялар сони 2005–2021 йиллар оралиғида 17 тага кўпайиб, электр таъминотининг ишончлилиги ошириб борилган.
Мисол учун, 2005–2016 йилларда, яъни 11 йил давомида 8 та подстанция қурилган бўлса, 2017–2021 йиллар, яъни 5 йил давомида 8 та юқори кучланишли подстанция фойдаланишга топширилган.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 125 МВА (мегавольт•ампер) қўшимча қувват яратилган бўлса, Андижон вилоятида жами 200 МВА қўшимча қувват яратилди. Бухоро вилоятида электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қиладиган модернизация-реконструкция ишлари эвазига 128 МВА қувват яратилишига эришилди.
Жиззах вилоятидаги 110 кВли “ДНС-2” подстанцияси реконструкция қилиниб, 220 кВ кучланишли подстанцияга айлантирилаётган бўлса, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 220 кВли “Амир Темур” подстанцияси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди ва вилоятда 125 МВА қўшимча қувват яратилди. Бу эса бошқа подстанциялар юкламасини меъёрга келтириш баробарида 110 кВли “Яккабоғ–1” ва “Яккабоғ–2” ҳаво электр узатиш тармоқларида ўта юклама ҳосил бўлиши ҳолатларининг олдини олди.
Шунингдек, электр энергиясига бўлган талаб жадал ўсиб бораётган Самарқанд вилоятида ҳам бир нечта модернизация-реконструкция ишлари амалга оширилиб, электр тармоқлари капитал таъмирдан чиқарилди. Самарқандликлар электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида вилоятда жами бўлиб 359 МВА қўшимча қувват яратилди.
Навоий вилоятида 243 МВА қўшимча қувват яратилиб, Кармана туманида жорий йилда фойдаланишга топширилган 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ягона энергетика тизимига уланди. Наманган вилоятида эса 200 МВА қўшимча қувват яратилиб, вилоятнинг Чортоқ, Учқўрғон ва Норин туманлари электр таъминотидаги ишончлилик бирмунча оширилди.
Сирдарё вилоятида янги бунёд этилган металл қуйиш заводининг ташқи электр таъминоти яхшиланиши учун бир қатор амалиётлар бажарилди. Бу эса, ўз навбатида, кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади.
Фарғона вилоятидаги юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилган модернизация ва реконструкция ишлари натижасида 125 МВА қўшимча қувват яратилди. Бундай амалиётлар Хоразм вилоятида ҳам бажарилиб, “Хоразм” подстанциясининг қуввати 75 МВАга оширилди. Жорий йилнинг апрель ойида Хоразмда реактив қувват манбаи қурилмасининг ишга туширилиши электр тармоқларида ҳосил бўладиган реактив қувват сарфини компенсация қилиб, истеъмолчиларга етказиб берадиган кучланиш пасайиб кетишининг олди олинди.
Тошкент вилоятидаги мавжуд юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари капитал таъмирланиб ва модернизация ва реконструкция ишлари натижасида вилоятда 150 МВА қўшимча қувватга яратилди. Тошкент шаҳрида ҳам электр қурилма ва ускуналарида капитал таъмирлаш, модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилди.
Йил якунига қадар Жиззах вилоятидаги “ДНС-2” подстанциясида 85 МВА қўшимча қувват яратилади ва 2021 йилда юқори кучланишли подстанцияларда жами қўшимча 1815 МВАга оширилади.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги подстанцияларда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чоралар кўрилган бўлиб, 165 дона ҳаво ўчиргичи замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда электр энергияга бўлган талаб ортиб боргани сари ҳам магистрал электр тармоқлари, ҳам юқори кучланишли подстанциялардаги ўсиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда.
Қиёсий таҳлилни ўтган 3 йилда ўтказсак, 2019–2021 йиллар давомида юқори кучланишли подстанцияларда 3953 МВА қўшимча қувват яратилди. Мазкур яратилган қувватлар республиканинг максимал истеъмол қувватига нисбатан 33,5 фоиз оширилди.
Батафсил: https://www.youtube.com/watch?v=yXvkzcvL2dc
Агар таҳлил ва таққослашни 5 йилликларга бўлиб кўрсак, юқори кучланишли элекр тармоқлари ва подстанцияда амалга оширилаётган ишлар кўлами изчил ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Мисол учун, 2012–2016 йилларда 680 МВА қўшимча қувват яратилган бўлса, бу кўрсаткич 2017–2021 йилларда 5 621 МВАни ташкил этган.
Маълумотномани тайёрлашда Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда Капитал қурилиш, смета ва лойиҳаларни экспертиза қилиш бошқармаси материалларидан фойдаланилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати