Янгиликлар
Хорижий нашрлардаги «Сайловдан сўнг Андижонда яна чироқ ўча бошлади» номли хабарлар нотўғри
  • 25.12.2019
  • 974

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати томонидан «Андижонликлар» номли телеграм каналида Андижон вилоятининг Андижон тумани ҳудудида жойлашган 220/110/10 кВ ли «Юлдуз» подстанциясида 125 000 кВА қувватли 2-куч трансформаторини 2019 йил 24 декабрдан 29 декабрга қадар 200 000 кВА қувватли куч трансформаторига алмаштириш ишлари олиб борилиши ҳақидаги хабари ўрганилди.

     Бундан ташқари, ушбу ижтимоий тармоқ саҳифасида «Электр энергияси истеъмолчиларининг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда мазкур куч трансформаторини ўрнатиш ва таъмирлаш ишлари Янги йил байрами муносабати билан 2020 йил январ ойида бажарилишини маълум қиламиз» номли хабар ҳам пайдо бўлган.

     Ушбу асоссиз, расмий мурожаат орқали маълум қилинмаган ахборот соҳа мутахассисларининг келгуси иш режаларига тааллуқли ўзаро муҳокамаларида билдирилган бўлиб, «шундай режа ва эҳтимол мавжуд» маъносида маълум қилинган бўлиши мумкин. Аниқ фактлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари томонидан эълон қилинади, деган умиддамиз.

     «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизматининг мазкур масалага расмий маълумоти қуйидагича: Андижон вилоятининг ҳудудида жойлашган 220/110/10 кВ ли «Юлдуз» подстанциясида мавжуд 2 та 125 000 кВА қувватли автотрансформаторларнинг биттаси жорий йилнинг 20-26 ноябрь кунлари алмаштирилган эди. Иккинчи автотрансформаторни алмаштириш ишлари 2020 йилнинг дастлабки ойида амалга оширилиши режалаштирилган ва бунинг учун зарур барча жиҳоз ҳамда ускуналар шай ҳолатга келтирилган.

     Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, «Юлдуз» подстанциясида олиб борилаётган модернизация дастурига оид амалиётлар Фарғона водийси аҳолиниси сифатли электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминлашга хизмат қилиши назарда тутилган.

     Турли носозликлар туфайли электр таъминотида узилишлар бўлиб туриши табиий ҳол, бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати томонидан ҳар куни расмий баёнотлар бериб борилмоқда ва бу каби техник масалаларни мамлакатдаги сиёсий тадбирлар билан боғлаш мутлақо нотўғри.

     Бу ҳақда жамоатчиликка маълумот улашган хорижий ва маҳаллий нашрлар аввал масала мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиб, кейин холисона ёндашув билан хабарлар эълон қилиши мақсадга мувофиқ. 

 

   Хорижий нашр: www.ozodlik.org

    Маҳаллий нашр: daryo.uz

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ

Ахборот хизмати

>