«Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда»
Янги автотрансформатор электр энергияси ўтказиш имкониятини оширади
  • 30.11.2021
  • 316

  Қарор ва ижро

  «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги «Фарғона» подстанциясида 125 минг кВА (киловольт-ампер)ли автотрансформаторни замонавий, қуввати 200 минг кВАлисига алмаштириш ишлари якунланди.

  «Ўзбекистон МЭТ» акциядорлик жамиятининг «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали директори Ғайратжон ШЕРМАТОВ ЎзА мухбирига бу  ҳақида маълумот берди.

  – Ушбу янгилаш «Ўзбекистон МЭТ» акциядорлик жамияти томонидан «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳаси доирасида бажарилди, – деди Ғ.Шерматов. – Унга кўра, «Фарғона» подстанциясида қуввати 125 минг кВАли автотрансформатор янги ва замонавий – қуввати 200 минг кВАлисига алмаштирилди.

  Шунингдек, лойиҳа доирасида янги ўрнатилган автотрансформаторга тегишли бўлган 220 кВли ва 110 кВли ячейкаларидаги маънан эскирган ўчиргичлар замонавий ўчиргичларга алмаштирилиб, релели ҳимоя тизими микропроцессорли шкафлар билан таъминланган ҳолда ишга туширилди. Янги автотрансформатор учун «автоматик ўт ўчириш» стационар тизимли қурилмаси барпо этилди.

  Жорий йил 27 ноябрь куни қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари тўлиқ якунланиб, янги автотрансформатор 72 соат давом этадиган синов режимига қўйилди. Бажарилган ишлар якунига кўра, 220/110/10 кВли «Фарғона» подстанциясида электр энергияси қувватини ўтказиш имконияти қўшимча 75 минг кВА ҳисобига ортди.

  Таъкидлаш жоизки, «Фарғона» подстанцияси орқали Фарғона ва Марғилон шаҳри, шунингдек, вилоятнинг Қўштепа, Ёзёвон, Фарғона туманлари истеъмолчилари учун электр энергияси етказиб берилади.

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш»  инвестиция лойиҳаси доирасида «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали таркибидаги учта – «Сокин», «Ўзгариш» ва «Фарғона» подстанцияларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Модернизация ва реконструкция ишлари бошланишидан аввал мазкур подстанцияларда ўрнатилган автотрансформаторларнинг умумий қуввати 1 миллион 50 минг кВАни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўрнатилган автотрансформаторларнинг умумий қуввати 1 миллион 500 минг кВАни ташкил этмоқда. Яъни подстанциялар орқали электр энергия қувватини ўтказиш имконияти 43 фоизга ортди.

  Мазкур ишлар Президентимизнинг 2017 йил 16 сентябрдаги "Жаҳон банки иштирокида «Магистрал тармоқларнинг кичик станцияларини замонавийлаштириш ва қайта қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида, яъни подстанцияларда маънан эскирган ўчиргичлар ҳамда ўлчов трансформаторларини замонавийларига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, бино-иншоотларнинг эстетик ҳолатини яхшилаш мақсадида таъмирлаш-бутлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

ЎзА мухбири  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>