2021 йил 16 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида қуввати 100 МВт бўлган, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойили асосида шамол электр станциясини (ШЭС) қуриш бўйича лойиҳа молиявий таклифларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг молиявий таклифлар (тариф) натижалари эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қайта тикланувчи энергия манбалари асосида қуввати 100 МВт бўлган янги шамол электр станцияси 2 йил ичида ишга туширилади.
Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” ва Франциянинг “Voltalia” компаниялари шамол электр станциясини қуриш учун ўз техник, тижорий ва молиявий таклифларини тақдим этди. “ACWA Power” компанияси 1 кВт соат учун 2,5695 цент тариф таклифи билан ғолиб бўлди.
Шунингдек, “Masdar” компанияси 1 кВт соат электр энергияси учун 2,6550 цент ва “Voltalia” компанияси 1 кВт соат электр энергияси учун 3,2790 цент таклиф берган.
Шерзод Ходжаев, Энергетика вазирининг ўринбосари:
“Ўзбекистон “яшил энергия”ни ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларни ушбу манбалар билан таъминлаш, мамлакатнинг қазиб олинадиган ёқилғи манбаларига қарамлигини камайтириш ва СO2 чиқинди газларини камайтириш борасида улкан ютуқларга эришмоқда. Ушбу лойиҳа ўсиб бораётган электр энергиясига бўлган талабни қондириш учун экологик тоза, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича стратегиямизнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Биз шамол энергияси ишлаб чиқарувчилар халқаро ҳамжамият сафига қўшилар эканмиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда ишлаётганимиздан хурсандмиз”
Ўзбекистон ЕТТБ билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, мамлакатнинг энергетика соҳасини хусусий инвеститцияларга очиш ва хорижий капитални самарали ва ошкора жалб қилиш, шунингдек, атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш ва “Декарбонатизация” қўшма дастурини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бормоқда.
Бу лойиҳалар Ўзбекистонда 2030 йилгача 3 ГВт экологик тоза шамол энергиясини ишлаб чиқариш стратегиясининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Мазкур лойиҳа амалга оширилгач, йилига иссиқхона газларнинг чиқиндиларини 160 минг тонна эквивалентига камайтиришга ёрдам беради ва қўшимча равишда 350 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
https://minenergy.uz/uz/news/view/1469
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати