Ёшлар сиёсати
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ёшлари “Биргаликда биз бир кучмиз!” халқаро ёшлар форумида иштирок этишди
  • 02.07.2021
  • 546

27–30 июнь кунлари “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ва Навоий кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида “Биргаликда биз бир кучмиз!” халқаро ёшлар форуми ташкил этилди.
 

 


Навоий вилоятининг “Сармишсой” дараси бағридаги “Сармиш” оромгоҳида бўлиб ўтган халқаро форум ишида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Қозоғистон, Россия ҳамда Япония давлати электр энергетика тармоғи корхоналари ёшлари иштирок этишди.

Гуруҳларга бўлинган ёшлар етакчилик кўникмаларини ривожлантириш ва жамоада самарали ишлаш бўйича семинар-тренингларда, шахмат, стол тенниси, футбол, волейбол ва баскетбол бўйича спорт мусобақаларида, “Заковат” интеллектуал ўйинида ва бошқа турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этишди. “Сармишсой”нинг қадимий қоятош суратлари билан танишилди ва Нуротанинг “Чашма” мажмуаси зиёрат қилинди.
 

 

 

 

 

 

 

 


– Гуруҳларда ёшлар билан жамоада ишлашнинг етакчи тамойиллари бўйича тренингларда иштирок этяпмиз – дейди қозоғистонлик Надежда Попова. – Яратилган мулоқот майдони учун раҳмат, турли давлатлар ёшлари билан мулоқотда бўлиш янги ғоялар ва ташаббусларнинг асоси деб ҳисоблайман.

– Айни пайтда “JICA” лойиҳаси бўйича “Навоий ИЭС” АЖда ёш мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш дастурида иштирок этяпман, – дейди Япониянинг “TEPSCO” компанияси вакили Такуя Ямамоту. – Форумда иштирок этаётганимдан мамнунман, албатта, бу каби тадбирлар ёшларнинг эзгулик ва бунёдкорлик сари бирлашишига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.
 

 


Халқаро форумнинг тантанали ёпилиш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ва Навоий кон-металлургия комбинати вакиллари, жамоатчилик ҳамда ёшлар иштирок этишди.

– Электр энергетикаси ва тоғ-кон саноати корхоналарида фаолият юритаётган ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ҳамда Япония ёшлари учун мулоқот майдонини яратиш, юртимизда ёшлар сиёсати йўналишида олиб борилаётган ишлар билан ҳамкорларимизни таништириш, шунингдек, 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари кунини муносиб кутиб олиш, форумнинг асосий мақсади – дейди “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти” Бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов.
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Форум натижалари бўйича спорт ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этган ёшлар тақдирланди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати 

http://minenergy.uz/uz/news/view/1334

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>