Янгиликлар
АОКАда брифинг: «ЭНЕРГОТИЗИМДА МУВОЗАНАТНИ САҚЛАШ — КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАС УСТУВОР ВАЗИФА»
  • 01.12.2020
  • 2197

  Ўзингизга маълум, куз-қиш мавсумининг илк кунлариданоқ об-ҳавонинг кескин пасайиши туфайли юртимизда энергоресурсларга эҳтиёж сезиларли даражада ошди, хусусан электр таъминотида турли сабаб ва омиллар туфайли узилишлар кузатилмоқда.

  Юқоридагиларни ҳисобга олиб, мурожаатчилардан келиб тушган ва электр энергетика тармоғига тааллуқли айрим сўровларни умумлаштирган ҳолда эътиборингизга савол-жавоб шаклига ҳавола этамиз.

 

  Савол: Ўзбекистон Республикаси энергетика соҳасининг электр энергетика тармоғига масъул ташкилотлар номи ва уларнинг асосий вазифаларини санаб берсангиз...

  Жавоб: Ўзбекистон электр энергетика тармоғига асосан 4 та ташкилот масъул бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Президент қарорлари ҳамда Ҳукумат топшириқлари ижроси назорат қилувчи ва тармоқда истиқболдаги режалар стратегиясини белгиловчи — мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Демак:

 

1) «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти анъанавий турдаги, яъни нефть маҳсулотлари, табиий газ, ерости гази, мазут ҳамда кўмир ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар фаолиятини мувофиқлаштиради;

2) «Ўзбекгидроэнергия» акциядорлик жамияти қайта тикланувчи, яъни муқобил турда электр энергияси ишлаб чиқарадиган гидроиншоотлар фаолиятини бошқаради;

3) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистраль электр тармоқлари ҳамда подстанциялар орқали узатиш билан шуғулланишдан ташқари электр энергияси импорти ва экспорти, тармоқда қурилиш-монтаж, модернизация ва реконструкция ишлари, шу билан бирга йирик инвестицион лойиҳалар бўйича Ҳукумат топшириқларини бажаради;

4) «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти паст кучланишли тармоқлар орқали электр энергиясини тақсимлаш ва етказиб бериш, паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанциялар фаолиятини бошқариш ва уларга сервис хизматлар кўрсатиш, қурилиш-монтаж, модернизация ва реконструкция ишлари, шунингдек ҳисоблагичлар ўрнатиш ва истеъмол қилинган электр энергияси тўловлари ҳисобдорлигини юритиш билан шуғулланади.

Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, ўрта ва кичик бизнес вакиллари ва йирик саноат корхоналарига электр энергияси етказиб беришга хизмат қилувчи ташкилотлар қаторининг энг бошида геологлар, геология-қидирув бошқармалари, кончилар, қазиб олувчилар, нефть маҳсулотларини қайта ишловчилар, лойиҳалаш институтлари, табиий газ, ерости гази, кўмир ва бошқа нефть маҳсулотлари етказиб берувчи — «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзбеккўмир» каби ташкилотлар туради ва бу бўғуннинг энг сўнгги нуқтаси электр энергияси истеъмолчилари билан тугайди. Юқорида номлари санаб ўтилган ташкилотларнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдан иборат.

 

  Савол: Электр энергетика тармоғи фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари борми?

  Жавоб: бор, албатта. Бошқа соҳа ва тармоқлардан бирмунча фарқ қиладиган жиҳатлари мавжуд. Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишларда фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик, яъни мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади. Соҳанинг ушбу жиҳати бутун дунё электр энергия тизимларига хос хусусиятдир.

Хўш, бу нима дегани?

Аввало ўрта мактаб физика дарслигини эсга олайлик... Электр энергияси ёруғлик тезлигида, сониясига 300 000 километрни масофани босиб ўтади. Демак, маҳсулотнинг алоҳида тури сифатида таснифланадиган электр энергияси ишлаб чиқарилган заҳотиёқ, яъни сониянинг бир бўлаги ичида, яъни миллисекундларда истеъмол қилиниши лозим.

 
«Ўзбекистонда электр энергияси етиб бормаган ҳудудлар» деб аталиши бирмунча нотўғри тушунча бўлиб, электр таъминоти тармоғига уланган ҳар қандай истеъмолчиларга электр энергияси ишлаб чиқарилган ондаёқ, сониянинг юздан бир неча бўлаклари ичидаёқ етиб боради!

  Юқоридаги фикрлардан шундай мантиқий хулоса чиқадики, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси (!) мунтазам равишда таъминланиши лозим. Техник-муҳандислик шартларига кўра тизимда ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш — тизим ишончли фаолиятининг кафолати ҳисобланади.

 

  Савол: Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабабларини санаб бера оласизми?

  Жавоб: Бу техник-муҳандислик ҳолатга сабаб омиллари бир нечта. Асосан 2 та йирик омил мавжуд.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, истеъмолчиларга етказиб берилмаган энергоресурслар ишлаб чиқаришда «йўқотилган фойда» ҳисобланади.

  Биринчиси, бу электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар, масалан, тармоқ симларига дарахт шохларининг тегиши (ёки электр ўтказувчанлик хоссасига эга бошқа предмедлар), қурилиш ишларида йўл қўйиладиган эҳтиёткорсизлик туфайли таъсирлар, мисол учун кучли шамол ва ёмғир таъсирида қисқа туташувлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, электр ускуна ва жиҳозларининг жисмонан эскириши туфайли (ўзининг эксплуатация муддатини ўтаб бўлиши) носоз ҳолга келиши ёки 200 та хонадонга мўлжалланган трансформаторларга 300–400 та хонадоннинг уланиши оқибатида, электр ускуналарининг ортиқча юкламада ишлаши туфайли келиб чиқадиган носозликларни мисол қилиб олиш мумкин.

  Ва, албатта, бу носозликлар бартараф этилаётган пайтда хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ тармоққа уланган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилиб турилади.

  Иккинчиси, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида тармоқдан жадвалли узишлар содир бўлиши мумкин.

  Бу жараён автоматик тарзда рўй бериб, тизимнинг кейинги барқарор фаолияти учун уни ҳимоялаш шарти билан рўй беради.

  Электр таъминотида мувозанатни сақлаш «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий диспетчерлари ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Миллий диспетчерлик маркази диспетчерлари томонидан амалга оширилади. Бу жараёнда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўзбекгидроэнергия» акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам фаол иштирок этишади.

 

  Савол: Нима учун диспетчер истеъмолчиларни тармоқдан узишга мажбур бўлади? Аниқроғи,  диспетчер электр таъминотини узмаса нима бўлади?

  Жавоб: Истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мувозанатнинг йўқолиши тизимга жиддий иқтисодий зарар ва узоқ муддатли ўчишларга сабаб бўладиган авария ҳолатларига олиб келади. Шунга кўра тизим диспетчеридан жуда қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.

Айнан шунинг учун, аксарият ҳолатларда, электр таъминотидаги узилишларни олдиндан билиш ва вақтини белгилаш, бу ҳақда истемолчиларни огоҳлантиришнинг имкони мавжуд эмас.

  Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда, масалан ёздаги жазирама ёки қишдаги совуқ об-ҳавода ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолади. Табиийки, бундай вазиятда қатор носозликлар, яъни йирик авариялар оқибатида кўпсонли  истеъмолчилар ёппасига тармоқдан автоматик тарзда ўчишининг олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбур бўлинади. Такрор айтамиз, диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади. Бундай носозлик ҳолатларининг иқтисодий зарарлари ҳам бирмунча катта маблағларга тенг эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

  Савол: Хўш, энерготизимда мувозанат сақлаш шунчалик муҳим иш экан, ушбу талабларга риоя қилинмаганда содир бўлган йирик аварияларга мисоллар борми? Истеъмолчиларга бунинг оқибатини тушунтиришда улар ҳақида мисол келтириш энг мақбул йўл эмасми?

 Жавоб: Тўғри фикр! Истеъмолчилар диспетчерлик хизмати электр таъминотига айрим чекловларни киритиш орқали қандай талафот ва кўнгилсизликларнинг олдини олишга интилаётганини тушунтиришнинг энг яхши усули шу. Мисол тариқасида дунё электр энергия тизимларида содир бўлган йирик авария ва уларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий, ҳам экологик зарарлари ҳақида бир нечта воқеа-ҳодисаларни баён қиламиз.

  2005 йил 25 май санаси, Москва...

  «Чагино» подстанциясидаги авария Россия тарихида 7 миллион аҳоли электр таъминотида узилишга сабаб бўлган энг катта талафот дея қайд этилган. Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги истеъмолчиларнинг қарийб 26 фоизи, Тула вилояти аҳоли ва саноат объектларининг 87 фоизи, Калуга вилоятларидаги истеъмолчиларнинг 22 фоизи электр таъминотисиз қолган. Рязань ва Смоленск вилоятларида ҳам электр таъминотида қисман узилишлар кузатилган.

 

  Москва шаҳрининг 11 минг 706 та бинога эга 5 та маъмурий тумани, шу билан бирга, 8 минг 814 та тураржой бинолари (кўпқаватли уйлар), 600 га яқин мактаб (эътибор беринг, мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари ўтказилаётган куни) ва мингдан ортиқ мактабгача таълим муассасалари электр таъминотисиз қолган. Бир сония ичида бирваракайига 33 мингта лифт тўхтаб қолган ва унинг ичида чорасиз қолган 3 мингдан зиёд киши қутқарув хизматига мурожаат қилган. Электр таъминотисиз 28 та тиббий муассасалар: учта йирик туғруқхона комплекслари, бир нечта қон қуйиш маркази, шошилинч жарроҳлик ва онкология шифохоналари, бундан ташқари доимий равишда музлаткичдан фойдаланадиган ўликхоналар (морглар) фаолиятида беқарорлик юзага келган. Шунингдек, иш фаолияти электр энергиясининг узлуксиз таъминотига боғлиқ бўлган ичимлик суви таъминотида ҳам (30 та насос станцияси) узилишлар кузатилган.

  «Чагино» подстанциясидаги авария туфайли метро поездлари тўхтаб қолган, натижада 20 мингга яқин йўловчи 43 та поезд туннелларда саросимада қолишган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор кучлари бир неча соат давомида йўловчиларни эвакуация қилиш билан шуғулланган. Тез тиббий хизматларга мавжуд кунлик талабдан бир неча маротаба кўп мурожаатлар қайд этилган. Бошқа метро линияларида тирбандликлар юзага келган. Курск, Павелетский, Киев, Рига ва Рязань темирйўлларида 37 та йўловчи, 125 та юк ва 700 та шаҳарорти ҳудудларга қатнайдиган поездлар тўхтаб қолган.

  Мобил алоқа, банкоматлар ишида узилишлар бўлган, интернетдан фойдаланиш, биржаларда савдо-сотиқ, саноат корхоналари фаолиятида том маънодаги тўхташ содир бўлган. Москва шаҳри ҳукумати етказилган зарарни 1 миллиард 708 миллион 400 минг рублга, электр таъминотисиз 25 майдан 30 майгача давом этган иш кунларини, яъни иш унумдорлиги пасайишидан кўрилган зарарни 3 миллиард рублга баҳолади. Москва вилояти 504 миллион рубль миқдорида зарар кўрган. Тула вилояти маъмурияти 436 миллион 800 минг рубль зарар миқдорини ҳисоблаган. Россия темир йўлларининг зарарлари тахминан 650 миллион рублга баҳоланган.

 

  Бошқа мисоллар...

  1977 йил 13 июль, Нью-Йорк...

  «Хелловен», яъни «қўрқув кечаси» байрами куни тармоқдаги йирик авария оқибатида 9 миллиондан зиёд аҳоли электр таъминотисиз қолди.

 

  1999 йил 6 июль, Нью-Йорк...

  200 мингдан зиёд Манхеттен аҳолиси 19 соат давомида электр энергиясидан маҳрум бўлишди. Иссиқ ҳаво туфайли электр жиҳозларининг тизимга ҳаддан зиёд уланиши натижасида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, йирик аварияни келтириб чиқарди.

 

  2006 йил 5 ноябрь, Ғарбий Европа...

  Европа ғарбида жойлашган қатор мамлакатларида миллионлаб одамлар электр энергиясидан бебаҳра қолишди. Энерготизимдаги фавқулодда ҳолат юз беришига Германияда совуқ об-ҳаво туфайли истеъмолнинг кескин ўсиши сабаб бўлган. Энерготизим тўлиқ ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида электр тармоқлари автоматик тарзда узишларни амалга оширди. Бу жараён нафақат Германия ва Францияга, балки Италия, Бельгия ва Испанияга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Авария туфайли нафақат аҳоли ва саноат корхоналари, балки Европадаги тезюрар темирйўл тизими ҳам маълум муддат иш фаолиятини тўхтатишга, вагонларда қолган йўловчилар хавфсизлиги билан шуғулланишга мажбур бўлишди.

 

  2009 йил 10 ноябрь, Бразилия...

  Тизимдаги йирик авария туфайли электр таъминотининг узилиши Бразилияда яшовчи 50 миллиондан ортиқ аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат иқтисоди ҳисоби охирига етказилмаган даражада зарар кўрди. Айнан шу йирик авария Уругвай энерготизимида ҳам беқарорлик вужудга келишига сабаб бўлди.

  2018 йил 25 март, Якутия, Россия Федерацияси...

  Баҳор ойининг дастлабки ойидаги совуқ кунларнинг бирида Якутск шаҳридаги 2-сонли электр станцияси фаолиятининг бир қисми фавқулодда тўхтатилди. Натижада Якутскнинг бир қисми ва Якутиянинг марказий ҳудудларида истиқомат қилувчи истеъмолчилар авария бартараф этилгунга қадар электр энергиясиз кун кечиришга мажбур бўлишди.

 

  2018 йил 3 июль, Озарбайжон...

  Ёз фаслининг дастлабки иссиқ кунларида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, мамлакат электр энергия тизимида йирик авария юз берди. Бунинг натижасида Озарбайжоннинг 39 та шаҳри ва вилоятларида электр таъминоти узоқ муддатга узилди.

  Бундай мисоллар кўп ва улар ҳар доим мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар оқибатлари билан қайд этилган.

Ўзбекистонда 2020 йил 20 ноябрь куни соат 15:48 да «Тўрақўрғон ИЭС»да умумий қуввати 610 МВт билан ишлаб турган (ўрнатилган қуввати 900 МВт) иккита: 1- ва 2-сонли буғ-газ қурилмалари фавқулодда ўчиш содир бўлди. Бу ҳолат, ўз навбатида, Марказий Осиё электр энергетика умумтизимининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, Қозоғистон ва Қирғизистон тизимларидан бир қанча истеъмолчилар тармоқдан узилишига сабаб бўлди. Марказий Осиё электр энергетика умумтизимининг Россия Федерацияси энергетика тизимидан бир муддат ажралишига таъсир кўрсатди. Марказий диспетчерлик маркази мутахассислари томонидан белгиланган хавфсизлик тезкор чоралари қўлланилиб, қўшни мамлакатдаги қувват оқимларини ошириш эвазига юқорида санаб ўтилган носозликларга ўхшаш йирик авариянинг олди олинди ва бу билан Ўзбекистон электр энергетика тармоғининг қимматбаҳо жиҳоз ва ускуналари кейинги барқарор фаолияти учун сақлаб қолинди.

 

  Савол: Хўш, Ўзбекистонда йирик авариялар содир бўлмаслиги учун электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёни истеъмолнинг ошиб боришига қараб ривожлантирилиб борилмоқдами?

  Жавоб: Тўғри савол. Бундай тизимли аварияларнинг олдини олиш учун электр энергия тизимини мунтазам равишда ривожлантириб бориш зарур. Чорак аср давомида электр тармоқлари деярли янгиланмаган, фақат жорий, кам ҳолатларда капитал таъмирланган. Негаки, бу жуда катта маблағлар талаб этадиган амалиёт бўлиб, электр энергиясининг таннархи бозор иқтисодиёти шароитида кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин эди. Охирги уч-тўрт йил ичида эса йирик инвестицион лойиҳалар орқали қурилиш-монтаж, модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилди ва истиқболдаги режаларга мувофиқ бу амалиётлар давом эттирилмоқда. Электр энергияси таннархи эса давлат субсидия ажратмалари ёрдамида мўътадиллаштирилиб борилмоқда.

 

  Истеъмолнинг ошиб бориш пойгасига ишлаб чиқариш етиб олишининг энг осон ва арзон йўли — истеъмол маданиятини шакллантириш орқали мамлакатда энергия самарадорлигини ва тежамкорлигини таъминлаш. Сўнгра тизимни муқобил энергия турлари билан бойитиб бориш ва энерготизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотларда янги технологияларни жорий этиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш, шунингдек технологик сарфларни камайтиришга эришиш лозим.

  Албатта, юқорида санаб ўтилган масалалар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ва муҳтарам Президентимизнинг тегишли қарорлари билан белгилаб берилган энергетика тизими учун истиқболли вазифалардир. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича бир нечта инвестицион лойиҳаларга старт берилган. Ўзбекистонда мавжуд гидроиншоотлар фаолиятидан ташқари қуёш панеллари ва шамол генераторларидан фойдаланувчи «яшил энергия»нинг илк лойиҳалари 2021 йилнинг охири ва 2022 йилнинг бошларида фойдаланишга топширилади. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг салмоғи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумҳажмининг 25%дан кам бўлмаслиги Ҳукумат қарорларида стратегик вазифа сифатида белгилаб берилган.

 

  Ҳозирча юртимизда ишлаб чиқарилаётган табиий газ миқдорининг бир қисми, аммо йирик салмоғи электр энергиясини ишлаб чиқаришга йўналтирилган ва ушбу қимматбаҳо ёқилғини етказиб беришда маълум тақчилликлар мавжуд. Бу эса, ўз-ўзидан маълумки, электр таъминотида ишлаб чиқариш ҳажми истеъмол талабини тўлиқ қондиришга етмаяпти.

  Бундан хулоса шуки, агар истеъмолчилар электр энергия тизимидаги барча ресурслардан оқилона фойдаланмаса ва бу орқали энерготизимда мувозанат таъминланмаса, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ташкилотларининг диспетчерлари ўз фаолиятидаги тартибга мувофиқ чекловлар ўрнатади. Агар бу мувозанат ҳудудий назоратчилар томонидан амалга оширилмаса, яъни маълум жадвалга асосан чекловлар ўрнатиш орқали мувозанат сақлай олинмаса ёки улар томонидан марказий диспетчерлик бошқаруви кўрсатмаларига амал қилинмаса, энерготизим хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан юқори кучланишли электр линиялари тармоқдан вақтинча узиб қўйилади. Аниқроғи, бундай амалиёт қўлланилишига мажбур бўлинади. Агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим балансини таъминласа (0,4 кВ, 6-10 кВ), марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулотда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди.

 

  Белгиланган чекловлар ҳудудий электр тармоқлари томонидан бажарилмаган тақдирда тизимдаги йирик аварияларнинг олдини олиш учун (35 кВ ва 110 кВ) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази томонидан катта ҳудудлар электр таъминотидан узиб қўйилади, аниқроғи бу ҳолат ҳимоя тизими ишга тушиши оқибатида автоматик тарзда бажарилади. Ушбу амалиёт ҳукумат томонидан тасдиқланган электр энергия хавфсизлиги қоидаларига биноан амалга оширилади. Натижада, йирик талафот келтириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда жиддий иқтисодий зарарларнинг олди олинади.

  Бир сўз билан айтганда, чеклов киритилиши, энергобалансни зудлик билан тиклаш ва тармоқга уланган истеъмолчиларни талабини қондириш учун қўшимча қувватларни ишга тушириш учун зарур бўладиган чораларининг бир қисмидир.

 

 

Батафсил маълумотлар: ДИСПЕТЧЕР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ УЗМАСА НИМА БЎЛАДИ? ёхуд тизимидаги йирик аварияларнинг асосий сабаблари (Эсо Садуллаев, техника фанлари номзоди): http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/177
 

  Савол: Демак, истеъмолчилар сифатли ва узлуксиз электр таъминотидан фойдаланишлари учун ундан самарали фойдаланишлари, ўз ўрнида беҳуда ишлатмасликлари, яъни тежаши керак экан-да?

  Жавоб:  Албатта! Истеъмолчиларнинг маълум тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор. Айнан шу нарса айрим истеъмолчилар томонидан унутиб қўйилмоқда...

Шу ўринда истеъмолчиларнинг тўлов маданиятида ҳам оқсоқликлар мавжуд. Ўзбекистон электр энергиясидан умумий қарздорлик 3,5 триллион сўмни ташкил қилмоқда, ундан аҳолининг қарздорлиги эса 2,4 триллион сўмдан зиёд.
Батафсил манба: Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлик миқдори 3,5 триллион сўмни ташкил қилмоқда. https://kun.uz/52970312 

  Тежамкорлик ва самарадорлик истеъмолчининг экотизимга кўрсатаётган саъи-ҳаракатидан ташқари ўзи учун иқтисодий манфаат эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Аммо беҳуда сарфланадиган энергия кони зарар: кеч тушгандан эрталабгача ҳовлидаги бир нечта чироқ ёниқ туради, кўп қаватли биноларнинг кириш қисмида ҳам нечта ёриткич бўлса, барчаси ёқилган туради. Фойдаланилмаган пайтларда ҳам телевизор, радио, компьютер, батарея қувватлагич ва бошқа электр жиҳозларини истеъмолга уланган ҳолда қолдирамиз.

 

  Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги аслида истеъмол маданиятининг юксак намуналаридан бири эканлиги қайта-қайта таъкиланади. Бу ҳақда таҳлилий мақолалар эълон қилинди, турли аудио ва видеомаҳсулотлар тақдим этилмоқда.

  Энергия тежами ва самараси, энг аввало, бино ва иншоотларни тўғри ва пухта қуришдан бошланади. Биргина мисол, нотўғри қурилган уйларни (офисларни) ёритиш, иситиш ёки совутиш йиллар давомида қурилишдан иқтисод қилинган маблағлардан ўн, юз, ҳатто минг маротаба кўп маблағ сарф этилишига олиб келади.

  Аммо энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги деганда фақат бемақсад ишлаб турган электр ускунасини тармоқдан узиб қўйишдек тор фикр тушунилмаслиги лозим. Физика қонуниятига кўра энергия бордан йўқ, йўқдан эса бор бўлмаганидек, уни фойдаланишга қулай, яъни истеъмолга яроқли қилиш ўзига хос харажат ва ҳаракат талаб этади. Ўз ўрнида ҳаракат ва харажат бирлигининг тежалиши, янаям аниқроғи энергоресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланишда бош омил — мантиқий ёндашув бўлмоғи лозим.

 

 

Қўшимча маълумот: ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ВА ТЕЖАМКОРЛИГИ МАСАЛАСИДА МАНТИҚИЙ ЁНДАШУВ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/352

 

  Ҳаракат ва ёруғликни илғовчи сенсорли мосламалар ўрнатилиши энергия тежамкорлигининг осон ва арзон усулидир. Қимматбаҳо энергоресурслардан мақсадли фойдаланиш нафақат хонадон ёки саноат корхоналарида, балки шаҳарсозлик лойиҳаларида ҳам ўз аксини топиши зарур. Айниқса ёритиш тизимида замонавий ускуна ва мосламалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунда мамлакатимизда шартли равишда мавсумий тарзда юзага келадиган энергия танқислиги муаммоларига маълум маънода ечим топиш мумкин бўлади. 

Қўшимча маълумот: ҲАРАКАТНИ ИЛҒОВЧИ МОСЛАМАЛАР — ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ВА ТЕЖАМКОРЛИГИ САРИ АРЗОН ВА ОСОН ЙЎЛ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/343

  Энергия тежамкор бўлмаган электр жиҳозларидан фойдаланиш ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланиш оқибатида иқтисодиётимизга зарар келтирамиз. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш, аниқроғи уни ўғирлаш орқали истеъмолни бошқариш ва назорат қилиш тизимидан ташқари қанча-қанча электр энергияси сарф қилинади. Натижада истеъмол асоссиз равишда ошади, қувват блоклари, магистрал ҳаво линиялари, трансформатор подстанциялари ва электр узатиш тармоқларининг ортиқча юкланиши кузатилади. Бу, ўз навбатида, тизимдаги аварияларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиши турган гап.

 

  Бундай исрофгарчилик, ортиқча ҳаражат ва меҳнатни камайтиришнинг ягона йўли шу — истеъмол маданияти даражасини юксалтириш, энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига боғлиқ амалиёт ва тушунчаларни кундалик ҳаётимизга олиб кириш. Бу ҳақда кўп ва хўп гапириш, жамоатчилик эътиборини тортиш, давлат томонидан тегишли қарор ва мажбуриятларни жорий этиш бугунги кун талабидир.

  Биздан атиги бир нарса — атроф-муҳит тозалигини сақлаш, ўз фарзандларимиз ва келажак авлодларимиз соғлиғини асраш, жамиятимиз равнақи ва жонажон юртимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган электр энергия сарфи, ундан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик маданиятини юксалтириш масалаларига онгли муносабатда бўлишимиз давр талабидир.

 

 

  Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

Бугун, 28 ноябрь куни АОКАда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов иштирокида "Электр энергетика тармоғи бўйича аҳоли мурожаатига жавоблар" мавзусида брифинг бўлиб ўтди: https://t.me/minenergy_uz/2444

 

 

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари маълум қилинди: https://kun.uz/48730591

 

 

Названы две основных причины отключения электричества в Узбекистане: https://kun.uz/ru/news/2020/11/28/nazvany-dve-osnovnyx-prichiny-otklyucheniya-elektrichestva-v-uzbekistane

 

 

National Electric Networks of Uzbekistan names two factors causing power outages in the country https://kun.uz/en/05944052

 

 

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари нимада? — мутасадди жавоб берди: http://xs.uz/uzkr/45372

 

 

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" матбуот котиби электр узилиши бўйича саволга жавоб берди: http://jahon.uz/index.php?newsid=6279

 

 

Янгиликлар 24 | «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти брифинги: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5197

 

 

Нотўғри қурилган уйлардаги электр энергия истеъмоли қурилишга сарфланган маблағдан минг маротаба кўп маблағ сарфланишига олиб келади:

http://xs.uz/uzkr/post/notogri-qurilgan-ujlardagi-elektr-energiya-istemoli-qurilishga-sarflangan-mablagdan-ming-marotaba-kop-mablag-sarflanishiga-olib-keladi

 

 

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари нимада? https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/11156

Нотўғри қурилган уйлардаги электр энергия истеъмоли қурилишга сарфланган маблағдан минг маротаба кўп маблағ сарфланишига олиб келади:

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/11157

Ўзбекистонда электр энергетика тармоғига масъул ташкилотлар ва уларнинг асосий вазифалари: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/11158

Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари маълум қилинди: https://teznews.uz/?p=64304?utm_source=@teznewsuz

 

 

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари нимада? http://darakchi.uz/uz/108494

 

 

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари айтилди: https://sputniknews-uz.com/society/20201129/15497023/Elektr-taminotidagi-uzilishlarning-asosiy-sabablari-aytildi.html

 

 

В Узбекистане выявили главные причины отключения электроэнергии https://rossaprimavera.ru/news/7dbc4719

 

 

Обнародованы две главные причины отключения электричества в Узбекистане — Nova24.uz https://nova24.uz/news/16871/

 

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>