Янгиликлар
uza.uz — Дадажон ИСАҚУЛОВ: “Ўзбекистон “Яшил” энергетика соҳасида Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи”
  • 28.08.2024
  • 63

Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз

Кейинги олти-етти йил орасида мамлакатимиз энергетика соҳасида салмоқли ишлар қилинди. Қатор қуёш, шамол, гидро ҳамда иссиқлик электр станциялари ишга туширилди ва ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайтирилди. 

Шу билан бирга, станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш бўйича юқори кучланишли электр тармоқлари, подстанциялар фаолияти ана шу талаблар асосида модернизация қилинди, янги тармоқлар тортилди.

Албатта, бу каби ишларни амалга оширишда ушбу тизим жамоасининг ҳиссаси беқиёсдир. Жорий йилнинг 24 август куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан иқтисодий соҳалар вакиллари қаторида бир гуруҳ энергетиклар ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ҳам Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Айни қувончли хабар бизни тажрибали энергетик Дадажон Исақулов билан  суҳбатлашишга ундади.

– Дадажон Айнақулович, сизни ушбу юксак мукофот билан ЎзА жамоаси номидан табриклаймиз. Соҳада улкан ишлар бажарилди. Бироқ бу билан мақсадга эришилди, деб бўлмайди. Ҳали тизимда қилинажак ишлар талайгина, шундай эмасми? 

– Табрик учун ташаккур! Бу биргина менга эмас, бутун жамоамизга берилган мукофот, деб биламан. Аслида бу орден, яъни юксак эътироф билан бирга, бир олам масъулият ҳам юклайди. Бошқача айтганда, бу Президентимиз, халқимиз томонидан билдирилган ишончдир. Ана шу ишончни оқлаш учун нафақат мен, балки бутун жамоамиз, қолаверса, мамлакатимиз барча энергетиклари янада самарали меҳнат қилишимиз керак.

Энергетика соҳаси ҳамиша олдинга ҳаракат қилади. Юртимизда энергетика барқарорлиги учун жуда кўп иш қилинди, қилинмоқда ва қилиниши керак. Ҳурматли юртбошимизнинг соҳани ривожлантириш учун катта эътибор бераётгани, кенг кўламли инвестиция лойиҳалари юзасидан имзолаган қарорлари, бераётган кўрсатмалари биз учун дастуриламал. Иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши, айниқса, йирик саноат корхоналари ҳамда кичик ва ўрта бизнеснинг ривожи – мамлакатимизда энергия ресурсларига, жумладан, электр энергиясига бўлган талабни кескин ошириб юборди. Бу кўрсаткичларга аҳолимиз сони ва турмуш даражаси ошиб бораётгани ҳам таъсир қилгани рост. Биргина электр энергетика тармоғида, хусусан, ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш тармоқларида улкан ишлар амалга оширилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишидаги ишларимиз Марказий Осиё давлатлари ичида етакчи, десам хато бўлмайди. Бунинг барчаси маблағ, вақт, билим-малака талаб этади, шу билан бирга, пухта лойиҳалаштириш ва режалаштириш, сифатли қурилиш ҳамда тўғри эксплуатация, инновацион технологияларни ўзлаштириш каби йўналишда доимий изланишга ундайди.

– Соҳа ҳақида сўз кетганда, аксарият ҳолларда ютуқлар санаб ўтилади. Бироқ ҳали ечилмаган муаммолар ва камчиликлар ҳам талайгина. Ана шу муаммолар ва камчиликлар ечимини нималарда кўрасиз?

 Иш бор жойда камчилик доим бўлади. Камчилик бор жойда, билингки, ижобий ўзгаришга интилиш, ҳаракат қилинмоқда. Ҳеч бир энергетика тизими фавқулодда йирик ёки кундалик майда техник-муҳандислик муаммолари бўлмаслигидан суғурталанмаган ва кафолатланмаган. Электр энергияси ишлаб чиқарилганданоқ истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг алоҳида тури ҳисобланади. Масала – ўша камчилик ва вақтинчалик муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, уларнинг сонини камайтириб боришга интилишда. Айнан бизнинг ташкилот истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри ишламайди, улар билан ҳисобдорлик юритмайди. Биз айни ишлаб чиқарувчилар ва тақсимловчи тармоқ корхоналари орасидаги ўрта бўғин ташкилотимиз. Асосий вазифамиз – электр таъминоти ишончлилигини ошириш, янги генерация қувватларидан қабул қилинган электр энергиясини ҳудудларга етказиб (узатиб) беришдир.

Мен нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ давлатлари, ҳатто дунёнинг илғор мамлакатлари энергетика тизимини ўрганиб бораман. Кўриб таҳлил қилганларимдан ташқарисини адабиётлардан, матбуот ва ижтимоий тармоқдан ўқиб бораман. Ҳозирда маълум маънода энергетика барқарорлигига эришган мамлакатларнинг аксарияти биз босиб ўтган йўлни ўтган. Тўғри, турлича муддат, турли иқтисодий ва иқлим шароитида.

Мустақиллигимизга 33 йил тўлган бўлса, сўнгги 8 йил ичида энергетика соҳасида жиддий лойиҳалар амалга оширилди. Бошқа йўналишлардаги ишлар ҳақида ҳаммамиз ўқиб-билиб, кўриб боряпмиз. Мен магистрал электр тармоқларини ривожлантириш бўйича бир маълумотни айта қолай. Юқори кучланишли электр тармоқларининг ўзида 2017 йилдан жорий йилгача 7000 мегавольт/ампердан зиёд қўшимча қувватлар яратилди. Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида бу кўрсаткич 700 мегавольт/ампердан ошмаган. Эътибор беринг, битта техник-муҳандислик кўрсаткичи бўйича 25 йилда амалга оширилган иш ҳажмидан ўтган 7-8 йилда 10 карра кўп иш бажарилган, яъни қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилган. Юртимизга электр тармоқлари кириб келгандан то 2016 йилгача юқори кучланишли подстанциялар сони 75 та бўлган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 89 тани ташкил этади. Янги, замонавий, рақамли дастурларда ишлайдиган подстанциялар сони ошиб бормоқда. Линияларимиз узунлиги қарийб 25-30 фоизга ошди. Аммо ҳали эскирган ускуна-жиҳозларимиз кўп. Улар босқичма-босқич янгиланиб, тармоққа янги энергетика объектлари қўшиб борилмоқда. Буларнинг барчаси истеъмолчилар, иқтисодиёт тармоқлари учун.

– Шу ўринда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган ишларга ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз. Улардан асосийси қайсилар?

– Узун ҳисобот бўлмаслиги учун амалга оширилган лойиҳалар номи ва самарасига қисқача тўхталиб ўтаман. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 364 километр узунликда 220 киловольт кучланишли Тахиатош-Хоразм-Саримой линияси қурилди ва “Саримой” подстанцияси ишга туширилди. “Хоразм” подстанцияси қуввати 150 мегавольт/амперга оширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний туманида “Беруний” подстанциясининг қуввати 125 мегавольт/амперга оширилиб, 2-босқичи ишга туширилди. Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида 58 километр узунликда 220 киловольт кучланишли электр тармоғи қурилди ва қуввати 250 мегавольт/ампер бўлган янги “Амир-Темур” подстанцияси ишга туширилди.

Худди шу каби ишлар Тошкент вилоятида ҳам амалга оширилди. Масалан,  узунлиги 46 километр бўлган 220 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғи қурилди ҳамда қуввати 400 мегавольт/ампер бўлган “Сирғали” подстанцияси ишга туширилди. Бу подстанция янги ишга туширилган саноат корхоналари ва Тошкент шаҳри ҳамда вилоятининг бир қисми истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилиги учун хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида узунлиги 28 километр бўлган 220 киловольт кучланишли электр тармоғи қурилиб, тўла қуввати 250 мегавольт/ампер бўлган “Сарой” подстанцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, 4800 мегаватт генерация қувватларини тармоққа улаш учун 188 километр узунликда электр узатиш тармоғи қурилди ва 4 та подстанция ишга туширилди ҳамда 5 та подстанция реконструкция қилинди. Шундан 2400 мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари генерацияси ҳисобланади.

Мисол учун, Акса-Тошкент, Бухоро, Одаш-Хоразм, "Acwa Power", Тутли, Кармана, Иштихон, Шеробод, Кўкбулоқ, Нишон, Қоровулбозор, Юқори Чирчиқ каби иссиқлик, қуёш, шамол электр станциялари лойиҳалари ишга туширилди. Барча ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳрида ҳам жами 22 та юқори кучланишли подстанция тўлиқ модернизация қилинди ҳамда подстанциялар қуввати, юқорида айтганимдек, 7040 мегавольт/амперга оширилди.

Яна бир муҳим кўрсаткич – Тожикистон билан параллель иш режимига ўтилди. Бунинг учун 64 километр узунликда 500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғи қурилиб, 4 та подстанцияда ҳимоя ва автоматика панеллари модернизация қилинди. Жиззах вилояти Фориш туманида қуввати 500 мегавольт/ампер бўлган “Зафаробод” подстанцияси қурилди.  Бу мамлакатимиз тарихида биринчи рақамли дастурлар асосида ишлайдиган замонавий подстанциядир. Шунингдек, Жиззах вилояти Зомин туманида қуввати 250 мегавольт/ампер бўлган “ДНС-2” деб номланган подстанция қурилди. Бу ишлар инвестиция ҳамда модернизация-реконструкция дастурлари асосида олиб борилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансидаги 89 та подстанция ҳамда 12 минг 250 километрдан ортиқ 220-500 киловольт кучланишли магистрал электр узатиш тармоқларида йилига 70-80 миллиард киловатт/соат электр энергияси тақсимловчи тармоқларга етказиб берилади. Асосий иш кўрсаткичимиз ҳам шу, яъни генерация жараёнида ҳосил бўлган электр энергиясини барқарор узатиш ҳамда электр энергиясининг халқаро транзит масаласига масъулмиз. Эксплуатация жараёни  кеча-ю кундуз, тўрт фаслда, турли об-ҳаво шароитида узлуксиз бажарилиши керак бўлган мураккаб жараёндир.

– Дадажон Айнақулович, бажарилган ва бажарилаётган иш жараёнидан бевосита меҳнат фаолиятингизга кўчсак. Сиз учун энергетика соҳасини танлаш қизиқишми ёки сулола танловими? Умуман, оилангиз, ота-онангиз, қизиқишларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ташкилотимизда Ёшлар иттифоқи етакчилари ўтказган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида шунақа саволларни кўп беришганди. Танловга келсак, бу сулолага боғлиқ эмас, аксинча, қизиқишдир.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилганман. 1985 йилда Тошкент политехника институтининг энергетика факультетини тамомладим. Кўп болали оилада, меҳнат қилиб катта бўлганмиз. Мактабда яхши ўқирдим. Ота-онам оддий қишлоқ хўжалиги ходимлари бўлган. Мактабни битираётган йилларим отамга ёрдам берганман ва шу йўналишга, “Сельхозтехника” деб аталган ташкилотга муҳандис бўлиб ишга кирганман. Ишхонамизга электриклар янги ускуна ўрнатаётганда ёрдамлашиб, сўнг уларнинг таклифи билан туман электр тармоқлари корхонасига ишга кирганман. Қаранг, муҳандисдан оддий электр монтёри бўлиб ўтганман. Орадан бир неча йил ўтиб, 27 ёшли йигитча Бўка тумани электр корхонасига раҳбар бўлганман. Сайлов бўлиб, ҳамкасбларим шунча тажрибали ходимлар турганда менга овоз беришган.

Хуллас, энергетика соҳасида оддий электр монтёрликдан “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтдим. Қисқа муддат “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи бўлиб ишладим. 2019 йилдан буён “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисиман. Ўз устимда кўп ишлайман, ҳануз ўқийман, ўрганаман. МДҲ давлатлари энергетиклари айрим масалаларни мен билан маслаҳатлашади. Шу билан бирга, кеча олийгоҳни тамомлаб келган ёш кадрдан бирор нима ўрганишдан уялмайман. Ҳаёт ўқиш-изланиш, тажриба орттиришдан иборат.

1996 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши электр тармоғи корхонаси” кўрик-танловида иштирок этган 199 та туман ичида мен раҳбарлик қилган Бўка тумани 1-ўринни олганини фахр билан эслайман. 2004 йилда “Чорвоқ” гидроэлектр станциясини “Тошкент” подстанцияси билан боғловчи 8,3 километр узунликдаги 220 киловольт кучланишли тармоқни ишга тушириш ташаббуси билан чиқиб, натижада ҳар йили сувни салт (самарасиз) чиқариб юборишнинг олдини олишга қўшган ҳиссамдан қувонаман. Иқтисодиётнинг мен дуч келмаган, ўрганмаган соҳа ёки йўналиши қолмаган ҳисоб. Юртимизнинг ҳар битта энергетика объекти билан яқиндан таниш бўлган энергетикман, десам муболаға бўлмас.

Оилалиман, 4 нафар фарзандим, бир этак невараларим бор. 2018 йил 2 ноябрь санасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Энергетика кенгаши томонидан «МДҲнинг хизмат кўрсатган энергетиги» юксак нишонига сазовор бўлдим. Жорий йилда Қозоғистон электр энергетика ассоциациясининг «Хизмат кўрсатган энергетик» кўкрак нишони билан тақдирландим. Президентимиз камтарано хизматларимни инобатга олиб давлат мукофотига муносиб кўрганидан хурсандман. Кўпчилик қатори халқимиз хизматидаман.

– Суҳбатимиз якунида ёшларга айтар сўзингиз, умуман, катта шодиёналар арафасида халқимизга қандай тилаклар билдиришни истайсиз?

– Ёшларга фақат илм олиш, билим-тажриба орттиришда доим чанқоқ бўлишни тилайман. Бизнинг ёшлигимизда ҳозиргидай шарт-шароит ва имкониятлар деярли йўқ эди. Кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ! Тақиллатилган эшик очилмай қолмайди. Турли тўсиқ ва қийинчиликлар инсонни пишитиб боради, мутахассисларни эса турли кутилмаган ҳолатлар тажрибали ходим бўлишига сабабчи бўлади. Ҳар бир ишда мувозанат бўлиши керак. Ортиқча ёки кам бўлган иш барибир ўз кучини кўрсатади.

Жамоамиз билан ўнлаб йирик лойиҳалар устида ишламоқдамиз. Мутахассислар билим савиясини ошириб боришга ҳаракат қиламан. Энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар яратилишида иштирок этган мутахассис сифатида бу борадаги таклиф ва ташаббусларни илгари суриб тураман.

Юртимиз тинч бўлсин, халқимиз омон бўлсин! Мамлакатимиз ривож топиб, шу тараққиёт йўлига билимини, вақтини, ҳаётини тиккан барча-барчанинг омадини берсин! Фурсатдан фойдаланиб барча ватандошларимизни Мустақилликнинг 33 йиллик шодиёнаси билан қутлайман!

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

 
Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>