Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида яшовчи Бекзод Каримов.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz»
Январь ўрталаридан бошланган аномал совуқни пойтахт аҳолиси қийинчилик билан енгиб ўтмоқда: электр ва газ таъминотида узилишлар кўпайиб кетган, иссиқ сув йўқ, қувурлаган музлаган, уйлар совуқ ва исиниш имконсиз. «Агар пойтахтда шундай аҳвол бўлса, вилоятларда нима ҳам бўларди?», — деб ҳайрон кўплаб тошкентликлар. Вилоятлар аҳолисидан ҳам Тошкент ҳалқа автомобиль йўлидан ташқарида бу каби вазият одатий аҳвол экани ҳақидаги гапларни эшитиш мумкин. «Газета.uz» ҳудудлар аҳолиси билан мулоқотда бўлиб, улар қишни қандай ўтказаётгани ва бу йилги қаҳратонлар аввалги йиллардагидан қанчалик фарқ қилаётгани ҳақида сўради.
Азамат М., Нукус ва Урганч
Ўзбекистоннинг ғарбида бу йилги қиш жуда қуруқ келди. Нукус ва Урганчда деярли қор ёққани йўқ. Нукусда беш қаватли бетон «дом»да тураман. Мен яшайдиган кичик туманда газ ва электр таъминоти нисбатан қониқарли. Ярим тундан то тонг соат 6:00 га қадар босим салкам нолга тушиб кетса-да, сувни ҳам ўчиришмаяпти. Светни эса кунига бир-икки соатга узишади, холос.
Нукусда деярли ҳамманинг уйида иситиш тизими индивидуал ва унинг ишлаши газ босимига боғлиқ, шу боис, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, уйларимиз жуда илиқ — 20 даража илиқдан юқорилиги аниқ, кўз тегиб қолмаса бўлгани. Аввалги йиллари аҳвол анча ёмонроқ эди. Баъзи танишларим газ босимининг пастлигидан нолияпти, лекин, умуман олганда, газ ва совуқдан шикоятлар кўп, деб айта олмайман. Фақат чироқ муаммороқ.
Мен ҳозир Урганчдаман, шаҳар марказидан ижарага хонадон олганман. Бу ердаги вазият Нукусдагидан ҳам яхшироқ: «свет», газ, сув ҳар доим яхши. Ўтган йили анча совуқ эди. Лекин бу вилоят марказларидаги аҳвол. Туманларда газ деярли йўқ, ҳамма кўмир ишлатади, бир хонада яшайди. Уларга «свет» кунига икки-уч соатга берилади. Бу қишлоқ учун одатий ҳол.
Энг катта муаммо — метан газ-заправкаларининг ёпилгани. 80-бензинга навбат жуда катта, 2−3 километргача чўзилиб кетган. Ҳатто Аи-91 ва янада сифатлироқ ёқилғига ҳам катта навбатлар юзага келмоқда. АЁҚШларда соатлаб, баъзан бир суткадан ортиқ қолиб кетяпмиз. Шу боисдан транспорт ҳам сезиларли камайган, одамлар «маршрутка»ларни узоқ кутишга мажбур бўляпти.
Лекин Нукусда янги тренд пайдо бўлди — одамлар оммавий тарзда бир-бирини бепул элтиб қўймоқда. Мен ҳам шундай қиляпман. Ҳатто шахсий транспортларга одамларни олиб, бепул элтиб қўя олишлари учун марказий бозорнинг автотураргоҳига киришга рухсат берилди. Авваллари бозор автотураргоҳига фақат рейсларда қатнайдиган «Дамас»лар, «ГАЗель»лар ва автобуслар кира оларди.
Қонликўл туманида яшовчи фуқаро, Қорақалпоғистон
Биз ҳовлида яшаймиз. Уйни газ билан, сувни «Аристон»да иситамиз. Электрни кунига икки-уч марта бир соатдан узишяпти. Газ бор, уй иссиқ, футболкада ухлаяпмиз. Лекин транспорт жуда қимматлади. Авваллари Қонликўлдан Нукусга таксида 20−30 минг сўмга етиб олса бўларди. Ҳозир нарх 100 минг сўмгача кўтарилиб кетди.
Хўжайли туманида яшовчи фуқаро, Қорақалпоғистон
Уйимиз газда иситилади, овқатни газ плитада пиширамиз. Газ таъминотида узилишлар йўқ. Уйда иссиқ кийинишга, овқатни тайёрлаш учун кўп вақт сарфлашга зарурат йўқ. Лекин бозорда кўп маҳсулотларнинг нархи ошган. Транспортда йўл ҳақи ҳам бироз кўтарилган.
Тўхтакўпир туманида яшовчи фуқаро, Қорақалпоғистон
Бизда ҳамма нарса газда: уйни иситиш ҳам, иссиқ сув ҳам, овқат тайёрлаш ҳам. Лекин газ босими аввалгидан анча паст. Ухлашга ётганда ҳам иссиқ кийинишга тўғри келяпти. Бизда электр узилаётгани йўқ. Йўл ҳақи эса ошган. Посёлкагача такси 2000 сўмга чиқди, авваллари 1500 сўм эди; Нукусгача эса 40 мингга олиб бориб қўйяпти, олдинлари 25−30 минг етиб олса бўларди.
Тахиатош туманида яшовчи фуқаро, Қорақалпоғистон
Биз ҳовлида яшаймиз. Уйни табиий газ билан иситамиз, сувни эса газ плитада қайнатамиз. Электр таъминоти барқарор, уйлар иссиқ. Одатда газ, «свет», сувни фақат таъмирлаш ишлари вақтида узишади. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ва йўл ҳақи бироз кўтарилди.
Гулноз Аминова, Бухоро
Биз ҳовлида яшаймиз. Электр билан боғлиқ муаммолар кўпдан бери бор. Одатда кечга томон кучланиш пасайиб кетади, шу боис кирларни ҳам тонгда ювиб оламиз. Лекин ҳозирги совуқларда кучланиш шу қадар пасайиб кетдики, кир ювиш машинаси ва музлатгич ишламай ҳам қолди. Энди озиқ-овқат маҳсулотларини ташқарида сақлаяпмиз, кирни эса қўлда ювяпман. Бир неча кун аввал ёруғлик диодли (LED) чироқлар ҳам ёнмай қолди.
Уйни газда иситамиз. Газ босими ўйнаб туради. Фақат ётоқхона ва ҳожатхонамиз иссиқ. Икки қаватдан кийиниб юрибмиз. Ошхонани иссиқ сақлаш учун газ плитасини ёқиб, горелкага ғишт қўйиб қўйганмиз. Овқат тайёрлаш мумкин, албатта, лекин, масалан, қовуриш учун газ босими пастлик қиляпти.
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилгани учун жамоат транспорти билан муаммолар юзага келди. Сешанба куни бозорга борганимда бирорта ҳам автобус кўрганим йўқ. Фақат такси қатнаяпти. Озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаган. Айтишларича, Тошкентдан товар келмай қўйибди. «Колхоз» бозорида сотувчилар йўқ, чунки уларнинг мева ва сабзавотлари музлаб қолган. Сотувчилар жуда кам. Машинасида ўтириб савдо қиладиганларгина қолган.
Исиниш пунктлари ҳақида ҳеч нарса эшитганим йўқ. Танишларнинг айтишича, қишлоқларда ҳозир умуман «свет» йўқ экан, ваҳоланки, қишда одатда ҳар икки соатда узишарди. Қишлоқдагилар уйларини кўмир билан иситади. Ўзим мунтазам Галаосиёга бориб тураман. У ерда газ йўқ.
Сурхондарё вилояти
«Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуротов Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи бир гуруҳ аҳоли билан суҳбатлашди. Уларнинг сўзларига кўра, ўзи шундоқ ҳам оғир бўлган турмуш шариотлари бу йилги қишда чидаб бўлмас аҳволга келган. Кўпчилик болаларини машинада иситаётганини ва норозилик тариқасида йўлни ёпмоқчи эканини таъкидлади.
79 ёшли Рўзи бобонинг айтишича, унинг оиласи бу қишдан қандай чиқамиз, деган ташвиш билан яшаяпти. «Ўтган оқшом кечаси билан музлаб, баданларим ҳўл бўлиб кетди. Кексалар менинг аҳволимни тушунади. Раҳбарлардан бизга газ ва „свет“ беришларини илтимос қиламиз», — деди нафақахўр.
Манзура Мадиева, Термиз тумани
Биз авваллари Термиз шаҳрида яшардик. 2017 йили уйимизни бузиб, янги уй қуриб олишимиз учун 70 млн сўм ажратишди. 2018 йили Термиз туманида беш хонали уй қурдик. Бу ердаги шароитлар ҳали ҳам яхши эмас — оддий одамлар тезда уй қуриб ололмайди. 23 ёшли ўғлим Термизга кўчиб кетган, чунки уй совуқ, у тоғаси — менинг укам билан уришиб қолганди.
Бешта хонадан фақат биттасини иситамиз. Ҳафтасига бир қоп кўмир кетади. Укам совуқ хонада уч-тўрт қават кўрпа остида, иссиқ кийиниб ухлайди. Қишни шундай ўтказяпмиз. Ҳаммомимиз ҳам исимайди, чўмилиш учун шаҳарга, пулли ҳаммомга бориб келамиз.
Биз тарафга ҳали етиб келмаган, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар эса ҳар қишда такрорланади. Мана, уч кундан бери «свет» ҳам йўқ. Маҳалла аҳли ҳокимликка жанжал қилиб боргач, беш дақиқа «свет» бўлади, кейин яна ўчади. Маҳалладошлар орасида ёши катталар ҳам, ёш болалари ҳам бор.
Кўмир ҳиди ва тутунидан бошим айланади, кўнглим айнийди. Ичимдан қоп-қора тутун чиқади, тутундан заҳарландим ҳам. Тез ёрдам чақиришга эса телефонимизда «заряд» йўқ.
Мен иккинчи гуруҳ ногирониман. Нафақам 700 минг сўм, лекин у ҳеч нарсага етмайди. Давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам йўқ. Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Жуда қийналиб кетдик. Қўшниларимиз билан бирга қанча мурожаат қилмайлик, фойдаси йўқ.
Зарнигор Мўминова, Термиз тумани
Қишни жуда ҳам ёмон кўраман, чунки совуқ билан бирга муаммолар ҳам бошланади. Менинг учта катта — 21, 19 ва 15 ёшли болаларим бор. Улар билан бирга бир хонада яшаймиз, уйни ўтин билан иситамиз. Турмуш ўртоғим Ўзбекистонда иш йўқлиги сабабли Россияга кетган. Ҳозир ҳар ой 250 доллардан пул жўнатадилар.
Газ баллон газини овқат қилиш учун ишлатамиз. Ҳар 10 кунда тахминан 18 минг сўмга газ баллонни тўлдирамиз. Уйимизда «свет» ҳам, газ ҳам умуман йўқ. Бундай яшашдан қийналиб кетдик. «Свет»ни 3−4 кунда 5−6 дақиқа беришади. Биз ҳам «свет»и ва гази бор уйларда яшашни орзу қиламиз.
Бекзод Каримов, Термиз тумани
Ҳозир уйда «свет» ҳам, газ ҳам йўқ. Қийналиб кетдик. Уч болам бор, бири 6 ёш, иккинчиси 4 ёш, учинчиси ҳали 8 ойлик гўдак. Катталари шамоллаган. Кичкинасини бешикдан чиқармаяпмиз ҳам, чиқарсак у ҳам шамоллаб қоляпти. Кеча фарзандларимдан бирининг туғилган куни эди, бу кунни ғҳам «свет»сиз, қоронғида ўтказишга мажбур бўлдик.
«Свет» бир кунда 30 марталаб ўчади. «Свет» келган вақтда уйни электр печкалар билан қизитиб оламиз. Кейин шу хонада ҳаммамиз қалин кийиниб, ўраниб ўтирамиз.
Ўтин печкамиз йўқ. Газ баллонда овқат қиламиз. Газ баллонлар ҳам вақтида келмайди. Ҳозир газ йўқлиги сабабли такси қилолмаяпман, машина ҳам уйда турибди. Нима қилайлик? Қандай яшашни, қаерга боришни ҳам билмай қолдик. Бизга «свет» беринглар!
Иброҳим Шомуродов, Термиз шаҳри
Мен Жарқўрғон туманида туғилганман. Ҳозир Термизда, Тиббиёт университетида ўқийман, ижарага уй олиб яшайман. Термиз шаҳрида электр энергия тез-тез ўчиб туради. Жарқўрғонда эса кунига икки соат «свет» беради, бошқа вақт умуман берилмайди. Қишлоғимизга ҳали газ етиб бормаган. Қишлоқдаги уйимизни ўтин билан иситамиз.
Келажакда «свет» ва газ муаммоси йўқ Европа давлатларига кетишни режалаштирганман.
2022 йилнинг декабрь ойи билан таққослаганда, Термиздаги газ-заправкаларидаги навбатлар сезиларли катталашган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуротов. Декабрь бошидаги совуқларда газ маълум бир белгиланган соатларда сотилаётганди. 10 январдан бошлаб эса фақат икки соат сотиладиган бўлди, кейинчалик эса газ-заправкалар тўлиқ ёпилди.
Ҳайдовчиларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, газ йўқлиги сабабли улар йўл ҳақини оширишга мажбур бўлмоқда. Шаҳарда аҳоли хизмат кўрсатиш учун етарлича автобус йўқ. Бир йўналишда автобусни кутиш 30 дақиқагача чўзилиб кетмоқда.
Термиздаги Online Taxi такси хизматидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, 10 январдан биринчи километр ҳақи 50 фоизга — 4 минг сўмдан 6 минг сўмга ошган. Кейинги ҳар бир километрнинг баҳоси эса 2 минг сўмгача ошган.
Совуқлар бошланиши билан Термиз шаҳридаги озиқ-овқат дўконларида нарх-наво ўртача 10−15 фоизга ошган. Озиқ-овқат дўконларидан бирининг эгаси Райҳоннинг сўзларига кўра, об-ҳаво логистикага ҳам таъсир кўрсатган.
«Муаммолар 10 январдан бошланди. Йўллар музлагани учун Тошкентдан маҳсулот келиши тўхтаб қолди, шу сабабли нархлар кўтарилмоқда. Кўплаб маҳсулотлар 10−15 фоизга қимматлаган. Биз қимматроқ сотиб олганимиз учун қимматроқ сотишга ҳам мажбур бўляпмиз. Йўл ҳақи ҳам икки-уч баробар ошган. Аввалари 5 минг сўмга етиб олиш мумкин бўлган жойга ҳозир 15−20 минг сўм сўрашяпти», — дейди тадбиркор аёл.
Бошқа бир дўкон сотувчиси Собир Азизовнинг айтишича, қаҳратон бошланиши билан айрим маҳсулотларнинг нархи икки баробар ошган.
«Оддий деҳқончилик маҳсулотлари — сабзи, пиёз, картошка кабилар қимматлади. 4 минг сўмлик пиёзни энди 8 минг сўмдан олиб, 9 минг сўмдан сотяпмиз. Кўпчилик ҳозир 10 литрлик сувларни кўп сотиб оляпти, чунки сув қувурлари музлаб қолгани учун хонадонларга сув келмай қолган», — деди Собир Азизов.
Новвойхона ишчиси Мирзо Қодировнинг таъкидлашича, унинг корхонасида газ муаммоси йўқ, аксинча, босим кўтарилган. У нонни дўконларга тарқатиш билан шуғулланади.
«Совуқ кунлар бошланганидан бери биз кеча-кундуз нон пишириб, савдо расталарига тарқатяпмиз. Ўзим ҳар куни 400 та олиб бориб бераман. Ноннинг донасини 4300 сўмдан топшираман. Савдо расталари эгалари, инсофига қараб, 5 минг сўмдан 6 минг сўмгача сотяпти», — деди у.
«Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуротов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сурхондарё филиалида ҳам бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди.
«Бу ерда озроқ совуқ экан. Уйдан ётган хонамни қизитиш учун электр иситгич олиб келтирдим», — дейди бемор Ҳумоюн. Бошқа бир қтаор беморлар ҳам шундай қилган.
Йигитнинг айтишича, у Сурхондарё вилоят Ёшлар ишлари бошқармасида ишлайди. У 10 январь куни касалхонага ётқизилган. Термиз туманининг Учқизил аҳоли пунктида уни машина уриб кетган.
«Йўллар музлаб қолган эди. Мен ишдан уйга қайтаётган эдим. Йўлдан ўтаётганимда мени „Кобальт“ уриб юборди. Ҳушимни йўқотдим ва мени Учқизилдаги тез ёрдамга олиб боришибди, у ердан эса республика тез ёрдамининг Сурхондарё филиалига олиб кетишган. Елка ва умуртқа суякларим синган экан».
Касалхона шифокори Искандар Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, совуқ кунлар бошланганидан буён шамоллаш аломатлари, шунингдек, сирпанчиқларда йиқилиш оқибатида қўл ва оёқ жароҳати билан мурожаат қилатёган беморлар сони кўпайган.
«Совуқ бошланишидан олдин кунига 20−30 киши мурожаат қилган бўлса, ҳозир 30−40 киши мурожаат қилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам кўпайган. 11 январь куни қўл ва оёқ синиши ва бошқа жароҳатлар билан 37 киши мурожаат қилди. Шу кунларда 4−5 шифокор навбатчиликда турибмиз. Қўлимиздан келганича жароҳатланганларга ёрдам беряпмиз», — деди Муҳаммадиев.
Унинг қўшимча қилишича, туман тез ёрдам бўлинмаларида жарроҳ мутахассислар етишмайди. Шу сабабли Ангор, Жарқўрғон, Бойсун, Олтинсой, Музработ ва Термиз туманидаги беморларни операция қилиш учун Термизга олиб келишга мажбур бўлинмоқда.
Жиззах шаҳрининг «Маданият» маҳалласида яшовчи фуқаро, Жиззах вилояти
Биз 16 хонадондан иборат икки қаватли уйда турамиз. Бизда марказий иситиш тизими йўқ. 2000 йилларда кимдир бизнинг қозонхонамизни хусусийлаштириб, қувурларни кесиб кетган. АГВ-қозонхона қўйишга қурби етганлар, ўзига қўйиб олган. Тўртта хонадон, жумладан, бизникида ҳам шундай қозонхона бор. Қолганлар уйини имконини қилганича иситяпти: кимдир кондиционер билан, кимдир эса битта хонага қамалиб, электр иситгич билан.
Қор бошлаши билан бизга берилаётган газ босимини шунчалик пасайиб кетдики, амалда йўқ бўлиб қолди, дейиш мумкин. Хонадондаги қувурлар совуқ, газ фақат АГВнинг ўзини иситишга етди, холос (хавфсизлик техникасига мувофиқ, у кўчага жойлаштирилган). Онам уй ичида қишки пальтосини кийиб юрибди, мен эса кийинган ҳолда, икки қават адёл тагида ётибман, чунки Янги йил арафасида оёғимни синдириб олгандим.
Кеча, газ босими бироз кўтарилмагунича, биз ҳатто овқат ҳам пиширолмай қолдик, йўқса газ АГВнинг ўзига етмай қолган бўларди. Электр плитада овқат пиширдик, унга қўйилган човгум 50 дақиқа деганда қайнади. Электрни ҳам кунига беш-олти марта ярим соат — бир соатга узиб туришди.
Квартирамизда сув билан боғлиқ муаммо бўлгани йўқ. Бироқ «дом»имиздаги кўпчиликнинг хонадонида қувурлар музлаб қолган. Улар ҳожатга қўшнилариникига чиқишга мажбур бўлди.
Озиқ-овқатни бизга дўстларимиз ва қариндошларимиз олиб келиб беришяпти. Онам 76 ёшда. Бундай сирпанчиқ, яхмалакларда у қандай ҳам юра оларди. Озиқ-овқатлар нархи ошганми-йўқми, билмадим. Лекин бизда газ билан боғлиқ вазият мана шундай ёмонлашганида ҳар сафар нон нархи ошади.
Газ билан боғлиқ ҳозиргисига ўхшаш ҳолатлар 2013 йилдан 2016 йилгача бўлган қишларда ҳам кузатилганди. Бошқа йилларда, бу йилги совуқларга қадар, қишни иссиқда ўтказганмиз. Энг тушунарсиз жойи шундаки, нега қўшни маҳаллаларда газ бору, бизда йўқ? Қариндошларимизнинг айтишича, уларнинг уйи иссиқмиш. Нега тақсимот бундай тушунарсиз?
Риштон туманидаги «Учариқ» маҳалласида яшовчи фуқаро, Фарғона вилояти
Аномал совуқ кўп ҳудудлар қатори бизнинг маҳаллага ҳам ўз таъсирини ўтказди. Масалан, тез-тез «свет» ўчиши одатга айланди. Олдин график бўйича кунига 8 соат ўчар эди, январдан бошлаб суткасига 16 соат «свет» берилмаяпти. Маҳалламиздаги хонадонларнинг 90 фоизи газга уланган. Ҳар йили узлуксиз бериларди, лекин 2023 йилдан газ босими жуда пасайиб кетди.
Бундан ташқари, биз тарафда бензин ва метан газ нархи ҳам ошган. Оқибатда ҳайдовчилар камайиб кетган. 2 минг сўмлик йўлга ҳозирда 3−4 минг сўм тўлаяпмиз.
Нархи ошган маҳсулотлардан пиёзни алоҳида айтишим мумкин: бир ой аввал унинг нархи 5−6 минг сўм эди, ҳозир бўлса 8−9 минг сўмдан сотилмоқда.
Манба: https://www.gazeta.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati