Хабарингиз бор, мамлакатимизда юқумли касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган тартибларнинг кучайтирилиши карантин даврининг қисқартириши ва тез кунларда одатий турмуш ва меҳнат фаолияти тарзига қайтишимиз учун хизмат қилаётганига кун сайин гувоҳ бўлиб бормоқдамиз.
Мамлакатимиздаги барча соҳа вакиллари қаторида энергетика соҳаси вакиллари ҳам пандемияга қарши курашишда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, халқимизга хос меҳр-мурувват, саҳоват каби хислатлар янада кўпроқ намоён бўлаётганини кузатишимиз мумкин.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ходимлари ихтиёрий равишда, иш ҳақларининг бир қисмини “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб берди. Жамият таркибидаги Бошқарув аппарати ва ҳудудуй тузилмаларда меҳнат фаолияти юритаётган кўпсонли ишчи-ходимларнинг аризаларига кўра бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниб, жами 197,61 млн сўм атрофида фонд ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Фондга йиғилган маблағлар дори-дармон, тиббий анжомлар, дезинфекция, шахсий гигиена воситалари ва коронавирусга қарши курашдаги бошқа чораларни молиялаштириш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш учун ишлатилиши ва бунда Акциядорлик жамиятимиз ходимларининг ҳам улуши борлиги бизни мамнун этади.
Маълумот ўрнида: «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди Ўзбекистон ҳукуматининг 1988 йил 28 ноябрдаги 444-сонли қарорига асосан 1989 йил февраль ойида бўлиб ўтган конференцияда таъсис этилган бўлиб, 2014 йил 21 ноябрида 389п-қайдномаси орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатига олинган.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati