Бу ҳақда АОКАда «Миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди:
✔️ 2022/2023 йил куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 15 августдаги 200-сонли буйруғи имзоланиб, 17 банддан иборат чора-тадбирлар режаси амалиётга татбиқ этилди. Режада кўзда тутилган жорий ва капитал таъмирлаш ишларнинг барчаси бажарилган.
2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида республиканинг максимал суткалик электр энергия истеъмоли жорий ўсиш суръатлари (охирги йилларда кузатилаётган суръатларда) сақланиб қолинса, 265-270 млн киловатт•соатни, тиғиз соатлардаги энерготизим ички максимал юкламаси 12 600-12 700 МВт (мегаватт) (ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўп) ташкил этиши кутилмоқда.
Мавсумда кунлик ўртача 18-20 млн киловатт•соат электр энергияси (Ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ имзоланган шартномалар асосида қўшни республикалардан) импортни амалга оширишни ҳисобга олсак, энерготизимда 250 млн киловатт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш зарур бўлади.
Энерготизимнинг кутилаётган тиғиз соатлардаги жами 13 000 МВт (мегаватт) (экспорт билан биргаликда) истеъмол қувватини қоплаш учун электр ишлаб чиқарувчи станциялар, электр энергияси импортини ҳисобга олган ҳолда, 12 300 МВт ишчи қувватни таъминлаши зарур бўлади.
Магистрал электр тармоқларини мавсумга тайёрлаш борасида тузилган чора-тадбирлар режасига асосан 10 та трансформатор, 66 та 110-500 кВли ўчиргич, 14 та компрессор қурилмаси ва 810,23 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди.
Шу билан бирга, 267 та трансформатор, 1520 та ўчиргич, 22 та ҳаво компрессори ҳамда 4307,6 км узунликдаги ҳаво электр узатиш тармоқлари даврий режага нисбатан жорий таъмирланди.
Модернизация дастури доирасида жорий йилда подстанциялар қувватини 1616 МВАга (мегавольтамперга) ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 8 та подстанцияда ишлар тўлиқ якунланди ва ўтказувчанлик қуввати 1116 МВАга (мегавольтамперга) оширилди.
Йил охирига қадар подстанцияларда ўтказувчанлик қуввати жами 1678 МВА (мегавольтамперга) оширилади.
Шунингдек, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар махсус автотранспорт, зарурий эҳтиёт қисмлар, шунингдек, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.
120 тонна трансформатор ва 540 килограмм компрессор мойи, 1000 килограмм техник пластина, 7 тонна турли русумли симлар, 46 дона металл таянчи, 26 дона темир-бетон таянчи, 15 дона турли қувватдаги трансформаторлари захираси яратилди.
Мавсум учун жами 314 та автотранспорт воситалари, шундан, 161 та махсус автотранспорт, 96 та юк автотранспорти, 59 та механизмлар шай ҳолатга келтирилган.
Магистрал электр тармоқларида 2022/2023 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича барча чоралар кўрилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати