ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Евроиттифоқ рус газисиз ўтадиган қишга қандай тайёрланмоқда?
  • 03.10.2022
  • 190

Европа газ омборлари 85 фоиздан кўпроққа тўлдирилган, аммо бу бутун қиш мавсумига етмаслиги мумкин. Бугунги кунда ЕИ мамлакатлари газ блокадаси шароитида қишни қандай ўтказиш, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида бош қотирмоқда.

Фото: Financial Times

Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэл Макрон қиммат нархларда энергия етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга тайёрланаётган француз бизнесларига хабар йўллади: буни қилманг.

Компаниялар ҳозирда таклиф қилинаётган «ақлга сиғмайдиган» нархлардан воз кечишлари керак, деди Франция президенти. У Европа ҳукуматлари нархларни ўртача даражага туширишга муваффақ бўлишини таъкидлади.

Франция шимолидаги заводда бинолар учун қопламалар ишлаб чиқарувчи Veta France компаниясининг бош директори Аймерик Ле Жемтел Макроннинг ишонч билан айтган гапларини қабул қила олмади. Veta France табиий газнинг юқори баҳосини қоплаш учун нархларни оширмоқда. Баъзи компаниялар ҳатто фойдасиз бўлиб қолган бир қанча буюртмаларни бекор қилишди. 

 

«Нархларни пасайтириш жуда қийин. Биз бу қишда ёпилишни хоҳламаймиз, лекин мен хавотирдаман», дейди Ле Жемтел.

Қиш ойлари яқинлашгани сари ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Россиядан газ импорт қилиш даражаси эса аввалгига қараганда бир неча баробарга қисқарган. Евроиттифоқ давлатлари энергетика вазирлари нархларни чеклаш учун маблағ тўплаш устида ишламоқда. Жума куни уй хўжаликлари ва корхоналарга янги солиқлар пакетини жорий қилиш масаласи муҳокама қилинади. 

Европа Иттифоқи давлатлари газ омборларини 85 фоиздан кўпроққа тўлдирган бўлса-да, бу бутун қиш мавсуми учун етмаслиги мумкин. 

 

Тахминан 15та аъзо давлат ЕИнинг энергетика масалалари бўйича комиссари Кадри Симсонга мактуб йўллаб, Иттифоқ миқёсида газнинг улгуржи нархлари чегарасини белгилашни талаб қилишган, чунки корхоналар табиий газ учун ўтган йилгига нисбатан беш баравар кўпроқ харажат қилишга мажбур бўлмоқда.

Таҳлилчилар чуқур ретсессия бўлиши муқаррар, дея огоҳлантиришмоқда. Deutsche Bank прогнозларига кўра, евроҳудудда реал ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 2023 йилнинг мос даврида 3 фоизгача қисқариши мумкин. Евронинг қадрсизланиши ҳам давом этади.

Италияда ўта ўнглар етакчилигидаги альянснинг сайловдаги ғалабасидан сўнг, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари яшаш харажатларининг ошиб бориши оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариши ва сайловчиларни экстремал партиялар томон яқинлаштириши мумкин бўлган белгиларни диққат билан кузатмоқда.

«Европадаги энергетика инқирози уй хўжаликларига ҳам таъсир қила бошлади, улгуржи нархларнинг ошиши компаниялар ишлаб чиқарган маҳсулотлар баҳосига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Иқтисодиёт учун харажатлар анча катта бўлади», дейди Bruegel таҳлил марказининг энергетика бўйича мутахассиси Симоне Таглиапиетра.

Ўнгчиларнинг таҳдиди

Европа Иттифоқи давлатлари ичида истеъмолчилар ва корхоналарни энергия нархининг ошишидан энг кўп ҳимоя қилаётган давлат бу – Франция. Шундай бўлса-да, ҳукуматдагиларнинг баъзилари қишда ижтимоий тартибсизликлар авж олишидан хавотирда. Франция ҳукуматининг агрессив саъй-ҳаракатлари билан мамлакатдаги инфляция даражаси евроҳудуддаги бошқа аъзо давлатларга нисбатан сезиларли даражада паст – 6,5 фоиз. Бу кўрсаткич Болтиқбўйи мамлакатларида 20-25 фоизгача етган.

Франция табиий газ импортига қаттиқ боғланмаган, электр энергиясининг катта қисмини давлатга тегишли атом электр станцияларидан олади. Бу ҳукуматга фуқароларини нархларнинг кўтарилишидан изоляция қила олиш имконини берди ва 2022 йилда табиий газ нархларини бир текисда ушлаб тура олди. Февраль ойида уй хўжаликлари ва кичик бизнесни ҳимоя қилиш учун кўрилган чоралар электр нархининг 4 фоизгача қимматлашишини чеклади.

Уруш бошланганидан кейин камбағал уй хўжаликлари учун 100 евролик чеклар, субсидиялар, бензин ва дизель учун чегирмалар каби қўшимча ёрдам кўрсатилди. Франция молия вазирлиги маълумотларига кўра, буларнинг барчаси учун 24 миллиард евро сарф қилинган.

Франция ҳукумати яқинда уй хўжаликлари ва кичик бизнес учун табиий газ ва электр энергияси нархларининг 15 фоизгача оширилишини чеклашни кўзда тутувчи ҳимоя чораларини эълон қилди. Ҳукуматнинг бу каби агрессив ёндашуви Миллий ассамблеяда мисли кўрилмаган, 89 ўринни қўлга киритган Ле Пеннинг ўта ўнгчи партияси таъсири ортишидан хавотирлар билан ҳам боғлиқ. Чунки сентябрь ойининг ўзида Париж, Канн ва Тулуза яқинида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

EDF (Électricité de France) ядро флотида кутилмаган узилишлар туфайли ҳукумат компанияларини энергия таъминотини чеклаш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Бассейн ва музейлар каби баъзи давлат хизматлари иш вақтини қисқартира бошлади.

«Инфляцияга қарши кураш ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий устувор вазифадир. Инфляция демократиялар учун заҳардир, буни тарих кўрсатди», деди Франция молия вазири Бруно Ле Мари.

Франциядаги компанияларнинг учдан икки қисми очиқ бозордан энергия сотиб олади, чунки улар ҳукумат томонидан белгиланган ва EDF томонидан тартибга солинадиган тарифга мос келмайди. Фақатгина ишчилари сони 10 тадан кам бўлган ва сотув миқдори 2 миллион евродан ошмайдиган компаниялар Франция ҳукумати жорий қилган энергия нархлари чегирмалари билан ҳимояланган.

Июль ойида CPME томонидан ўтказилган сўровномаларга кўра, Франциядаги 2400 бизнес эгаларининг 93 фоизи энергия нархининг кўтарилиши уларнинг товарлари нархини 10 фоиздан кўпроққа оширганини айтган. Уларнинг учдан бир қисми ўз мижозлари учун нархларни ошира олмаслигини билдиришган.

Қиш яқинлашмоқда

Bruegel таҳлил маркази мутахассиси Симоне Таглиапиетранинг таъкидлашича, норозилик намойишларига қарамай Европа Иттифоқи икки ёки уч ой олдингига қараганда анча яхши ҳолатда. Олиб борилган агрессив саъй-ҳаракатлар газ таъминоти бўйича Россияга қарамликдан узоқлашишга ва муқобил вариантлар, жумладан, АҚШдан суюлтирилган газ импорт қилиш бўйича келишувлар имзоланишига ёрдам берган. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россиядан келадиган газ қувури ўтган йилда Европа Иттифоқи газ импортининг 41 фоизини ташкил этган бўлса, бу рақамлар жорий йилда 9 фоизгача камайган. Аммо инқироз тугамайди, дея огоҳлантиради Таглиапиетра. 

Келгуси йилда Европанинг газ захиралари 2022 йилга қараганда ҳам анча кам бўлиши мумкин, чунки бу йилги захираларнинг катта қисми Россиядан импорт қилиш орқали шакллантирилди.

Евроҳудуднинг Россия газидан тўлиқ узилиши ҳақидаги хавотирлар жорий ҳафтада ниҳоятда кучайиб кетди. «Шимолий оқим» қувурининг ҳар икки тармоғида газ сизиб чиқа бошлади. Ушбу саботаж ҳам Европа энергетика инфратузилмасининг заифлигини кўрсатиб берди.

Иттифоқдош давлатлар қишда ҳам, ундан кейин ҳам газ ва электр энергиясига бўлган талабни биргаликда чеклаш бўйича ишларни мувофиқлаштиришлари керак. OECD ҳисоботига кўра, газ истеъмолини камайтириш бўйича етарли даражада амалга оширилмаган саъй-ҳаракатлар захираларни «хавфли» даражага тушириши мумкин, бу эса келгуси ойларда иқтисодиётга жиддий зарба беради.

Совуқ қиш етказиб бериш танқислигини янада ёмонлаштириши мумкин, бу эса глобал нархларнинг «анчайин юқори» бўлишига олиб келади.

Евроиттифоқ давлатлари ёзда газ истеъмолини мажбурий қисқартириш бўйича комиссия режаларини рад этиб, ихтиёрий ёндашувни танлади. Ҳукуматлар фуқаролар ва компанияларни энергия нархининг ошишидан ҳимоя қилиш учун ярим триллион евро сарфлади, аммо бу чораларнинг аксарияти юқори нархларнинг таъсирини яшириб, истеъмолни пасайтириш рағбатларини бузди.

Францияда ҳукумат компаниялар ва давлат сектори субъектлари олдига жорий қишда электр энергиясидан фойдаланишни ўтган йилга нисбатан 10 фоизга қисқартириш талабини қўйди. Ҳашаматли LVMH'дан тортиб Carrefour савдо марказигача бўлган компаниялар энергия тежаш режаларини эълон қилишди, Париж шаҳрида эса Эйфел минорасининг тунги чироқлари ҳам ўчирилди.

Шунингдек, Ecowatt деб номланган огоҳлантириш тизими каби бошқа ечимлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. У электр тизимидаги босимга қараб кунларни яшил, тўқ сариқ ёки қизил деб таснифлайди ва истеъмолчилар ва компанияларга талаб юқори бўлган пайтда истеъмолни чеклашни сўраб билдиришномалар юборади.

Нотекис таъсирлар

Еврокомиссиянинг навбатдаги йиғилишида энергияни тежаш режалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Комиссия аъзо давлатлар энергетика компаниялари фойдасидан жами 140 миллиард евро йиғиб,  пулларни нархларни пасайтиришга йўналтирмоқчи. Бироқ шов-шувга қарамай, янги чоралар энергия инқирозига кенг қамровли жавоб эмас, балки қисман йўл харитаси бўлади. 

Италия, Греция, Бельгия ва Малта каби давлатлар газ нархининг юқори чегарасини ўрнатишга интилмоқда, чунки бу иттифоқдаги нархлар ошишининг зарарли циклини қисқартириши мумкин. 

Франция расмийларининг таъкидлашича, кутилмаган солиқлар электр ва газ бозорларидаги чуқур тартибсизликларни бартараф эта олмайди. Энергетика бозорларининг чайқалиб кетишига йўл қўймаслик учун аралашувлар керак.

Малта атроф-муҳит, энергетика ва тадбиркорлик вазири Мириам Даллининг сўзларига кўра, у тўлов пакетини қўллаб-қувватласа-да, Европа Иттифоқининг энг кичик давлати ўз электр энергиясининг катта қисмини Италия орқали импорт қилиши ҳисобга олинса, бу Малтага ёрдам бермайди. «Биз бунинг коллегиаллигини тўлиқ тушунамиз - аъзо давлатлар бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак», дейди у.

Словакия бош вазири Эдуард Хегернинг огоҳлантиришича, мамлакатда энергетика билан боғлиқ вазият шу қадар оғирлашиб бормоқдаки, Брюссел яхшироқ жавоб чораларини кўрмаса, оғир саноат бир неча ҳафта ичида тўхтаб қолиши мумкин.

Словакия энергия харажатларини субсидиялаш учун ЯИМнинг бешдан бир қисмини, яъни 24 миллиард евро сарфлайди, аммо комиссия таклифи атиги 100 миллион еврони ташкил қилади. «Энг кўп зарар кўрган мамлакат, энг кам оладиган мамлакат бўлади», дейди у.

Расмий Брюссел чоршанба куни газ нархини чеклашга қандай эришиш мумкинлиги ҳақидаги таклифларни тақдим қилган, бироқ баъзи комиссия расмийлари бу ғоядан эҳтиёт бўлишмоқда. Агар белгиланган энг юқори даража жуда паст бўлса, бу етказиб берувчиларнинг Европа Иттифоқига газ сотишига тўсқинлик қилади, чунки бошқа жойларда яхшироқ ставкалар мавжуд. Бу, ўз навбатида, газ таъминотини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказади.

Энергия ресурслари учун катта харажатлар давлатларга об-ҳавонинг турличалиги ҳисобига нотекис таъсир кўрсатмоқда. Баъзи дипломатлар вазиятни енгиллаштириш учун қўшимча ёрдам ҳақида гапиришни бошлади, Словакия кутилмаган солиқларни аҳоли сонига қараб мамлакатлар ўртасида тенг тақсимлаш учун умумий фондга йўналтиришга чақирмоқда.

Францияда истеъмолчилар энг ёмон сценарий учун тайёрланмоқда. Марселнинг шимолидаги камбағал маҳаллада ишлайдиган ҳамшира Салиҳа Саделлининг айтишича, у уйига боришда бир нечта транспорт воситасидан фойдалангани учун бензин нархининг кўтарилишидан қаттиқ хавотирланмоқда. Ҳукуматнинг электр энергияси нархи ошишини чеклаш бўйича ҳаракатларига қарамай, унинг ҳисоб-китоблари ошиб бормоқда.

«Улар бизга уй хўжаликлари ҳимояланганлигини айтишди, лекин ҳисоб-китобларимиз қисқа вақт ичида ойига 200 евродан 350 еврога ошганини кўрганимда, албатта, мен хавотирланаман. Ўзимга, нима қилиш керак, деган саволни бераман. Ёз ойларида уйдаги кондиционерни ўчириб қўйишим мумкин - бу ҳашамат. Лекин иситиш бу ҳашамат эмас», дейди у.

Манба: https://kun.uz/18247114

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>