Избоскан туманидаги «Даминбойчек» ва «Оқ олтин» маҳаллалари ўртасида намунавий лойиҳа асосида 110 та уй қурилган. «Оқ олтин» маҳалласи ҳудудидаги ушбу хонадонларда асосан ёш оилалар яшайди. Аммо бу ерда стадион, болалар майдончаси, гузарча ва шунга ўхшаш инфратузилма объектлари йўқ.
Бир вақтлар собиқ туман архитекторига ушбу савол берилганда «лойиҳада кўрсатилмаган», деганди. Агар бу янги тураржойларда яшаётган ёш оилаларнинг аксариятида икки нафардан фарзанд улғаяётганини ҳисобга олсак, стадион ва болалар майдончаси сув ва ҳаводай зарур. Яна бунга шу атрофдаги иккита маҳалланинг болаларини ҳам қўшинг.
Энг қизиғи, мазкур ҳудуддаги уйлар оралиғидаги 1,5 гектардан зиёд юқори кучланишли электр тармоғи ўтган ерга кўз очиб юмгунча аҳоли томонидан уй-жой солиб юборилди. Аслида хавфсизлик нуқтаи назаридан бу мумкин эмас, ҳеч бир қонун-қоидага тўғри келмайди.
– Теварак-атрофдаги қишлоқлардаги намунавий уйларни кўриб, жуда ҳавасим келади, – дейди шу ҳудудда яшовчи тадбиркор Жаҳонгир Маҳкамов. – Қанийди, бўш ер бўлса, болаларимизга яйраб-яшнаб ўйнайдиган стадион қуриб берардик. Бизга ер ажратиб берилса, у ёғини ўзимиз эплардик.
Янада афсусланарлиси, 2017 йилда топширилган цемент-бетон қопламали ички йўллар чала-чулпа, битмасдан фойдаланишга топширилиши оқибатида йўллар ёрилиб кетмоқда. Одамларнинг мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатлари эса жавобсиз қолмоқда. Яна 2-3 йилдан кейин бу йўлнинг қандай аҳволга келишини эса тасаввур қилиш ҳам қийин.
Эҳтимол, туман мутасаддилари одамларнинг мушкулларини аритишар.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»
Манба: https://ishonch.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати