Фото: fb.com/khadamotimatbuot
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун ГЭСдан электр энергия экспорт қилиш бўйича меморандум имзолади. Йил охиригача энергия сотиб олиш ҳажми ва тарифлари бўйича шартнома тузиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун гидроэлектрстанцияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияни экспорт қилиш мақсадлари акс этган меморандумни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тожикистон томонининг маълум қилишича, ҳозирда Роғун ГЭСнинг барча агрегатларини босқичма-босқич ишга тушириш жараёни давом этмоқда.
Электр энергиясини етказиб бериш шартлари, режимлари, ҳажмлари ва тарифлари жорий йил охиригача имзоланиши режалаштирилган электр энергиясини харид қилиш бўйича алоҳида шартнома доирасида кўриб чиқилади.
Тахминан гап 10 йиллик муддат учун тузиладиган шартнома ҳақида кетаяпти, деб қайд этди вазирлик.
Роғун ГЭС ҳақида
Роғун ГЭС тўғонининг қурилиши 2016 йил октябр ойида Вахш дарёси бўйида жойлашган Роғун шаҳрида бошланганди. Маросимда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этган. 335 метр баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тош тўғон ҳисобланади.
Вахш дарёсидаги станциялар каскадида жойлашган Роғун ГЭС ҳар бири 600 МВт қувватга эга 6 та блокдан иборат. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард кВт/соатдан юқори) бўлган Роғун ГЭС минтақадаги энг йирик гидроэлектрстанция ҳисобланади.
Биринчи ГЭС агрегати Тожикистон президенти томонидан 2018 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган эди. Маросимда бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг юқори мартабали вакиллари иштирок этган. Биринчи блок ишга туширилгач, ГЭС мамлакат умумий энергетика тизимига уланди.
Иккинчи блок 2019 йил сентябрь ойида ишга туширилган. Мамлакат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимда президент Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон мамлакат раҳбарияти ўзгаришидан олдин Роғун ГЭСи қурилишига қарши бўлиб, сейсмиклиги юқори бўлган тоғли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган ва лойиҳани қайта кўриб чиқишга чақириб, кичик ва ўрта ГEСлар қурилишини афзал кўрган.
Манба: https://www.gazeta.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати