Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва аҳоли хонадонлари учун сотилаётган электр энергияси давлатга молиявий зарар келтирмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Дарё» нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Вазирлик расмийсининг айтишича, электр энергияси ишлаб чиқариш, уни сотишдан қимматга тушётгани бир қанча омилларга боғлиқ.
Фото: «Дарё»
Электр энергияси ишлаб чиқариш ва сотиш тарифлари ҳақида
Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий харажатлар миқдори билан амалдаги сотиш тарифлари ўртасида анча тафовут бор. Масалан, аҳоли хонадонлари учун бугунги кундаги мавжуд тариф 1 киловатт соат электр энергияси учун 295 сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш ва ташиш харажатларининг барчаси қўшилса, харажатларимиз ўрта ҳисобда 400 сўмдан ошади. Яъни ҳозирда аҳоли хонадонлари учун сотилаётган электр энергияси «Ҳудудий электр тармоқлари», «Миллий электр тармоқлари» ва станциялар учун фойда эмас, балки зарар келтирадиган бизнес тоифасига айланган. Энди мана шу 400 сўм деган рақам қанчалик ўринли? Бу тўғрими, нотўғрими? Буни камайтирса бўлармиди, деган жуда кўп баҳс-мунозаралар бор. ‘Давлат компанияларининг фаолияти самарасиз бўлгани учун давлат бюджетидан булар субсидия олишга ўрганиб қолган‘, деган эътирозлар ҳам йўқ эмас. Бу эътирозларнинг баъзилари ўринли. Ҳақиқатан ҳам операцион самарадорлик бўйича давлат компанияларида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Тарансформация жараёнлари амалга ошириляпти. Яъни давлат компаниясидан ҳақиқий бизнес компанияларига ўтиш даври бошлаб юборилган. Лекин яна бир нарсани унутмаслигимиз керакки, биз ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан бир қанча станцияларимизни янгилаб олганмиз. Уларнинг аксарияти ташқи манбалардан кредитларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилган. Мана шу кредитларнинг асосий қисмини қайтаришнинг вақти етиб келди. Бугунги кунда барча кредитларни қайтариш нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинса, бу рақам 400 сўмдан ҳам анча ошиб кетади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати ИЭСлар ёқадиган табиий газни харид қилиш нархлари шунчалик пастки, дунёнинг кўп мамлакатлари билан қиёсласак, энг паст нархлардан биттаси бизда. Бу нимага олиб келяпти: нефть-газ соҳасида ҳам маблағ тақчиллиги, янги конларни очиш ва ўзлаштиришда молиявий қийинчиликлар ва пировард натижада электр энергиясининг паст тарифлари нефть-газ соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Аслида давлатдан молиявий кўмак олиш эмас, давлатга солиқ ва дивидентлар тўланиши керак
Субсидия тушунчасини кўпчилик бироз нотўғри талқин қиляпти. Уйимда маълум миқдорда электр энергиясини ёқсам-у, шу ўртадаги тафовутни давлат компаниясига давлат бюджетига тўғридан-тўғри бериляптим ёки бўлмаса субсидиясиз бу компаниялар фаолият юрита олмайдими, деган саволлар кўплаб бериляпти.
Бу ерда субсидия бевосита ва билвосита бўлиши мумкин. Бевосита субсидия қандай бўлади? Бунда компанияларимизнинг инвестицион фаолиятларини амалга оширишлари учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.
Билвосита субсидия эса компанияларимизнинг айрим ҳолатларда давлат бужетига амалга ошириши керак бўлаётган тўловлари музлатилишидир. Биз вақтида тўловни амалга оширмаяпмиз. Аслида мазкур маблағлар давлат бюджетига тушиши керак эди. Бюджетга тушмади, компанияда қолдирилдими, бу ҳам субсидия.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, жалб қилинган кредитларни вақтида тўлаб берилмаган ҳолатларда давлат бюджетидан тўлаб бериляпти. Бу ҳам субсидия. Аслида бу компаниялар тўғри фаолият юритиб, маҳсулотини одил нархларда сотганда эди, давлатдан молиявий кўмак эмас, балки давлат бюджетига жуда катта солиқларни, дивидентларни тўловчи бўларди.
Тариф сиёсатидан нарх сиёсатига ўтиш нимани англатади?
Тариф сиёсати якуний истеъмолчилар учундир. Бу аҳоли хонадонлари учун сақланиб қолади. Электр станцияларимиз ишлаб чиқараётган электр энергиясини «Ҳудудий электр тармоқлари»га маълум бир тариф асосида сотади. Ҳар бир станция учун алоҳида тариф белгиланган. Лекин биз станцияларимиз ўртасида рақобатни ҳосил қилмоқчи бўлсак ҳамда инвесторлар томонидан хусусий станцияларни кўпроқ қурилишини хоҳласак, биз бу тизимдан воз кечишимиз керак. Тариф эмас, нарх. Қайси станция «Ҳудудий электр тармоқлари»га мақбул нархларда сота олса, мана шу станциялар кўпроқ ишлаб чиқарсин. Бунда биз нима ютамиз?
Биринчидан, рақобат бўлгандан кейин ҳар бир станция кўпроқ фойда олиш нуқтаи назаридан ўзининг харажатларини қисқартиришга ҳаракат қилади. Иккинчи томони, қандайдир паст тариф билан чегаралаб қўйилмаса, станция қанақа қилиб қўшимча инвестиция киритишга ёки ўзини қувватини оширишга интилади.
Хусусий инвесторлар мана шу бозорга кириб келса, янги станциялар қуриб бемалол давлат станциялари билан нарх нуқтаи назардан рақобатлаша олса, бозор тўйинади. Лекин станциялар учун айтилганидек, тариф сиёсати узоқ муддатга сақлаб қолинса, бу ҳам рақобатни чекланишига, ҳам хусусий секторнинг киришига тўсқинлик қилади.
Станциялар учун тариф сиёсати сақланиб қолган бозорларда инвесторларнинг кириши жуда ҳам қийин. Чунки уларда қўрқув бор. ‘Тарифларни давлат белгилайдику, давлатнинг станциялари бор. У ўз станциялари учун қулай тариф белгилаб, мен учун ноқулай тариф белгилаб берса, қандай қилиб рақобатлашаман? Мана шу тарифлар орқали менинг бизнесимни самарали ва фойдали бўлишига ким кафолат беради’, деган фикрлар бўлади. Яъни ишонч тўлиқ эмас. Ҳар қандай маҳсулот турида ҳам худди шундай. Бозорга келган одамлар учун нарх белгилаб берамиз, фақат шу нархда сотасан десак, ҳеч қайси маҳсулот турида қўшимча бозор иштирокчилари пайдо бўлмайди. У бозордан ҳамма қочади.
Аҳоли ва кичик бизнес учун тариф сиёсати сақлаб қолинади
Бир жиҳатдан аҳоли учун тариф сақланиб қолса, электр энергиясини ҳамма бир хил нархда сотса, истеъмолчи манфаати қаерда қолади, деган савол туғулади. Бир марта тарифни оширишингиз 10-15 йилга сақаланиб қолди деган тушунча йўқ. Тариф ошгандан кейин бозор тўйинса, рақобат пайдо бўлса, мана шу тарифдан чегирма берган ҳолда сотишга тайёрман, деган бозор иштирокчилари ҳам чиқади. Улар биз ўзимизнинг электр станцияда ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг таннархини туширишга эришдик. «Ҳудудий электр тармоқлари»га арзонроқ нархда сотишга тайёрман’, дейди. Яна бир муҳим масала, бозор регулятори деган янги орган тузилади.
Мана шу органнинг асосий вазифаси бозор иштирокчиларининг бирортаси меъёридан ортиқ фойда олмаслигини ҳам назорат қилиб туради. Ана энди меъёрдан ортиқ фойда ололмайдиган бўлса, тил бириктира олмайди ёки қоидаларни бузолмайди. Қоидалар доирасида олсин, харажатларини қисқартирсин ва фойдасини кўпайтирсин. Лекин қоидани бузмасин. Мана шу регулятор бошқа бозор иштирокичларига рухсат беради. Бозорда таклиф кўпаяди. Талаб ортиғи билан қондирилади ва хоҳлаган одам давлат томонидан белгиланган тарифдан арзонроқ сотиш ҳуқуқига эга бўлади. Ана ундан кейин ҳам бир хонадонга ўзининг электр энергиясини сотмоқчи бўлган хусусий компаниянинг эгаси келади. Тариф маълум бир миқдорда белгиланган бўлса, байрам кунлари сизга 20 фоиз чегирма бераман, дейди. Ёки электр энергиясига талаб пасайган пайтда 15 фоиз чегирма бераман дейди. Ёки 3 ойлигини олдиндан тўлаб қўйсангиз, 10 фоиз чегирма бераман дейди. Ҳар хил инструментларни ишлатишни бошлайди.
Натижада истеъмолчи учун бонуслар, моддий манфаат ошади. Иккинчидан, энг аҳамиятлиси, мижоз учун кураш бошлангандан кейин кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳам ортади. Чунки мижоз ҳамма бир хил нархда соца, кимнинг олдига боради? Энг яхши хизмат кўрсатган, энг хушмуомила, муаммони тез ечишга ҳаракат қиладиган таъминотчининг олдига боради. Аҳоли ва кичик бизнес субъектлари учун тариф сиёсатини сақлаб қолишимиз керак. Ҳудудлардаги ривожланиш темпларини сақлаб қолишимиз жуда муҳим. У ерда энерго ресурслар кўплиги учун арзон, бу ерда кам бўлгани учун қиммат, деган сиёсат бўлмаслиги керак.
Манба: https://daryo.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati