Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари берган қўшма баёнотга кўра, Ўзбекистонда энергоресурслар нархларини субсидиялаш амалиёти сақлаб қолинган ҳолда, ижтимоий истеъмол нормаси жорий этилади. Амалдаги тизимда истеъмолчининг тўлов қобилияти қанча юқори бўлса, унга шунча кўп субсидия тўланяпти. Маълум қилинишича, аҳолининг мутлақ катта қисми – 80-85 фоизи етказиб берилаётган электр энергияси ва табиий газнинг бор-йўғи 31-35 фоизини истеъмол қилмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича қўшма пресс-релиз эълон қилди.
Маълум қилинишича, талабни тўлиқ қондиришга эришиш мақсадида энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Яқин кунларда тегишли ҳужжат лойиҳаси муҳокамага чиқарилади.
Қўшма ахборотга кўра, ислоҳотларнинг ўтиш даврида эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилади. Энергоресурсларга ижтимоий норма киритилиб, нормадан ортиқ миқдорда ишлатилган энергия эркин бозор нархида сотилади.
“Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 61 млрд кВт соатдан 72 млрд кВт соатга ёки 1,2 баробарга ошди. Бунда аҳоли истеъмоли учун етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт соатдан 16 млрд кВт соатгача ёки 1,5 баробарга ўсди.
Шунга қарамасдан, етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобига 2021 йилда республика бўйича электр энергиясига қондирилмаган талаб ҳисоб-китобларга кўра 2-3 млрд кВт соатни ташкил этади”, – дейилади вазирликлар баёнотида.
Баёнотда энергетика ислоҳотини заруратга айлантираётган омиллар санаб ўтилган.
Табиий газ: талаб ва таъминот ошиши билан харажатлар ҳам ошмоқда
Қайд этилишича, иссиқлик электр станцияларидаги энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст (25-35%) ва замонавий буғ-газ ускуналарига (фойдали иш коэффициенти– 55-60%) қараганда 2 баравар кўп ёқилғи сарфлайди.
Шу билан бирга, сўнгги уч йилда:
► ИЭСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга;
► аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга етган.
Табиий газга ички бозорнинг талабини қондириш учун экспорт ҳажмлари кескин камайган. 2019 йилда табиий газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, жорий йилда 3,3 млрд куб метр ташкил этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, бу даврда табиий газнинг импорт ҳажми 0,2 млрд куб метрдан 4 млрд куб метргача ошган.
“Яъни республика истеъмолчиларининг йилдан йилга ошиб бораётган талаби бозорга эркин нархларда сотиб олинадиган табиий газ ҳажми оширилиши ҳисобига қопланмоқда.
Бунинг натижасида давлат бюджети ҳисобидан амалдаги субсидияланган (ёки ҳақиқий таннархидан арзонроқ) табиий газ тарифлари даражасини сақлаб туриш учун бевосита ва билвосита харажатлар ҳажми ҳам ошиб бормоқда”, – дейилади қўшма ахборотда.
Электр энергияси: трансформаторлар эскирган, уларнинг юкланганлик даражаси жуда юқори
Таъкидланишича, мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди.
Шунингдек, тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскиргани кўп сонли узилишлар ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.
“Бугунги кунда айрим ҳудудларда трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган 80 фоизли техник меъёрдан юқори. Республиканинг 101 та шаҳар ва туманида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган техник меъёрдан юқорилиги аҳолини ва янги инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб беролмаслик ҳамда ҳудудларда электр таъминотида авариялар сони ошиши хавфини келтириб чиқармоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси 95 фоиз, Андижон вилоятида 92 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз, Наманган вилоятида 84 фоизни ташкил этади”, – дея маълум қилинган вазирликлар изоҳида.
“Тўлов қобилияти юқорироқ хонадонлар бюджетдан кўпроқ субсидия олмоқда”
Баёнотда нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмагани ва асосий фондларнинг эскиргани соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келаётгани қайд этилган. Хусусан, 2021 йилни “Ўзтрансгаз” 2,5 трлн сўм, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган.
Таъкидланишича, бу давлат корхоналарининг зарарлари ва уларнинг молиявий мажбуриятлари пировардида давлат бюджети харажатларининг бевосита ва билвосита ошишига олиб келмоқда.
“Электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллайди (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ)”, – дейилади расмий ахборотда.
“Электр энергиясининг 1 кВт соатининг таннархи 800 сўм деб, бир ойда ўртача 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда.
Бошқача қилиб айтганда, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда.
Мисол учун, бир пайтнинг ўзида 2-3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни тўлов қобилияти юқори хонадонлар мос равишда кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар. Натижада ушбу хонадонлар кўпроқ шартли субсидия олмоқдалар.
Республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Бу хонадонларнинг 85 фоизи ёки 3,4 миллионта абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Шунингдек, электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
Мисол учун, бугунги кунда 1000 куб метр табиий газнинг таннархини 1,4 млн сўм деб олсак, ўртача бир ойда 500 куб метр газ ишлатадиган хонадон ойига 500 минг сўм, лекин 1000 куб метр газ ишлатадиган хонадон 2 баробар кўп ёки 1 млн сўм шартли субсидия олмоқда”, – дейилади хабарда.
Шартли субсидиялаш сақланиб қолади, тарифларга ижтимоий норма киритилади
Таъкидланишича, аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим.
2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.
Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади.
“Юқорида келтириб ўтилган энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур. Ваҳоланки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди. Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади.
Шундан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади. Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.
Албатта ислоҳотларнинг ушбу ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан пенсия ва болалари учун нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади”, – дейилади иқтисодиёт, молия ва энергетикага масъул вазирликлар қўшма ахборотида.
Маълум бўлишича, давлат томонидан энергия ресурслари нархларини шартли субсидиялаш амалиёти сақланиб қолади. Бироқ, шартли субсидияларни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий норма тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.
Изоҳланишича, энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда, бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.
“Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратади”, – дея таъкидланган пресс-релизда.
Қўшимча қилинишича, бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ҳамда барча фикр ва таклифлар ўрганиб чиқилади.
Манба: https://kun.uz/37644841
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati