ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ: электр таъминоти тизимининг барқарор фаолияти — тадбиркорликка оид ислоҳотларнинг таянчи
  • 19.08.2021
  • 417

  Жорий йилнинг биринчи яримйиллигида модернизация дастури асосида 7 та подстанцияда юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилиб, қўшимча қувватлар яратилди, деб маълум қилди «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати.

  2021 йил биринчи яримйиллик якунларига кўра мамлакатимизнинг магистрал электр тармоқлари орқали 31,6 миллиард кВ•соат электр энергияси транспортировка қилиниб, режа 108,1 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсатгичи 25,9 миллиард кВ•соатга нисбатан 122,1 фоизни ташкил этди.

  Инвестиция дастури доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 54,04 млн. долл. маблағлар ўзлаштирилиб, режа 130,6 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсаткичига нисбатан 130,7 фоизни ташкил этади.

  Модернизация дастури асосида 7 та подстанцияда юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу мавжуд умумий қувват кўрсаткичларига олти ой ичида яна 631 МВА қувват қўшилди, дегани. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсаткичи — 422 МВАга нисбатан 149 фоизни ташкил этди.

  Таққослаш учун: Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг истеъмол қуввати 250–300 МВА атрофида бўлса, мамлакатимиздаги энг йирик истеъмолчи — Навоий вилоятининг истеъмол қуввати (йирик саноат корхоналари ҳисобига) 1100–1200 МВАни ташкил этади.

  Шунингдек, жорий йилнинг биринчи яримйиллик режасига мувофиқ кенг кўламли мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мисол учун, куч трансформаторлари бўйича режа 175 фоизга, 110-500 кВ кучланишли ўчиргичлар бўйича режа 110 фоизга, ҳаво компрессорлари бўйича режа 127,3 фоизга, ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш режаси 112 фоизга бажарилди.

  Бу рақамлар юқори кучланишли подстанция ва тармоқларда бирорта муаммо ва камчиликлар қолмади, дегани эмас, албатта. Йилдан-йилга, мавсумдан-мавсумга ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун ҳали кўплаб электр қурилма ва жиҳозлар янгиланиши, муҳими — тўғри эксплуатация этилиши, замонавий, ихчам, рақамли технологиялар асосида ишлайдиганларига алмаштирилиши лозим.

  Қарийб чорак аср давомида деярли янгиланмаган юқори кучланишли электр ускуналари охирги 4-5 йилда, инвестицион лойиҳалар доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан янгиланиб, янги-янги электр объектлари қурилмоқда. Аммо булар ҳали ривожланаётган Янги Ўзбекистон учун етарли эмас...

 Демакки, галдаги вазифалар — жадал суръатларда сифатли иш кўламларини бажариш, бу орқали аҳолини электр таъминотидан рози қилиб, йирик саноат корхоналаридан тортиб ўрта ва кичик бизнес вакиллари ривожи учун ишончли таъминот яратилиши лозим.

ЎзА

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>