Янгиликлар
“Зарчоб-1” кичик ГЭСи ишга тушди
  • 05.04.2021
  • 465

  Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида барпо этилган “Зарчоб-1” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди.

  Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, энергетиклар, хорижлик мутахассислар, “Зарчоб-1 кичик ГЭС”и ишчи-ходимлари иштирок этди.

  “Гидропроект” акциядорлик жамияти лойиҳалаштирган мазкур гидроэлектр станцияси учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг “Dongfang Electric International Corporation” компанияси томонидан етказиб берилган. Бу ерга ўрнатилган иккита гидроагрегатнинг қуввати 37,4 МВтни ташкил этади.

  Жорий йилда ГЭСда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, автоматик тизим бошқарувини марказлашган бошқармадан бошқариш, созлаш ишлари синов-тажрибадан муваффақиятли ўтказилди. Бу жараёнда Тўполанг дарёсидан сув олиб ўтувчи “Зарчоб-1” кичик ГЭСга келувчи 480 метр узунликдаги туннел ва 1 минг 300 метр узунликдаги каналда сув ҳайдалиб, синаб кўрилди.

  Янги ГЭСнинг асбоб-ускуна ва гидроагрегатлари хитойлик ҳамда маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида монтаж қилинган.

  Шу куни янги кичик ГЭС билан бир вақтда “Зарчоб” подстанцияси ҳам фойдаланишга топширилди. Бу подстанция ақлли ва замонавий технологик қурилмалар билан жиҳозланган. У Зарчоб-1, Зарчоб-2, Тўполанг, Гульча ҳамда Регар подстанцияларини ягона энерготизимга бирлаштиради.

  Янги кичик ГЭС ва замонавий подстанциянинг ишга туширилиши жанубдаги воҳада электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг бир қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>