Янгиликлар
Президент вазирдан йил охиригача электр энергияси ва газ бўйича қандай ўзгаришлар бўлиши борасида сўради
  • 25.03.2021
  • 422

2021 йилда электр тармоқларига умумий ҳисобда 430 млн доллар пул ажратилади. Ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион, электр таъминотини яхшилашга 2,1 триллион сўм берилади.

Энергетика вазири Алишер Султонов / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича видеоселектор йиғилишида бу йил узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган электр ва газ тармоқларидаги муаммолар ечими бўйича жуда катта маблағ ажратилганини маълум қилди.

Йиғилишда Энергетика вазири Алишер Султонов амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берган.

«25 йил давомида, яъни 2016 йилгача 9300 км электр тармоқлари тортилган, 4800 та трансформатор ўрнатилган. Охирги 4 йилда 25 минг км тармоқ тортилган, 8900 та янги трансформатор ўрнатилган. Лекин барибир модернизацияни янада жадаллаштиришимиз керак.

Энди маҳаллаларда янги трансформатор ўрнатадиган бўлсак, уни топшириш жараёнида маҳалла раислари ҳам иштирок этади ва маълум масъулиятни зиммасига олади. Жорий йилда 5377 та маҳаллада 15 минг километрдан ортиқ тармоқ тортилади ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар ўрнатилади. Шу йилнинг ўзида электр тармоқларига умумий ҳисобда 430 млн доллар пул ажратилади ва бундай маблағ соҳага тарихда берилмаган. Шунингдек, 1 млрд долларлик ДХШ асосидаги инвестиция кириб келяпти», деган вазир.

Президент вазирга йил якунигача электр энергияси ва газ бўйича қандай ўзгаришлар бўлиши борасида савол берган. Алишер Султонов бунга жавобан қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизимни ҳам тикланишини маълум қилган.

«Олдингидек куз ёки қиш деган мавсумлар бўлмаяпти. Чунки ёз ойларида ҳам ишлатилаётган совитиш тизими ҳисобига иссиқ даврда ҳам «пик» бўляпти. Ажратилаётган маблағлар ҳисобига бу йилдан бошлаб зарур талабни қондира оладиган бўламиз. Бунинг учун қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизимни ҳам тиклаяпмиз.

Газ бўйича 678 та маҳалла газ таъминоти яхшиланади. Умуман, таъминотни яхшилаш учун 400 млрд сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, магистралларни таъмирлашнинг ўзига шу йилда 617 млн доллар йўналтирилади. Бу шимолдан марказга газ етказишни осонлаштиради, водий таъминоти яхшиланади.

455 км қувур тортишимиз керак. Бу қувурларнинг айримлари 1958 йилда тортилган, уларнинг қалинлиги 12 мм бўлиши керак бўлса, 1,5-2 мм.га қадар юпқалашиб қолган. Босимни оширамиз десак ёрилиб кетади», деди вазир.

Президент мавзу юзасидан шундай қўшимча қилди: «Кўпчилик ўйлаши мумкин, нега шу ишлар 4 йил аввал қилинмаган деб. Буни ўша пайт қила олмасдик, чунки газ, электр тизимининг ҳисоб-китоби йўқ эди. Ҳозирги электрон ҳисоблаш тизимини йўлга қўйганимиз ҳисобига барчасини йўлга қўйиб олдик. Ўша 455 км қувурни алмаштирамиз, бунда ҳам инвесторларни жалб қиламиз. Бу масала ҳам жуда муҳим. Свет, гази бўлмаса қандай қилиб «Обод маҳалла» ёки «Обод қишлоқ» бўлиши мумкин?»

Йиғилишда ижтимоий-иқтисодий аҳволи энг оғир 325 та қишлоқ ва 71 та шаҳар маҳаллаларини комплекс ривожлантириш, уларга ичимлик суви, электр тармоқлари, ички йўллар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари учун 3,3 триллион сўм ажратилиши маълум қилинган.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳаллада 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм берилади. 1 триллион сўм эвазига 4 минг километрдан ортиқ сув тармоқлари тортилиб, 500 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида, 5 минг 377 та (60 фоиз) маҳаллада 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Бу ишларга қарийб 2,1 триллион сўм йўналтирилади..

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга «қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг 21 та тумани, 60 та қишлоғида 485 миллиард сўмлик (46 миллион долларлик) лойиҳалар бошланади.

«Биргина Боғдод туманида барча дастурлар доирасида 92 миллиард сўмлик ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Дастурлар доирасидаги лойиҳаларга жойлардаги тадбиркорлар, аҳолини фаол жалб қилиш ва ҳудудлар иштирокини кенгайтириш лозим.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги шароити оғир бўлган барча маҳаллаларда «Обод маҳалла» дастурини амалга ошириб, аҳолининг тўлиқ бандлигини таъминлаш лозим.

Тошкент шаҳридаги 4та сектор раҳбарларининг ҳар бири 100 нафардан одамни жалб қилиб, энг оғир маҳаллалардаги боғча, мактаб ва шифохоналарнинг муаммоларини жорий йил 1 ноябрга қадар тўлиқ ҳал қилиб чиқиб кетади.

Раматов, Қўчқоров вилоят ҳокимлари билан бирга, дастурга киритилган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини яна бир бор ҳисоб-китоб қилиб, харажатларни камида 20-30 фоизга қисқартириш бўйича қайта кўриб чиқиши зарур», деган давлат раҳбари.

 

 

 

https://kun.uz/02689452

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>