Янгиликлар
Тезкор хабар ССВ: 1-апрелдан оммавий тадбирлар ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилади
  • 24.03.2021
  • 472

  Маълумки, юртимизда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашган даврда қатор йўналишларда карантин чекловлари юмшатилган эди. Бироқ айни пайтга келиб, касалликка чалинганлар сонининг ошиши ҳисобига аҳоли гавжум бўладиган тадбирларни бироз чеклашни шароит тақозо қилмоқда.

  Қатор соҳа мутахассислари ва етакчи олимларнинг таклифларини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортганлиги муносабати билан мамлакатимизда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишини олдини олиш мақсадида қуйидаги таклифларни маъқуллади:

  Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

  - тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш;

  театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда:

  -  томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда (маскада) бўлишларини таъминлаш;

  - томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик;

  - томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;

  - томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана харорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана харорати кўтарилган шахсларни дастурга кўймаслик;

  - томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно);

  - томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга “Факат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг” ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликга чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб колишининг олдини олиш чораларини кўриш;

  - томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг кириш қисмида томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланди.

  Томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

❗️Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан айрим хорижий  мамлакатларда бугунги кунда кузатилаётган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ кескин эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда шу каби ҳолатларни қайтарилмаслиги ҳамда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг фаолиятини тизимли ташкил этиш учун шахсий масъулиятни оширишни сўраб қолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

ЖССТ маълумотларига кўра, охирги сутка давомида дунёда COVID-19 дан 7 минг нафардан ортиқ бемор вафот этди

  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 123 миллион 419 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда, шундан 2 миллион 719 минг нафардан зиёд киши вафот этган (23.03.2021 йил Европа вақти билан соат 15:52 ҳолатига кўра). Охирги сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг 393 531 янги ҳолати аниқланди, 7 151 нафар бемор вафот этди.

  Жонс Хопкинс университетининг ҳозирги (24.03.2021 йил Тошкент вақти билан соат 09:23 ҳолати) маълумотларига кўра, дунёда касалликни 124 миллион 153 минг нафардан ортиқ одам юқтирган, улардан 2 миллион 734 минг нафардан ортиғи вафот этган.

  Касаллик тасдиқланган ҳолатлар бўйича АҚШ биринчи ўринда турибди, у ерда ЖССТ маълумотларига кўра 29,537 миллион нафардан ортиқ коронавирус инфекциясини юқтирганлар аниқланган. Иккинчи ўринда Бразилия (11,998 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Ҳиндистон (11,686 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Россия (4,474 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Буюк Британия (4,301 миллиондан ортиқ).

  ЖССТ маълумотларига кўра, бир сутка давомида АҚШда 39 165, Бразилияда 47 774, Ҳиндистонда 40 715, Россияда 8 457, Буюк Британияда эса 5 342 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

@ssvuz
@ssvmatbuotkotibi

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>