Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи
  • 20.03.2021
  • 511

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Қадрли дўстлар!

Сиз, азизларни, сизлар орқали кўп миллатли халқимизни шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Нуроний отахон ва онахонларимизга, ҳурматли ака-ука, мунис опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимиз, суюкли фарзандларимизга, хориждаги ватандошларимизга – бутун эл-юртимизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутадиган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

 

Ҳурматли юртдошлар!

Ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта тантана қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик. Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларни халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб эзгу ният қилган эдик.

Бугун ана шу орзу ва интилишларимиз рўёбга чиқмоқда. Гўзал ва жонажон юртимизда яна шодиёналар, яна қувончли кунлар бошланмоқда.

Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, бутун дунёда коронавирус балоси ҳали тўла бартараф этилгани йўқ. Афсуски, у биз билан бирга, ёнимизда яшамоқда.

Халқимиз соғлиғини асраш йўлида қандай саъй-ҳаракатлар ва катта амалий ишлар қилганимиз барчангизга яхши маълум. Энди шунча меҳнатимиз, кўрган чора-тадбирларимиз бекорга кетмаслиги учун пандемияга қарши курашни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслигимиз лозим. Ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилишимиз, бепарволик ва беғамликка берилмаслигимиз шарт. Доимо ҳушёр ва масъулиятли бўлиб яшашимиз,  тўплаган тажрибамизга таяниб, албатта, эҳтиёткорлик билан тизимли иш олиб боришимиз зарур.

Шундагина меҳнаткаш халқимиз билан эзгу мақсадларимиз ва катта режаларимизни янги куч, янги ғайрат билан давом эттира оламиз.

Бугун сизларнинг нурли чеҳрангизни кўриб, халқимиз ҳам худди гўзал баҳор фаслидек куч ва қудратга тўлиб бораётганига яна бир бор амин бўлдим.

Кўклам нафаси юртимиз узра кезаётган мана шундай тароватли кунларга соғ-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Азиз ватандошлар!

Пандемия бошланган биринчи кунларда мен халқимизга мурожаат қилиб, бу синовдан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқамиз, деб ишонч билдирган эдим.

Чиндан ҳам, бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда; бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда; бизнинг ютуғимиз эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда.

Бу адолатли ҳақиқатни бошимиздан кечирган синовли кунлар яна бир бор исботлади.

Мана шу машаққатли давр бизнинг бир-биримизга нақадар боғлиқ ва керак эканимизни яққол кўрсатди. Шунингдек, бир-биримизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшашимиз ҳаётий зарурат эканини тўла намоён этди. Биз фақат биргаликда, ҳамжиҳатликда буюк ишларга қодир эканимизни пандемия синовлари яна бир карра тасдиқлаб берди, десам, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласизлар.

Албатта, коронавирус туфайли дунёда кўп нарса ўзгармоқда. Лекин халқимизнинг она табиатга, муқаддас заминга муҳаббати, азалий қадриятларга эҳтиром ва садоқати асло ўзгаргани йўқ. Аксинча, бундай олижаноб хислатларимиз янада зиёда бўлмоқда, сайқал топмоқда.

Шу боис ҳам азалдан баҳорий уйғониш ва нафосат тимсоли бўлган Наврўзи олам биз учун тобора ардоқли бўлиб бормоқда.

Бу йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жонажон Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллик байрами тадбирлари ўтадиган йилга тўғри келмоқда.

Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

Ям-яшил далалар ва гуллаган боғларда, майдон ва хиёбонларда, қишлоқ ва овулларда, маҳалла ва кўчаларда Наврўзнинг дилбар тароналари – Янги кун наволари янграмоқда. Қир-адирларда мард ўғлонларимиз кўпкари чопиб, кураш тушмоқда. Кексаю ёш юртдошларимиз сумалак тўла қозонлар атрофида ўйин-кулгулар қилиб, баҳор неъматлари ва байрам қувончини ўзаро баҳам кўрмоқдалар.

Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ҳамда хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

Бугунги муродбахш ва файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ният ва режалар билан қадрдон даласи сари йўл олмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, азму шижоатли бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан самимий қутлаймиз. Ушбу қутлуғ байрам кунларида жорий йилда ҳам далаларда ҳосилларимиз мўл ва баракали, ризқу насибамиз янада зиёда бўлсин, деб барчамиз дуолар қиламиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бутун олам, еру кўк уйғонаётган бу ажиб фаслда юртимиздаги янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс орзуси қалбларимизга беқиёс куч ва ишонч олиб кирмоқда.

Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан биз кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган, танлаган тўғри йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.

Айни шу мақсадда мамлакатимизда ўнлаб замонавий корхоналар, саноат ҳудудлари ва кластерлар, “IT-парк” ва технопарклар, транспорт-коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, кўркам боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора чирой очиб, жонажон диёримиз янада обод ва гўзал бўлиб бормоқда.

Зеро, Наврўзи оламнинг мазмун-моҳиятида инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйиш каби эзгу фазилатлар мужассамдир.

Юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш доимий фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Бу борадаги ишларимиз “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.

Мана шундай амалий ҳаракатларимиз келгусида янада кенгайиб, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган олижаноб мақсадимизга албатта етамиз.

 

Ҳурматли дўстлар!

Наврўз – инсон ва табиатни асраб-авайлашга, тинчлик, дўсту биродарлик ва ҳамкорлик каби умумбашарий қадриятларни эъзозлашга чорлайдиган улуғ байрамдир.

Ушбу қутлуғ айёмда турли низо ва адоватлар, гина-аразлар унутилади, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва аҳиллик тамойиллари янада кучаяди.

Ана шундай беқиёс фазилатлари туфайли Наврўз нафақат мамлакатимиз, балки бутун Шарқ оламида замонлар оша безавол яшаб келмоқда. Шунинг учун ҳам Наврўз юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларини бир оиладек бирлаштирадиган гўзал байрамга айланди.

Сизларга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилиниб, у ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Ушбу сананинг жаҳон миқёсида кенг нишонланиши унинг халқаро нуфузи ва аҳамияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Мана шу нурафшон айёмда узоқ-яқин барча давлатларнинг халқларига, хорижий дўст ва ҳамкорларимизга эзгу табрик ва саломларимизни йўллаб, уларга тинчлик ва равнақ тилаймиз.

 

Қадрли отахон ва онахонлар!

Муҳтарама опа-сингиллар!

Ҳурматли ака-укалар!

Азиз фарзандларим – навқирон ёшларимиз!

Қадимий ва гўзал байрамимиз – Наврўзи олам билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин!

Илоҳим, жамики улуғвор мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимиз рўёбга чиқсин!

Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлсин!

Азизларим, Наврўзи олам барчамизга, бутун халқимизга қутлуғ ва муборак бўлсин!

 

 

https://president.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>