ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
“ОТАЖОНИМ ОРИФЖОН, ИСМИНГНИ УНУТМА!”
  • 20.03.2021
  • 608

  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланади...

  Атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ёш шоир Абдулла Ориповнинг биринчи китоби – “Митти юлдуз”ни ўқибоқ ўз ҳайратлари ва қувончини яширолмай, шундай деган экан: “Шеъриятда кутилмаган янги нафас пайдо бўлди. Томчини кузатган бўлсангиз, тўлишганидан кейин томади. Абдуллажоннинг шеърлари ҳам ана шундай. Олдин сўзма-сўз, сатрма-сатр юраги қонида қайнаб пишади”. 

 

  “...Булбулни биласиз, жуда митти қуш. Аммо унинг юраги жуссасидан ўн баробар катта. Тўлиб, юракдан сайраганида гўё дунёни титратади. Анави “митти” шоир “бала”нинг юраги ҳам жуссасидан ўн чандон каттадир-ов... (Устоз адиб “бола” сўзини қўқончасига чиройли, шикаста овозда “бала” деб талаффуз этаркан). “Митти юлдуз” китобчасини варақлаб кўринг. Шу митти шоир қалб тубидан шаршарадек отилиб чиққан сатрлар қалбларни ларзага солади. Ҳали кўрасизлар, унинг овози олис-олисларга етиб боради...”

  Дарҳақиқат, аллома адибнинг “башорати” бугунги кунга келиб ўз исботини топди. Абдулла Орипов “бировлардан олмаган ва ўзгага ҳам бериб қўймаган овози” билан ўз номини мангуликка муҳрлай олди. Халқаро минбарларда ўзбек ҳақида, юртимиз адабиёти хусусида сўз кетганида бу ном ҳамиша камарбаста. Абдулла Ориф шу халқнинг мағрур овози ва ўзбекона донишмандлик рамзига ҳам айланиб улгурди.

 

  Эндигина тили чиқа бошлаган жажжи болажонларнинг қайси бирисидан шеър сўраманг, “Серқуёш”ни биламан”, деб юртимиз мадҳиясини баралла айта бошлайди. “Ўзбекистон”, “Биринчи муҳаббатим”, “Она тилим”, ““Муножот”ни тинглаб” ва шу каби бир қатор дилбар шеърларини адабиёт ихлосмандлари ёд билишади.

 

  Мана шундай ихлосмандлар қаторида менинг ҳам болалигимдан адабиётга меҳрим баланд эди. Раҳматли отам Абдумажид Тўхташев бир умр педагоглик соҳасида фаолият олиб борган бўлса-да, ўзини ижод оламидан бир зум олис тутмади. Атоқли шоир Ҳамид Олимжон шеъриятининг ашаддий мухлиси бўлиб, шунинг баробарида биз фарзандларини ҳам ижоднинг сеҳрли олами сари етаклади. Айниқса, ўз даврида мамлакатимизни бошқарган таниқли жамоат арбоби, забардаст ижодкор Шароф Рашидов сиймоси ҳақидаги хотираларини ҳар гал тўлқинланиб гапириб берарди. Бугунги кунда отамнинг табаррук изидан бораётган опам — Муҳаббат Тўхташева ҳам фаол ижодкор ўқитувчилардан саналади.

 

  Хуллас, болалик орзу-ҳаваслари ортидан бориб, шеъриятга ошно тутиндик. Оилавий уч ижодкор ўз машқларимизни бир-биримизга ўқиб берардик, мутолаа қилган китобларимиз ҳақида баҳслашардик. Дастлабки ҳаваскорона машқларимизда нимадир борлигини сезган отам эътиборни янада кучайтирди ва бизни ёшимизга, қизиқишларимизга мос бўлган адабиётлар билан узлуксиз таъминлаб борди. Кейинчалик ёзганларимиз туман ва вилоят газеталарида чоп қилина бошлади.

  5-синфга ўтар чоғимда отамнинг ундови билан устоз ижодкор Абдулла Орипов номига мактуб йўлладим. Хатга ўн чоғли шеърларимни илова қилдим. Орадан кўп ўтмай, болалар газетасида “Болакай шоир” номи билан Абдулла Ориповнинг “оқ йўли” эълон қилинди.

 

  О, ўша лаҳзалардаги кечинмаларимни сўз билан таърифини келтиролмасам керак: бир думалаб, шоирга айланиб қолгандай эдим...

  Бу қувончли ва ҳайратланарли воқеадан сўнг отам билан бирга илк бора азим Тошкентга йўл олдим. Кўплаб газета-журналларга кирдик, янги ёзилган шеърларимдан улашдик. Отам ўзига қадрдон бўлган ижодкор дўстларини йўқлади ва, албатта, мен учун табаррук устоз мақомида бўлган Абдулла Орипов билан ҳам учрашиб, миннатдорчилик билдиришимиз кераклигини айтди. Бу сўздан менинг бошим осмонда эди.

 

  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига учраб, устоз ижодкорнинг манзилини сўрадик. Улар шоирнинг айни пайтда шифохонада эканлигини билдиришди. Бирров кўришиб ўтиш имконини топдик.

  Бир-бирини яқиндан билишмаса-да, отам ва устозим жуда қуюқ саломлашишди. Бугунги адабий жараёндаги янгиликлар, шоир ва ёзувчилар ҳақида анча суҳбат қуришди. “Абдулла ака, сизнинг эътиборингиздан руҳланиб, ёнингизга ўғлим Орифни олиб келгандим”, деб мавзуни мен томонга бурди отам. “Кечирасиз, мени кўргани сизнинг ўғлингиз эмас, ўзимнинг Отам кепти-ку!” дея жилмайиб, исмимга урғу берарди устоз. Мактабдаги ўқишим, ҳозир қандай китобларни мутолаа қилаётганим билан қизиққан устоз баъзи адабиётларни тавсия ҳам қилиб ўтди.

 

  Биз шифохонада эканлигимиз ва устозни толиқтириб қўймаслик важи билан кетишга рухсат сўрадик. Устоз ўриндиғи ёнидаги тортмадан “Эҳтиёж фарзанди” номли янги китобини олиб, дастхат ёзишга киришди: “Отажоним Орифжон! Исмингни унутма!” Шундай чуқур маъноли сўзларни ёзиб, тагига имзо чекди. Бу битиклар ҳали-ҳануз мени ҳушёр торттиради, ўша ҳолат кўз ўнгимда гавдаланаверади!

  Ҳа, устоз ҳаёт бўлганларида бугунги Наврўзимиз улкан шоирга 80-баҳорни ҳадя этарди. Ўтганларни Яратганнинг ўзи раҳматига олсин!

  Жорий йилда Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилиниб, юртимизнинг барча жойларида ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат Мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятига бағишлаб муносиб ижодий кечалар, “Абдуллахонлик”лар бўлиб ўтмоқда.

  Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/1745

  Халқимизнинг чўнг ифтихорига айланиб улгурган ҳақиқий Қаҳрамон шоиримиз ҳар нурафшон тонгда ҳар бир хонадонга ўзининг уйғотар оҳанглари билан кириб борадиган сўзлари орқали ҳаёт аслида! Устознинг тенгсиз битиклари ҳар ўзбек юрагида доим жаранг сочиб тураверади!

 

Ориф ТЎХТАШЕВ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmat

 

>