Янгиликлар
МАЪНАВИЙ ЮКСАКЛИККА ЭЛТУВЧИ НАРВОН
  • 19.03.2021
  • 569

  Сир эмаски, ўзбек ёзуви йиллар давомида кўп бор ислоҳ қилинган. Айнан 1929-1940 йиллар мобайнида лотин алифбосида бўлиб, 1940 йилдан кирилл алифбосига ўтилган эди. 1993 йилдан яна лотин алифбоси асосидаги янги ўзбек ёзуви жорий этилди. Минг афсуски, 1993 йилдан то бугунги кунга қадар "икки ёзув эгаси" бўлиб келаётган эдик. Хайриятки, жорий йил 10 февралда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг 61-сонли қарори ва "Йўл харитаси"да узоқ давом этган иккиёзувлиликка узил-кесил барҳам бериш фурсати қатъий белгиланди.

  Шу кунларда ҳукуматимиз томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Айни дамда мазкур лойиҳа юзасидан ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар билдирилмоқда. Бу жараённи бир овоздан қўллаб-қувватлаб турган ватандошларимиз кўп минг сонли. Афсуски, "бугун шу иш шартмиди?" деб ёзғираётганлар ҳам йўқ эмас. Айнан мана шу савол кайфиятида бўлганларга "ҳа, шарт!" деган қатъий жавобни беришга мажбурмиз.

  Ҳар бир ҳаракатга тугал хулоса ясаш учун унинг аввалига эътибор қаратилади. Фарзандларимиз таҳсили, тарбияси учун ҳам дастлаб қўлларига "Алифбе" китобини тутқазамиз-ку ахир. Демак, тил ва алифбо масаласи шу қадар жиддий ва ўзлигимиз аввали ҳисобланса, не ажаб?!

  Бундан салкам юз йил олдин – 1922 йилда маърифатпарвар педагог Шокиржон Раҳимий шундай деган эди: "Ҳар қайси улус адабиётининг тугаллашмаси шу улус тил ва ёзувининг тартиблик ва йўсунлик бўлишига боғлиқдир. Тартибсиз ва қоидасиз тил, ёзув бўйича тузилган адабиётнинг бир кунмас бир кун битишига ҳеч гумон йўқдир. Тил жон бўлса, ёзув унинг баданидир. Соғ бўлмағон бир танда жоннинг яшамоғи қийиндир. Бизнинг ёзувимиз касал. Бунинг иложига тездан киришилмаса, иш хавфлидир". Бир аср аввалида баён қилинган бу сўзлар бугунимиз юкини ҳам ортмоқлаб олгандай гўё.

  Айни пайтда ижтимоий тармоқлардаги турлича муносабатларда "шошма-шошарлик ярамайди", "энди муаммо устига муаммо келиб чиқаверади", "кириллда қолаверишимиз керак эди", "саводсизлик бадтар авж олиши мумкин" қабилидаги гап-сўзларни ҳам учратяпмиз. Шу сингари фикр эгаларига "хотиржам бўлинг, ҳаммаси жойига тушади" деган биргина жавобимиз бор!

  Амалдаги алифбомизда чиндан ҳам мураккаблик ҳолатлари мавжуд эканлигини биздан кўра ўқитувчиларимиз кўпроқ ҳис қилишади, назаримда. Хўп десангиз, биргина ҳолатни шундоқ кўз ўнгингизда гавдалантиришга ҳаракат қилиб кўраман. Тасаввур қилингки, бошланғич синф дарсида "ch" ҳарфи ўрганиляпти. Бир товушни ифодаловчи бу икки ҳарф бирикмасини доскага ёзамиз. Афсуски, "c" белгиси бизнинг алифбомизда йўқ. Хўш, энди бу белгини (шу аснода) нима деб атаймиз? Мавжуд "h" ҳарфи олдига "номсиз белги"ни қўшиб қўямиз, деймизми?! Ахир алифбодаги ҳар бир белгининг номи бўлиши керак эмасми, аслини олганда?!

  Хуллас, айтадиган бўлсак, гап кўп. Мен бир ҳарф борасидаги биргина ноқулайликни айтиб турибман, холос. Амалдаги алифбомизнинг бу сингари бошқа ноқулай жиҳатлари матбуотда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этиб келинмоқда.

  Бир сўз билан айтганда, ёзув масаласи нафақат тил ва нутқнинг шаклий ифодаси, балки давлат бошқарувида ҳам ўта муҳим аҳамият касб этувчи дастур ҳисобланади. Жамият бошқаруви ва ривожида мукаммал ёзувнинг аҳамияти беқиёс. Шунингдек, ёзув келажак авлоднинг билими, тафаккури ҳамда миллий маънавиятига ўта жиддий таъсир ўтказади. Шу маънода, алифбонинг такомили, барча учун қулайлиги, мавжуд товушларни имкон қадар қамраб олиши ва албатта, миллат тилининг барча хусусиятларига мос бўлиши олдида бошқа масалалар иккиламчи эканлиги шубҳасиз.

  Тан олиб айтишимиз керак, ислоҳ қилиш жараёнининг маълум маънода мураккаблик томонлари ҳам йўқ эмас, бироқ "чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмай" ўтиравермаймиз-ку ахир?!

  Ҳар қандай муаммоли вазият бир кун келиб ўз ечимини топиши муқаррар. Энг муҳими, ҳар биримиз ўз фарзандларимизнинг этук инсон бўлиб вояга етишини астойдил истаймиз. Шундай экан, авлодларимизни маънавий юксакликка элтувчи нарвон вазифасини ўтайдиган миллий алифбомизнинг ишончли ва мустаҳкам, шу билан бирга бенуқсон бўлиши нақадар ҳузурбахш, азиз юртдошим!

 

  Ориф ТЎХТАШЕВ,

  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир,

  "Ўзбекистон МЭТ" АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси

http://til.gov.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>