Янгиликлар
ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ: 85 фоиз таркибидаги 85 минг машаққат ҳақида...
  • 17.03.2021
  • 1319

  ПРЕСС-ТУР

  Бугун, 17 март куни «Тахиатош иссиқлик электр станцияси» АЖда ОАВ вакиллари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

  Аниқроғи, “Тахиатош ИЭС” АЖда маҳаллий ҳамда хорижий ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун “Электр энергетика соҳасини ОАВда ёритишнинг самарали механизмлари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи ҳам иштирок этмоқда.

 

  Тренингда ““Тахиатош иссиқлик электр станцияси”да 230–280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш” инвестицион лойиҳасининг амалга оширилиш босқичлари, электр энергия ишлаб чиқариш жараёни, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларига сифатли ҳамда узлуксиз электр ва иссиқлик энергияси етказиб бериш тизими, соҳани ОАВда ёритиш принциплари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Пресс-турнинг иккинчи куни эртага, “Тахиатош ИЭС” АЖнинг ишлаб чиқариш зоналарида ўтказилиши кутилмоқда. Тадбирлар хавфсизлик техникаси ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда.

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ: НИМА, ҚАНДАЙ ВА ҚАЧОН?

  Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунни электр энергиясисиз тассаввур этиб бўлмайди. Жамият тараққиёти эса электр энергияси истеъмоли билан чамбарчас боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёни — саноат тараққиёти билан ҳамоҳанг. Уйда дейсизми ёки ишхонада — электр энергияси инсон учун қулай шароит яратадиган ажралмас ёрдамчига айлангани рост. Оддий қишлоқдан шаҳарларгача, кичик цехдан йирик саноат корхонасигача ҳаракатлантирувчи куч — бу, шубҳасиз, электр энергияси.

  Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади... Хўш, сарлавҳадаги 85% нимани англатади ва унинг таркибидаги 85 минг машаққат нима? Бунга бизни, айниқса истеъмолчиларнинг нима дахли бор?

  Электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари сони тараққиётнинг кейинги босқичида ортиб бораётганлигига қарамасдан, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам соҳанинг энг “оғир юки”ни иссиқлик электр станциялари тортиб келмоқда. Юртимизда жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмидаги иссиқлик электр станцияларининг умумий ҳиссаси қарийб 85 фоизни ташкил қилади.

  Демакки, ўша 85% фоиз анъанавий электр энергияси ишлаб чиқариш — миллионлаб куб табиий газ ва ерости гази, кўмир ва бошқа нефть маҳсулотлари, уни етказиб берувчи ўнлаб ташкилотлар ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни узатиб, истеъмолчига тақсимлаб берувчи корхоналар ҳамда ушбу корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган юз мингдан зиёд ишчи-ходимлар...

   Сирасини олганда, ўзининг бутун тарихи давомида мамлакат энергетика тизими узоқ, деярли асрлик йўлни босиб ўтди, унинг ҳар бир босқичи янги технологияларни ривожлантириш ва соҳа салоҳиятини муттасил ошириб бориш билан белгиланди.

 

  Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизнинг қайси ҳудуди ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривож топиб, янги саноат қувватлари қад ростлай бошлаган бўлса, ўша жойда электр станциялари барпо этилганлигининг шоҳиди бўламиз. Масалан, пойтахтда ишга тушган тўқимачилик комбинати, унинг атрофидаги ҳудудни иссиқлик ва электр қуввати билан таъминлаш зарурати 1939 йилда Ўзбекистонда биринчи “Тошкент ИЭМ”нинг пайдо бўлишига асос бўлган. 60-йилларга келиб, даставвал Ангренда, сўнгра Фарғона, Сирдарё, Тахиатош, Тошкент вилояти, Навоий, Муборакда ва бошқа ҳудудларда ана шундай иншоотларнинг барпо этилишига эҳтиёж туғилган.

  Қўшимча маълумот:

  ЎЗБЕКИСТОНДА ЎРНАТИЛГАН ДАСТЛАБКИ ТРАНСФОРМАТОР БУДКАЛАР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ? http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/262

  ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ: ТАРИХИ, ИБТИДОИЙ ШАКЛИ, ТАРАҚҚИЁТИ ВА БУГУНИ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/828

  Вақтнинг шиддат билан ўтиши, янги тараққиёт технологияларининг кириб келиши ҳар бир соҳа олдига бутунлай янгича вазифаларни қўйиб келади. Йиллар давомида юрт чароғонлиги ва ривожи учун хизмат қилиб келаётган электр станциялари ҳам ҳолдан тойиши баробарида замонавий ишлаб чиқариш, экологик талабларга жавоб бермай қолди.

2017 йил таҳлилларига кўра ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240–260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган.

  Бунинг устига электр энергияси асосан табиий газни ёқиш эвазига ҳосил қилинади. Газ ресурслари чекланган бугунги шароитда уни янада кўпроқ сарфлаш, тикланмайдиган табиий ресурсларнинг жуда катта миқдорини увол қилиш, яъни арзонга ёқиш дегани. Шунинг учун бугунги кунда тизим корхоналарида энергиясамарадор, ёқилғини тежовчи ускуналарни ўрнатиш устувор вазифа этиб белгиланган.

 

ТИЗИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

  Президентимиз 2018 йилнинг 3 октябрь куни ўтказилган йиғилишда электр энергияси соҳасида вужудга келган аҳволни танқидий таҳлил этар экан, уни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини белгилаб берди. 

  – Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича революцион ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8–10 йил керак. Шунинг учун мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

  Орадан кўп ўтмай, тизимда туб бурилишлар даври бошланди. Президентимизнинг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Шу жумладан 2019 йил 27 мартдаги ПҚ–4249 сонли “Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ислоҳ қилиниб, унинг негизида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил топди. Улар вазирлик таркибида фаолият кўрсатиши баробарида ҳар бир жамият  “ўз араваси”ни ўзи тортишига қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асосларга эга. Қарорга мувофиқ "Иссиқлик электр станциялари" АЖ электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва электр марказлари фаолиятини бошқариш учун ташкил этилган.

 

  "Ўзбекэнерго" АЖнинг тугатилиши ва 3 та мустақил ташкилотларга бўлинишидан сўнг, бизнинг барчамиз ўзимиз учун белгилаб берилган майдонларда иш билан фаол бандмиз, чунки ҳар бир ташкилот энергия ишлаб чиқариш, уни етказиш ва тақсимлаш борасида ўз вазифаларига эга ҳисобланади, "Иссиқлик электр станциялари" AЖнинг асосий вазифалари эса — электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш, юртимизнинг энергетик хавфсизлигига эришиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимизда юритилаётган энергетика сиёсатини амалга оширишдан иборат. Куни кеча Юртбошимиз томонидан имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ушбу йўгалишдаги ишларни янги босқичга кўтаради.

  Шунингдек, бугунги кунда "Иссиқлик электр станциялари" AЖ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири — бу модернизация дастурларини амалга ошириш, ишлаб чиқарувчи қувватларни замонавий асбоб-ускуналар ва илғор технологиялар асосида, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига реконструкция қилиш, замонавийлаштириш, рақамли технологияларни амалиётга татбиқ этиш, техника билан қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишдир.

  2020 йилда юртимиздаги иссиқлик электр станциялари томонидан 60,75 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Иқтисодиёт тармоқларининг ривожи ва аҳоли эҳтиёжларининг ошиши туфайли 2030 йилга бориб электр энергияга талаб 2 бароварга ўсиши кутиляпти. Бунда кўзда тутилаётган атом электр станцияси ва муқобил энергия манбалари ҳисоби оширилиши ва ишга туширилиши кўзда тутилган бўлса-да, "асосий юк” ИЭСлари зиммасига тушади.

 

  ЯНГИЛАНАЁТГАН ЭНЕРГОСАМАРАДОР ҚУВВАТЛАР ВА ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАР

  Фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги энергосамарадор қувватларни ишга тушириш акциядорлик жамиятимиз олдида турган устувор вазифалар ҳисобланади, иссиқлик электр станцияларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мамлакатимиз Президентининг бир қатор қарор ва фармойишлари билан белгилаб берилган бўлиб, айни вақтда уларда кўрсатилган  вазифалар жадал суръатларда амалга ошириб борилмоқда. Ушбу йўналишда фаолиятимиз Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, маҳаллий банклар ва халқаро молия институтлари — ЕТТБ, ОТБ, Хитой банклари томонидан фаол равишда қўллаб-қувватланмоқда. Бугун бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш "Йўл хариталари"да белгиланган муддатлардан анча олдинда, деб ишонч билан айтиш мумкин.

  Aйни пайтда мамлакатимиз энергетика саноатини ривожлантиришнинг янги босқичида — замонавий, юқори самарали энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш босқичида. Сўнгги йилларда биз дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатлари — Япония, Aмерика ва Европанинг энергетика соҳасидаги йирик компаниялари тажрибасини ўрганиб чиқдик. Шу аснода мамлакатимизда энг янги, энергия самарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.

 

  Замонавий технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш эвазига тизимдаги энергосамарадор замонавий қурилмаларнинг улуши 5809 МВт — 40% га етади.

 Материал “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати маълумотлари асосида тайёрланди.

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>