Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
  • 27.02.2021
  • 747

Жорий йилнинг 27 февраль куни Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида жойлашган Ширин энергетика коллежида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султановнинг тизимда фаолият юритаётган талаба-ёшлар билан очиқ мулоқоти ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида “Сирдарё ИЭС” АЖга пресс-тур бўлиб ўтди.

 

  Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Энергетика вазирлиги марказий аппарати, вазирлик тизимидаги акциядорлик жамиятлари ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёшлар, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети  ва “МЭИ” Миллий тадқиқот университетларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари ҳамда Ширин энергетика коллежи талабалари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

  Учрашув Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг Acwa Power компанияси ўртасидаги Меморандум асосида Acwa Power компанияси томонидан тўлиқ реконструкция қилинган ва замонавий жиҳозланган Ширин энергетика коллежи биносида бўлиб ўтди.

 

  Учрашувда мазкур энергетика коллежи қурилиши билан боғлиқ ландшафт дизайни бўйича тақдимот ўтказилиб, тадбир иштирокчиларига батафсил маълумотлар берилди. Қайд этиш жоизки, аввал хабар берганимиздек, ACWA Power компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 2500 МВт бўлган учта электр станция қуради. Яъни Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1 500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берилган бўлиб бугунги кунда қурилиш ишлари жадал бошлаб юборилган. Шу билан бирга, Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станциялари қуриш бўйича инвестициявий келишувлар имзоланган.

 
 

  Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотларда 120 мингдан зиёд ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 21 фоизини ёшлар ташкил этади.

 

  Энергетика вазири ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва Ёшлар форумидан келиб чиқадиган вазифалар, соҳа муаммоларини ечишда ёшларнинг ўрни, вазирлик томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтди. Ёш мутахассислар ва талабаларнинг янги лойиҳалари, халқаро олимпиадаларда қатнашиш, спорт комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш каби ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

 

  Шунингдек, учрашувда филиаллар талабалари, ёшлар етакчилари ёқилғи-энергетика соҳасида олиб бораётган илмий ишлари ва тадқиқолари, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган инновацион ғоялари, турли муаммалар ва уларнинг ечимлари ҳамда ўзларининг қатор таклифларини билдиришди. 

  Учрашувда “Иссиқлик электр станцияси” АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов Техника университетида таҳсил олаётган 20 нафар талабага тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш бўйича тегишли сертификатларни топширди.

 

  Энергетика вазирлиги мутасаддилигида олий маълумотли мутахассисларни тайёрлашга мўлжалланган учта хорижий олий таълим муассасаларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари ҳамда ўрта-махсус маълумотли мутахассисларни тайёрлашга мўлжалланган олтита касб-ҳунар коллежи мавжуд.

  Тадбир жараёнида энергетиклар коллежи ҳудудида эко-акция ўтказилиб, барча иштирокчилар томонидан манзарали кўчатлар экилди.

 

 

 

  И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳар филиали, “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳар филиали ҳамда Бухоро ва Фарғона нефть ва газ саноати коллежлари, Ширин, Қибрай, Нишон ва Тахиатош энергетика коллежлари фаолият юритмоқда.

 

  Шундан сўнг тадбир иштирокчиларини ишлаб чиқариш жараёни ва “Сирдарё ИЭС” АЖ фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида иссиқлик электр станциясига экскурсия уюштирилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати билан ҳамкорликда

http://minenergy.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>