«Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда»
2021 ЙИЛ 1 АПРЕЛДАН ИЖРО ИНТИЗОМИГА МАСЪУЛ БЎЛИНМА РАҲБАРЛАРИ ПРЕЗИДЕНТ АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ИЖРО ИНТИЗОМИНИ ТАЪМИНЛАШ ШЎЪБАСИ БИЛАН КЕЛИШИЛИБ, ЛАВОЗИМГА ТАЙИНЛАНАДИ ВА ОЗОД ЭТИЛАДИ
  • 22.02.2021
  • 672

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон Фармонининг моҳияти ва аҳамияти

  Фармоннинг мақсади

  Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, Президентнинг Олий Мажлисга 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида, шунингдек, 2016–2021 йиллардаги тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида белгиланган мақсадларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш.

  Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти

  Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижро интизомини мустаҳкамлашда қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳалари тайёрланиши устидан шахсий назоратни ташкил этиш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижрочиларга тезкор етказилиши, моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик ўртасида тушунтирилиши устидан шахсий назоратни таъминлаш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси амалда назорат қилинишини шахсан ташкил этиш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтириш мақсадида ОАВда шахсий фикр-мулоҳазаларини билдириш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида, тўлиқ ва натижали ижро этилиши шахсан танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш.

  Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалга оширилишини таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш;
  • “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” рукни остида жамоатчилик назорати воситаларидан кенг фойдаланиш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш.

  “Ijro.gov.uz” орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишда:

  Адлия вазирлиги:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz” тизимига киритади ва тизим орқали уларнинг ижро этилишини назорат қилади;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотни ҳар ойда Президент Администрацияси ва Ҳукуматга киритади.

  Вазирлар Маҳкамаси:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг Ҳукумат тизимидаги ташкилотлар томонидан ижро этилишини “Ijro.gov.uz” тизимида назорат қилади;
  • “Ijro.gov.uz”да Ҳукумат тизимидаги ташкилотлар – масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади.

  Ҳисоб палатаси:

  “Ijro.gov.uz”да масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади ҳамда уларни назоратдан ечади;

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда белгиланган ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан кўриб чиқилган таклифлар бўйича Президент Администрациясига хулосаларни киритади;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Президент Администрациясига ахборот киритиб боради;

  Президент Администрацияси:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • зарурат бўлганда, назоратдан ечилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни қайта назоратга қўяди;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар муддатини узайтириш бўйича Ҳисоб палатаси томонидан берилган хулосаларни кўриб чиқади;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилишини ташкил этиш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш юзасидан Президентга таклифлар киритиб боради.

  2021 йил 1 апрелдан барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда вилоят ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарлари Президенти Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шўъбаси билан келишилиб лавозимга тайинланади ва озод этилади.

  2021 йил 1 майдан ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади.

 

 

Манба: Huquqiy axborot https://t.me/huquqiyaxborot/9125

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/32

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>