Янгиликлар
СИРДАРЁЛИК ЁШ МУҲАНДИСЛАР ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ МАРКАЗИДАГИ ТАДБИРЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ
  • 09.02.2021
  • 551

  Халқимиз асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган комил фарзандлари, уларнинг илмий-маънавий мероси билан ҳам бошқа халқлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Шарқона таълим-тарбияда ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенглик, илм-маърифатга интилиш, ўзидан яхши ном, яхши амаллар қолдириш каби фазилатлар бундан беш асрлар аввал ҳам бугунгидек муҳим ахамият касб этгант рост.

 

  Ана шундай улуғ ишлари билан нафақат Шарқда, балки дунёда ўзининг асарлари, ғазаллари билан маълум ва машҳур бўлган бобомиз Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги пухта тайёргарлик ва зўр шодиёналар билан қаршиланмоқда.

  Сўз мулкининг султони — улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги сирдарёликлар томонидан ҳам кенг нишонланмоқда. Вилоят маъмурий маркази — Гулистон шаҳрида Алишер Навоийга атаб ўрнатилган ҳайкал пойи мана бир неча кундан буён анвойи гуллар, чиройли гулдаста ва гулчамбарлар билан тўлди.

 

  Бугун улуғ бобокалонимиз туғилган кунида унинг ҳайкали қаршисида йиғилган юзлаб маданият, санъат намояндалари, педагоглар, китобсеварлар ва ёшлар олдида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев сўзга чиқиб, Алишер Навоийнинг адабиётга, санъатга, шериятга қўшган улкан ҳиссаси, ўзбек адабиётига солган асоси, маданият ва илм-маърифатни ривожлантиришдаги машаққатли ҳаёт йўли ҳақида нутқ сўзлади.

  Тадбир қатнашчилари Алишер Навоий қаламига мансуб шеърлар, ғазаллар, байтларидан намуналар ўқидилар. Маданий-маърифий тадбирнинг бадиий қисми вилоят мусиқали драма театрида давом эттирилди. Унда Олим Хўжаев номидаги вилоят драма театри актёрлари ижросида саҳналаштирилган театр томошалари қўйилди.

  Бундай тадбирлар вилоятнинг чекка-чекка нуқталарида ҳам, мактабгача тарбия муассасаларида, умумтаълим мактабларида, ташкилот ва корхоналарида, шу жумладан «Сирдарё магистрал электр тармоқлари» филиалида ҳам давом этмоқда.

 

  Аниқроғи, вилоят миқёсидаги бугунги тадбирларда «Сирдарё магистрал электр тармоқлари» филиалининг ёшлари ҳам фаол иштирок этишди. Улар ижросида Алишер Навоийнинг халқ ўртасида маълум ва машҳур ғазаллари, байтларидан парчалар ўқилиб, тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлишди. Мисол учун, филиал Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзолари қаторида Ходимларни жамлаш ва тайёрлаш гуруҳи муҳандиси Севара Қодирова, Ҳаво тармоғи хизмати техниги Худойшур Хидиров, РҲ ва ЭС хизмати етакчи муҳандиси Нуриддин Абдуллаев, филиал ҳамшираси Нигора Аъзамқуловалар вилоят марказидаги тадбирларда фаол иштирок этишди.

  Исроилжон Ҳайдаров, «Сирдарё магистрал электр тармоқлари» филиали Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти сардори, Электр энергияси ҳисобини юритиш гуруҳи муҳандиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>