Янгиликлар
МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИДА НАВБАТДАГИ ОЙЛИК ТЕХНИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ
  • 08.02.2021
  • 728

  Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6079-сонли «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Жамият ишчи-ходимларни, аниқроғи энергетика соҳасининг етук мутахассис-муҳандисларини халқаро илғор технологиялар, миллий диспетчерлик тизимининг иш фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида (электр энергетика тармоғида маълумотларни йиғиш бўйича — SСADA ҳамда энергияни бошқариш тизими — ЕМS жорий этилиши муносабати билан) мутахассислар малакасини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол тариқасида, Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасаси билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн ўқув курслари ҳақида маълумот берган эдик.

 

Батафсил:

ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИ ВА УНИНГ ЯҚИН КЕЛАЖАКДАГИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/541

Видеолавҳа: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5009

 

  Шу билан бирга, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖда меҳнат фаолияти олиб бораётган, илмий даражага эга мутахассис кадрларнинг билим-тажрибаси ҳамда педагогик маҳоратидан фойдаланиб, Жамият тасарруфидаги “Нурафшон” санаториясида бир неча ой давом этадиган малака ошириш курслари ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Батафсил:

МАРОҚЛИ ДАМ ОЛИШ ДАВРИДАГИ САМАРАЛИ АМАЛИЁТ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/623

 

  Акциядорлик жамиятида ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш бўйича яна бир қанча анъаналар мавжудки, буларнинг барчаси соҳа эгаларининг замон билан ҳамнафасликда фаолият юритиши, ишлаб чиқариш соҳаси кириб келаётган янгиликлар, янги технологияларни амалиётга татбиқ этишда меҳнат самарадорлигини оширишга қаратилган.

 

Миллий диспетчерлик марказида ўтказилган навбатдаги ойлик техник-ўқув машғулотлари юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Навбатдаги машғулот қуйидаги мавзуларга бағишланди:

1. Энергетика тизимининг ўтган йил якунлари;
2. Жорий йил январь ойида юз берган фавқулодда ҳолатлар таҳлили;
3. Электр энергияси истеъмоли ортиши туфайли энергетика тизимида ҳосил бўлаётган муаммоли нуқталар шарҳи;
4. НКМКнинг айрим подстанциялари ва тармоқларини “Ўзбекистон МЭТ” балансига ўтиши билан боғлиқ оператив бўйсинув ва НКМК оператив ходимлари билан ўзаро муносабатларни белгиловчи меъёрий ҳужжатлардаги ўзгаришлар;
5. Ички тартиб-интизом ва ўзбек тилида иш юритишга доир масалалар.

 

  Кун тартибининг биринчи ва иккинчи масалалари юзасидан Миллий диспетчерлик маркази бошлиғи М.Бобоев, учинчи масала бўйича МДМ етакчи муҳандиси И.Муҳамадалиевлар маъруза қилишди ва диспетчерлик ҳамда режим гуруҳи ходимларининг саволларига жавоб беришди. Йиғилиш иштирокчилари кўриб чиқилган фавқулодда вазиятларни олдини олиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

  Йиғилишнинг тўртинчи ва бешинчи масалалари бўйича Тизим хизматлари бош бошқармаси бошлиғи А.Т.Мирзаев маъруза қилиб, НКМК тармоқларига боғлиқ ўзгаришлар билан таништирди. Шунингдек, Жамиятда ўзбек тилида иш юритиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар юзасидан тушунтиришлар берди ҳамда ички тартиб-интизом масалларига риоя қилиш масалаларига эътибор қаратади.

 

Йиғилиш якунида кўриб ўтилган масалалар юзасидан баённома қайд этилиб, унга билдирилган таклифлар юзасидан тегишли ходимларга кўрсатмалар берилди.  

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>