30 октябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Хитойнинг “Sinoma EC Investment” компанияси президенти Лиу Син бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Компания томонидан “Навоий вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, қуввати 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Учрашувда ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг ҳозирги ҳолати ҳамда келгусидаги режалар бўйича фикр алмашилди.
Шу билан бирга, учрашув мобайнида республика ҳудудларида геотермал энергетика ва илғор технологиялар асосида энергия самарадор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.
Маълумот учун: “Sinoma EC Investment” компанияси 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, қурилиш материаллари ҳамда қурилишда қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялардан бири.
Компания Хитой Миллий Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йирик давлат корпорацияси (CNBM Group) таркибига киради. Компания 13 йил давомида “Фортуне 500” рўйхатидан ўрин олган.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/13392
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати