Янгиликлар
2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2026–2027 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган
  • 30.10.2024
  • 66

АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2025 йилдаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети параметрлари ҳақида маълумот берилди:

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва Бюджетномага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳамда Бюджетнома киритилди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда:

2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг, шу жумладан, Давлат буджети, давлат мақсадли жамғармалари ва буджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда 2026 – 2027 йиллар учун мўлжаллари;

асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2025 йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар;

Давлат қарзининг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган ҳажмлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 17 та модда ва 10 та иловадан иборат.

2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2026–2027 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.

Давлат бюджетининг ўрта муддатга мўлжалланган прогноз параметрлари ва 2025 йил учун буджет лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга уйғунликда, яъни уларни бажариш вазифасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари:

консолидациялашган буджет тақчиллигини 2025–2027 йилларда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;

ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;

бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш;

солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;

давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;

йиллик буджетни шакллантиришда “Натижага йўналтирилган бюджет” тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;

иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш;

бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда буджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш;

Давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ва кучайтириш;

Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш;

“Яшил бюджетлаштириш” тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш;

атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирлар устуворлигини таъминлаш;

халқаро экспертлар билан биргаликда бюджет харажатлари тузилмасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш.

Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2025 йил учун Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси) белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 54,4 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).

Хусусан, буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 18,5 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси 3-позицияси).

Давлат молиясини бошқаришнинг ҳалқаро стандартларига мувофиқ буджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатлар консолидациялашган буджет таркибига киритилди. 2025 йилда ушбу харажатлар 18,8 трлн сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз ёки 49,3 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Бунда, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 32,4 трлн сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш, давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 60 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.

Бунда, Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларни ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилган.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жорий харажатлари қаторида 11 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 23 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 17 та, Сув хўжалиги вазирлигида 10 та давлат дастурлари ва тадбирлар учун ажратилган маблағлар алоҳида сатрларда кўрсатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари Қонун лойиҳасининг 6-иловасига мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари худудий буджет маблағларини тақсимловчилари кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда шакллантирилади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Қонун лойиҳасининг 7-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига республика бюджетидан 18,4 трлн сўмлик тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ўтказиблиши бегиланмоқда.

2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 3 фоиз этиб белгиланиши сабабли ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун – 3 млрд. АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини 30 трлн сўм миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Давлат бюджети олдидаги хатарларни камайтириш мақсадида давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва тасдиқ хатлари берилиши талаб қилинадиган барча давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосидаги имзоланадиган янги лойиҳалар қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Қонуннинг 12-моддасида, ўтган йиллардаги каби, маҳаллий бюджетларнинг даромад манбалари белгилаб берилмоқда. Жумладан:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, йирик солиқ тўловчилардан ташқари юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи, шунингдек давлат активларини ижарага беришдан тушумлар туманлар ва шаҳарлар буджетларига;

йирик солиқ тўловчи юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари, бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи ҳамда шу каби бошқа турдаги солиқлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилмоқда.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ҳуқуқи сақланиб қолинмоқда.

Республика бюджети даромадлари 4-илова билан тасдиқланмоқда. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи бўйича даромад 71,8 трлн сўмни ташкил этиши (2024 йилда кутилаётган ижро – 60,7 трлн сўм) прогноз қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг 13-моддасига кўра 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан:

кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари), сув хўжалиги ташкилотларини сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштиш тартибини ўзгаришсиз қолдирилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мактабгача таълим ва умумтаълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган мактабларини қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга доир харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.

2025 йил учун Давлат бюджети қонуни ва Бюджетноманинг тўлиқ матни билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-саҳифаларида танишишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/47544

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>