Янгиликлар
ЎЗБЕК ТИЛИ ХАЛҚИМИЗ УЧУН МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗ ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ, БЕБАҲО МАЪНАВИЙ БОЙЛИК, БУЮК ҚАДРИЯТДИР
  • 21.10.2020
  • 1364

Ассалому алайкум, муҳтарам жамоадошлар, азиз ҳамкасблар!

Барчангизга ушбу тарихий сана — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллиги муборак бўлсин!

 

  Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

  Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидай, ...кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”.

  Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар. Жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовли кунларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашиб келди, ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди.

 

  Ушбу қутлуғ байрамни нишонлар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.

  Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадамлардан эди. Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди. Қолаверса, мамлакатимизнинг Асосий қонуни — Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди. Шунингдек, кўплаб халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.

  Барчамизга яхши аёнки, она тили — миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.

  Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.

 

  Ҳурматли ҳамкасблар!

  Бугун жонажон Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Барча соҳалар билан бирга давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

  Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

  Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

  Ўйлайманки, ўзбек тили байрамининг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг нишонланиши халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлагани сингари, “Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”.

 

  Биз бугунги ёшларимизнинг жаҳоний тилларни пухта эгаллашга бўлган улкан қизиқиш ва интилишларини ҳар доим ҳам қўллаб-қувватлаб келганмиз. Шу ўринда аллома Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир”.

  Ўйлайманки, бу сўзларга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ.

  Олдимизда яна бир муҳим вазифа борки, бу ҳам бўлса энергетика тармоқларида давлат тилини тўлақонли қўллаш билан боғлиқ жараён. Ўзбек тилининг соҳавий қўлланиш доирасини янада кенгайтириш, шу билан бирга, сафимиздаги турли миллатларга мансуб жамоадошларимизнинг давлат тилини ўрганишлари учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак.

  Бу борада қилишимиз керак бўлган улкан ишлар зиммамизда турибди. Буларнинг барчасини биргаликда, елкама-елка амалга оширишимиз керак бўлади. Бу йўлда Яратганнинг ўзи ҳаммамизга мададкор бўлсин, дейман!

  Сизларни ва бутун халқимизни ўзбек тили байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

  Ўзбек тили — она тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори янада зиёда бўлиб бораверсин!

  Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман. Яна бир бор БАЙРАМ МУБОРАК!

 Дадажон Исақулов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раиси

 

 

Зеро, бу Ватан, бу Она тили — барчамизники!

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>