Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрида кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди
  • 09.05.2024
  • 123

Ўзбекистон Президенти ЕОИИнинг юбилей саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Москва шаҳрида кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди.

Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян раислигида ўтган учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бакитжан Сагинтаев ҳамда меҳмон сифатида МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, устувор йўналишларда қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Владимир Путинни Россия Федерацияси Президенти лавозимига киришгани билан табриклади. Йиғилишнинг барча иштирокчиларини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 79 йиллиги ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи таъсис этилганининг ўн йиллиги билан қутлади.

Ўзбекистон етакчиси бугунги шароитда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш ва тўғридан-тўғри инвестициялар ўсиши учун шароит яратиш биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ўтган ойда Тошкентда муваффақиятли ўтган “Иннопром” анъанавий халқаро кўргазмаси шундай ҳамкорликка ижобий мисол сифатида қайд этилди.

– Бугун ушбу форум Ўзбекистоннинг Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги бошқа давлатлар билан бизнес мулоқотини ривожлантириш учун самарали платформага айланди, - деди Президент.

Ушбу майдонни кенгайтириш, бошқа ҳамкор мамлакатлар, шу жумладан Куба, Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Мўғулистон, Вьетнам ва Индонезия каби давлатлардан ҳам компанияларни жалб қилиш нияти билдирилди.

Ўзбекистоннинг кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, саноат маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳисобидан  ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга ошириш улуши ортмоқда.

Мингдан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар ишга туширилди. Юк ташиш ҳажми ўсмоқда, мунтазам авиақатновлар сони икки баробарга кўпайди.

Евроосиё иқтисодий комиссияси билан биргаликда Юқори даражадаги ишчи гуруҳнинг учта йиғилиши ўтказилди, Қўшма режадаги барча тадбирлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.

Ўзбекистон савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижорат, иқлим кун тартибига оид лойиҳа ва дастурларга қўшилди.

Давлатимиз раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди.

Мамлакатимиз амалий ҳамкорликни кенгайтириб, ЕОИИни ривожлантириш бўйича стратегик йўналишлар доирасидаги соҳавий шерикликнинг кўп томонлама лойиҳаларини амалга оширишда янада фаол иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган қўшма тадбирларнинг янги комплекс режасини тайёрлаш таклиф қилинди.

– Ишонамизки, кузатувчи давлатларнинг лойиҳаларда тўлақонли иштирок этиши масалаларини тартибга соладиган механизмнинг тез фурсатда қабул қилиниши ушбу ҳужжатнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади, – деди Ўзбекистон етакчиси.

ЕОИИ мамлакатлари билан савдодаги тўсиқ ва чекловларни ўзаро бартараф этишга тайёрлик билдирилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон 2009 йилдаги Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш қоидаларига қўшилиш жараёнини бошлади.

Президентимиз таъкидлаганидек, божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни электрон алмашиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария назорати ахборот тизимларини интеграция қилиш, техник тартибга солиш чораларини бирхиллаштириш режасини қабул қилиш ва электрон сертификатлаштириш бу борада аниқ амалий қадамлар бўлади.

“Шимол-Жануб” транспорт йўлагини Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига чиқадиган қилиб ривожлантириш бўйича яқин мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шу маънода, апрель ойи охирида Термиз шаҳрида ўтган “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” мультимодал йўналишини ривожлантириш бўйича транспорт идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Транзит тартиботларини соддалаштириш мақсадида бугунги кунда жорий қилинаётган ЕОИИ божхона транзити ягона тизими билан рақамли ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари саноат кооперацияси лойиҳаларини ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди.

Бу борада алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, унда мамлакатларимиз ҳудудларида ҳамкорликда ташкил этилаётган саноат зоналари ва технопаркларда янги қувватларни жойлаштиришни назарда тутиш таклиф қилинди.

– Бундай лойиҳаларга тадбиркорларни кенг жалб қилиш масалалари шу йили Самарқандда ўтадиган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг биринчи учрашувида кўриб чиқилиши мумкин, – деди Президентимиз.

Шунингдек, бирлашма доирасидаги саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус механизм имкониятларидан фойдаланиш нияти билдирилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи органлари билан қуйидаги муҳим йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди:

- Евроосиё Агроэкспрессини ривожлантириш, “яшил” ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этиш;

- иқлим ўзгаришлари оқибатларини енгиб ўтишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва яқиндан ҳамкорлик қилиш. Тегишли Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди;

- мамлакатларимизда меҳнат мигрантлари фаолияти учун қулай шароитларни шакллантириш ва ижтимоий кафолатлар яратиш, шу жумладан рақамли платформалардан фойдаланиш орқали;

- туризм алмашинувини тубдан оширишга қаратилган биргаликдаги туризм дастурлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш.

Манба: https://president.uz/uz/lists/view/7222

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>