ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
“УЙҒОНАМАН, БОБОЖОН!”
  • 24.09.2020
  • 512

   Бу сўз менинг Юрагимда туғилган бугунги кайфият ифодаси!

  Айни кайфиятимни кенгроқ таърифламоқчи эдим, бир зумда мен ўз кўнглимнинг сўзларини қоғозга тушириб турувчи дастёрига айландим! Хўш, аслида у нима демоқчи, қулоқ тутай-чи?!

 

   Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. М. Мирзиёев куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси йиғилишида иштирок этиб, Менинг Онам Тилида нутқ сўзлади! Мен бу Тил орқали дастлаб Онамни, Отамни, Одамни ва ниҳоят Оламни таниганман!

  Қўяверинг, ким нима деса, деяверсин! Мен мана шундай Буюк халққа мансубман! Менинг Туркий Тилим дунёдаги барча тилларнинг Отаси ҳисобланади! Бу сўзимга шубҳа билдиргувчилар холис назар ила Ўтмишимни кўздан кечирсин! Дунёларга дарс берган аждодларимдан қолган Меросларни мук тушиб ўргансин!..

  Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, муҳтарам Президентимиз таъкидлаб турганидек, навбатдаги Миллий Ренессанс сари кеча Илк ва Дадил Қадам ташланди! Жаҳоний минбарлардан туриб Ўзбек Тилим жаранглади! Менинг назаримда, кул тагида кўринмай турган ҚЎР яна юз очди! Оламнинг кўзи бу Нурдан қамашгани рост!

 

Бу кунларни орзу қилиб ўтган жадидчи боболарим руҳи билан хаёлан суҳбат қураман:

–  Сен чиндан ҳам Бахтлисан, буни биласанми?

– Албатта биламан, бобожон!

– Келгуси режаларинг қандай?

– ...

  Мана шу уч нуқта барчамизнинг Улуғвор Мақсадларимизни бир нуқтага жамлаши керак! Ахир боболаримизнинг Асосли Саволлари жавобсиз қолмаслиги лозим. Зеро, “Ватанни севмоқ иймондандир!” Ва қолаверса, қалбларимизни қамраган мана шу Севгининг кучини кўрсатмоқ Фурсати етди!

   Жадидчи бобомнинг жавобсиз қолаётган саволига нима десам экан?! Ҳа, жавоб топдим:

 – Уйғонаман, бобожон!

 

О. Тўхташев,

 “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг маслаҳатчиси,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>