ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ДАВЛАТ ТИЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДЕПАРТАМЕНТИ ТАШАББУСИ БИЛАН «ДАВЛАТ ТИЛИДА ИШ ЮРИТИШ» АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМАСИ НАШР ЭТИЛДИ
  • 11.09.2020
  • 1516

   Кеча пойтахтнинг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Фанлар академияси ҳамкорлигида «Давлат тилида иш юритиш» амалий қўлланмаси китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

 

  Тақдимотда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ориф Тўхташев ҳам иштирок этди.

  «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмасида ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланиладиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб-қоидалари масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатлар тегишли намуналар билан кўрсатилган, қолаверса мазкур қўлланмада иш юритишга оид луғатлар акс эттирилган.

  Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев қўлланма ҳақида фикр билдирар экан, китоб биринчи навбатда, ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиблар, ходимлар билан ишлаш хизмати вакиллари учун иш юритишда асосий манба сифатида фойдаланиш мумкинлиги таъкидлади. Китоб муаллифларининг саъй-ҳаракатлари, меҳнатлари эътироф этилди.

 

 

Бу қўлланманинг тўққизинчи тўлдирилган ва такомиллаштирилган нашри ҳисобланади. Ҳозирда 3000 нусхада чоп эттирилган бўлса, ададини янада кўпайтириш режалаштирилаётганлиги таъкидланди. Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига чоп этилди.

Давлат тилининг нуфузи ва унинг қадр-қиммати учун курашиш ҳар бир давлатнинг ривожланишдаги миллий манфаати ҳисобланади, – деди филология фанлари доктори Низомиддин Маҳмудов. – Бугун мамлакатимизда Давлат тили ҳақидаги масала давлат сиёсатининг ҳақиқий ўзагига айланди. Шунинг натижасида ҳам Ўзбекистонда юритилаётган тил сиёсатини холис тил сиёсати, дея аташ мумкин. «Давлат тилида иш юритиш» амалий қўлланмасининг илк нашри 1990 йил чиққан. Ундан кейин чоп этилган китоблар ҳам ўз даврида муҳим қўлланма ҳисобланган. Аммо замон янгиланиш, ўзгаришга томон юз бургандан сўнг бу қўлланманинг ҳам янги ва мукаммал нашрига эҳтиёж бор эди.

 

 

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида фаолият юритишни бошлаган янги нашриёт — «O‘zbekiston nashriyoti» давлат унитар корхонасида 3 минг нусхада чоп этилган қўлланма ташкилий ҳужжатлар, фармойиш ҳужжатлари, маълумот-ахборот ҳужжатлари ва хизмат ёзишмалари бобларидан иборат.

 

 

   – Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони давлат тили мақоми, нуфузини тубдан оширишга, мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, – деди филология фанлари доктори Ёрқинжон Одилов. – Бугун тақдимоти ўтказилаётган китоб ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси, десак муболаға бўлмайди. Китоб орадан 8 йил ўтиб қайта чоп этилди. Шу оралиқда жамиятда рўй берган ислоҳотлар туфайли иш юритишда қўлланилмайдиган, бугунги кунда эҳтиёж бўлмаган ҳужжатлар қўлланмага киритилмади. Маълумотлар қайта ишланди, тўлдирилди, таҳрир қилинди. Энг муҳими, фойдаланувчига янада тушунарли ва ҳар бир мисранинг мазмундор бўлиши учун ҳаракат қилдик.

 

 

  Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири Дилобар Маматованинг таъкидлашича, қўлланмада ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланадиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб-қоидаларига алоҳида эътибор қаратилган. Иш юритишга оид луғат берилган.

  Мазкур нашр, аввало, ташкилотлар раҳбари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиб-референтлар, кадр хизмати ходимларига мўлжалланган. Ундан ҳисобчилар, адлия маслаҳатчилари, аудитор, менежерлар ҳам фойдаланиши мумкин.

 ЎзА: http://uza.uz/oz/society/

Батафсил: http://til.gov.uz/uz/

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти электрон манзили: http://til.gov.uz/uz/  | https://t.me/dtrdep

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>