ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ТОШКЕНТ — ҲАЙРАТ ШАҲРИ
  • 02.09.2020
  • 671

  Бугун барча юртдошларимиз юз-кўзларида байрамона кайфият ҳукмрон. Агарда ушбу кайфиятни кенгроқ тарзда ифода этиш лозим бўлса, нуқта тиниш белгисидан кўра кўпроқ вергулни қўллашимизга тўғри келади, назаримда. Чунки бир нафасда айтадиганларимиз, шарҳларимиз бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва адоғи анча олисда.

  Дарвоқэ, ҳаётдан мамнунлик ва шукроналик ҳисси кўнгилни тозартади, обод кўнгил эса қудрат отига минади. Айнан бугун мана шу каби ҳолатлар самараси кўз ўнгимизда намоён бўлаётир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

  Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан қурилиш ва бунёдкорлик  ишлари натижаси обод манзиллар, равон йўллар, бир-биридан гўзал бино ва иншоотлар манзарасида бўй кўрсатаётир. Айниқса оғир пандемия шароитида одамлар ҳаётини фаровон, узоғини яқин қилиш, иқтисодий тараққиётни тезлаштириш мақсадида янги транспорт объектлари, йўллар, замонавий йирик корхоналар барпо этилаётгани ҳақиқий қаҳрамонлик, аслида.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 1 сентябрь кунги сони

 Халқимизда «тўйга тўёна билан» қабилидаги ҳикматли ибора бор. Юртимизнинг турли нуқталарида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ҳосиласини қутлуғ саналар олдидан азиз ватандошларимиз ихтиёрига байрам туҳфаси тарзида топшириш анъанага айланиб улгурган. Мазкур анъанани муносиб давом эттириш ва шунинг баробарида эл-улус дуосига мушарраф бўлиш мақсадида пойтахтимиз бунёкорлари кечани кеча, кундузни кундуз демасдан ўзларининг соҳавий билимларини намойиш этиш ҳамоҳанглигида шу юртга бўлган чексиз меҳрини ҳам кўрсата олдилар.

  Муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳнамолигида жонажон Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан юртимиз Юраги бўлмиш кўркам Тошкент шаҳрида фойдаланишга топширилган бир қатор янги объектларни кўриб, кузатиб ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Юртбошимиз таъкидлаганидек, Бош кентимиз кун сайин кенгайиб, аҳоли сони ҳам ошиб бормоқда. Бу эса албатта, янги қулайликларни яратишга, иш ўринлари сонини оширишга, бир сўз билан айтганда, янгича ҳаёт тарзини бунёд этишга ундайди.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 1 сентябрь кунги сони

  Куни кеча бир гуруҳ ижодкорлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган тенгсиз янгиланиш ишлари билан яқиндан танишдик. Энг муҳими, бутун дунё пандемия билан курашиб, ҳаётий режаларини ҳам бир четга суриб қўйган паллада бундай улуғвор ишларнинг бардавомлигини кўриб, кўнглингда бир роҳат туясан, киши. Тан олиб айтиш керак, мазкур улкан ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Катта заҳматлар эвазига барпо этилаётган барча янгиланишларни ҳар биримиз ўз тасаввуримизда бир нуқтага жамлагудай бўлсак, Юртбошимиз кўнглидаги БУЮК МАҚСАДЛАР битигини ўқигандай бўламиз!

  Аслини олганда, ободлик — кўнгилдан бошланади. Обод кўнгиллар обод манзилларни бунёд этиш ишқи билан яшайди. Пойтахтимиздаги бир қанча кўчаларнинг замонавий ҳамда барча талабларга жавоб берадиган ҳолга келтирилгани ва бундан ҳудуд аҳолисининг мамнун кайфиятини кузатиб, буюк муҳаддис имом Бухорийнинг «Барча яхши ишлар ниятга боғлиқ ва ҳар кимга ўзи хоҳлаган нарса берилади» деган ҳадиси кўнглимиздан ўтади.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 1 сентябрь кунги сони

  Биз эзгу мақсадли халқмиз. Саломимиздан тортиб хайрлашув сўзларимизгача бир-биримизга яхшилик илинамиз. Азалий қадриятларимиз ўзаги бўлиб хизмат қилувчи ОБОДЛИК тушунчаси бизнинг одатий ҳаёт тарзимизга айланмоғи лозим. Айниқса, сўнгги йиллардаги мисли кўрилмаган янгиланишлар, уй-жойлар, саноат корхоналари, шаҳримизни ўраб турган равон айланма ҳалқа йўллари ва метро йўналишларининг юксак дид ҳамда миллий маҳорат билан яратилаётгани барчамизнинг кўнглимизни фахру ифтихорга тўлдиради. Шундай кўркам Ватанга мансуб эканингдан ғурурланиб кетасан!

  Инсон ҳаётининг асл мазмуни ўзи туғилиб-ўсган заминни обод қилиш, шу тупроқ ҳаққи элу юрт корига яраш, ўз касбидан келиб чиққан ҳолда халқ хизматида бўлишдир. Мен ўзбек халқимнинг бир ижодкор фарзанди сифатида аввало қалбдаги меҳрим ва қўлдаги қаламим ила дунёларга юзланаман. Агар таърифимга ажабланмасангиз, дониш аждодларим ёқиб кетган илму фан — ҳаёт чироқлари шуъласида мук тушиб китоб ўқиётган оламга айтадиган мағрур сўзларим кўп! Башарият аҳлини азал-азалдан ҳайратларга солиб келганмиз ва уларни ҳайратлантиришда ҳам давом этгаймиз!

Мана, сизга яна бир ҳайрат ифодаси:

 

ТОШКЕНТ — Ватанимнинг гўзал Пойтахти,

Кундуз — қуёш тахти, тунда — ой тахти.

 Бормоқда фусункор бир чирой очиб,

Кенглиги кун сайин тўрт томон «қочиб».

 Ер ости, ер усти йўллари шинам,

Анҳорлари, сунъий кўллари шинам.

 Ҳайратдан қоқмайсиз ҳатто киприклар,

Эшилиб-буралган баланд кўприклар.

 Хоҳ уловда кезинг, хоҳланг пиёда –

Сизга қулайликлар шай ва зиёда.

 Тонгда сув сепилган кўча ярақлар,

Кўкаламзор ерлар, қатор дарахтлар –

 Йил бўйи таратар баҳор нафасин,

Шаҳар янгилар ҳар кун қиёфасин.

 Биргина сўзим бор башар аҳлига:

«Йўлингиз тушганми Ҳайрат шаҳрига?!»

 … Бу сўзим қўймасин паришон айлаб,

Тошкентнинг иккинчи номидир Ҳайрат!

Пойтахтимиздаги янги метро бекатларига саёҳат — «O‘zbekiston–24»

  Ориф Тўхташев, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>