ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
АДАБИЁТ — ХАЛҚНИНГ ЮРАГИ!
  • 30.08.2020
  • 822

   Жонажон Ўзбекистонимиз ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 29 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилмоқда.

 

 

   Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

   Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги-шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

 

 

   Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони яратилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз — эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

   Шу аснода, юртимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган юксак эътиборни алоҳида эътироф этиш жоиз. Жамият томонидан мустақиллигимизнинг 29 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги “Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 502-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Жамиятимизнинг бир гуруҳ ёшлари жамоаси Тошкент шаҳри марказида жойлашган Адиблар хиёбонида бўлишди.

 

 

   Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон, юртимиз ёшларининг севимли нашри — “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, ёзувчи Нурилла Чори ҳамда Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Урунов иштирокида Адиблар хиёбонида сўнгги йилларда амалга оширилган кўнг кўламли ишлар хусусида ажойиб давра суҳбати ташкил қилинди. Саёҳат давомида ёшларига адиб ва шоирларнинг ҳаёт йўли, уларнинг маълум ва машҳур асарлари ҳақида мулоҳазалар баён қилинди. Ташкил этилган адабий даврада ёшлар муаззам ҳайкаллар пойида ўзлари ёқтириб, ёд олишган шеърлардан намуналар ўқиб беришди. Миллий адабиётимиз хазинасини бойитишда улкан ҳисса қўшган ижодкорларнинг элга манзур асарлари хусусида суҳбат қурилди.

 

   Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланишимиз лозим...”

   Ишонамизки, бугунги адабий тадбир Жамиятимизнинг фаол ёшлари қалбини янада ўзгача оловлантириб, янги марралар сари илҳомлантирди.

 

Ориф Тўхташев,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг 

маънавий-марифий ишлар бўйича маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

 

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>