Янгиликлар
АВТОТРАНСПОРТ ВА МЕХАНИЗМЛАР ХИЗМАТИ: 16 ТА ЯНГИ АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ХАРИД ҚИЛИНДИ
  • 17.08.2020
  • 1334

   Йўллар иқтисодиётнинг қон томирлари, деган жумлани эшитганмисиз?

   Агар иқтисодиётни харакатга келтирувчи куч шартли равишда ишлаб чиқариш, яъни маҳсулот ва хизмат кўрсатиш турларининг сони ва сифати бўлса, шубҳасиз уларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш жараёнида автотранспорт хизматининг аҳамияти нақадар муҳимлигини пайқаймиз...

 

Харид қилинган автотранспорт воситалари

 

   Дарҳақиқат, юк ва йўловчи ташишда, умуман олганда, мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамда энергетика соҳасини янада ривожлантиришда автотранспорт воситалари муҳим ўрин тутади. Худди шу мақсадда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг Автотранспорт ва механизмлар хизмати томонидан бир қанча ишлар олиб борилмоқда.

   Аниқроғи, Жамият таркибидаги филилалларнинг электр ускуналари ва товар-моддий бойликларини ташиш, тизим доирасида олиб борилаётган барча турдаги жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари, инвестицион дастурлар, модернизация ва капитал қурилиш жараёнларида юк ташиш ва ортиш-тушириш, шу билан бир қаторда, коронавирус пандемияси муносабати билан ўрнатилган карантин чекловлари даврида соҳа вакиллари узлуксиз иш фаолиятини олиб боришлари учун барча ҳудудлардаги ишчи-ходимларини ташишда фаол хизмат кўрсатишди.

 

   Ҳисобот тариқасида айтадиган бўлсак, мазкур хизмат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Жамият фаолиятида маълум маънода иш унумдорлиги оширилди, нефть маҳсулотлари тежалди, қолаверса махсус техникалардан рационал фойдаланиш, техника ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, яъни хавфсиз йўловчи ва юк ташиш, хавфсиз юк кўтариш ишларини ташкил этиш, шунингдек махсус техникалар ёрдамида транспорт хизмати кўрсатиш бўйича амалий ишлар амалга оширилди.

 

Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда автотранспорт воситаларини дезинфекциялаш жараёнидан лавҳалар

 

   2020 йил 1 август ҳолатига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги корхоналарда жами 449 дона автотранспорт ва механизмлар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда автотранспорт воситаларининг ишга чиқиш кўрсаткичи 90.5%ни ташкил қилмоқда.

   Ўтган 7 ой мобайнида техник жиҳатдан носоз, маънан эскирган, таъмирлаш-созлаш ишлари иқтисодий самара бермайдиган 4 дона автотранспорт воситаси ҳисобдан чиқарилди.

Шунингдек, иш унумдорлигини ошириш, инвестицион дастурларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида 1 дона 25 тонна юк кўтариш қобилиятига эга автокран, 1 дона юк кўтариш қобилияти 20 тонна бўлган автосамосвал, 1 дона ишчи-ходимларни ташиш учун ISUZU маркали автобус, 7 дона тезкор вазифалар учун енгил автомашина, шунингдек инвестицион дастур доирасида 6 дона махсус ишларга мўлжалланган автогидрокўтаргичлар харид қилинди ва ҳозирда Жамият филиаллари таркибида хизмат кўрсатмоқда.

   2020 йил мобайнида нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш режаси ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ учун маҳсулот таннархини камайтириш бўйича тузилган чора-тадбирларга асосан жами 14 дона автотранспорт воситалари экологик тоза ва иқтисодий самара берадиган табиий газ ёқилғисига қайта жиҳозлаш режалаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунгача 8 дона автотранспорт воситаси газ ёқилғисига қайта жиҳозланди.

 

Юк ташиш ва табиий газ ёқилғисига қайта жиҳозлаш

 

   Ҳозирги кунда корхоналарнинг юк автомобиллари орқали инвестицион дастур, юқори кучланишли подстанциялар ва ҳаво линияларининг капитал ва жорий таъмири учун зарур моддий товар бойликлари буюртмаларга асосан ўз манзилига етказиб берилмоқда.

   Шу билан бирга, 7 ой давомида инвестицион дастурларни ҳамда таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон темир йўллари орқали 676 та темир-бетон конструкциялар ва темир конструкцияли таянч устунлари ортилган 56 та вагон-турникетларни Сурхондарё, Бухоро, Наманган, Хоразм вилоятларига ва Қорақалпоғистон Республикасига тезкор равишда етказиб бериш ишлари амалга оширилди.

   Юқори кучланишли подстанцияларни ва электр тармоқларини эксплуатация қилиш, таъмирлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш ҳамда мавжуд транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш юзасидан махсус техникалар филиаллар ўртасида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ кўрсатмаларига асосан тақсимланиб борилмоқда.

 

   Ҳудудлардаги механизация гуруҳи ишчи-ходимлари ва ҳайдовчилари учун қулай шарт-шароит яратиш, иш унумдорлигини ошириш мақсадида Наманган ва Навоий МЭТ механизация гуруҳлари барча қулайликларга эга, қайта жиҳозланган 2 дона контейнерлар билан таъминланди.

   Республикамизда коронавирус пандемияси муносабати билан ўрнатилган карантин тартиби даврида ҳам, Жамиятимиз иш фаолиятини доимий давом эттириб келди. Шу муносабат билан, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти ва ҳудудлардаги филиалларнинг ишчи-ходимларини иш жойига ташиш бўйича 125 дона ҳар хил турдаги йўловчи ташишга мўлжалланган техникалар жалб қилиниб, кунига ўртача 750 нафардан ортиқ ишчи-ходим иш жойларига бориш ва келиши ташкил қилинди.

Карантин даврида юк ва оператив автомашиналаримизнинг республика ҳудудида эркин ва бетўхтов ҳаракатланишини таъминлаш борасида доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Йўл ҳаракати хавсизлиги бош бошкармаси билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилди. Шунингдек, шу кунгача барча турдаги автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ишга чиқишдан олдин доимий равишда тиббий ходимлар томонидан назорат қилиниб, транспорт воситаларида тегишли тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилди.

   2020 йил бининчи яримйиллиги даврида Автотранспорт ва механизмлар хизмати ходимлари томонидан Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Наманган ва Фарғона магистрал электр тармоқлари ҳудудий филиаллари таркибидаги автохўжаликлар фаолияти танқидий ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Ҳозирги кунда камчиликларни бартараф қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

Эски русумдаги автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва бўяш жараёнидан лавҳалар

 

   «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг 2020 йил 17 июлдаги 01-16/17-сонли факсограммадаги топшириғига асосан барча филиаллардаги автотранспорт воситаларини тамирлаш ишлари ва автомашиналарни эстетик кўриниши яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

   Келгусида Автотранспорт ва механизмлар хизмати иш фаолиятини янада самарали ташкил этиш, хавфсиз ва ишончли транспорт хизматларини кўрсатиш, барча автохўжаликларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш бўйича зарур чоралар кўрилган.

 

 Нодир Азимов,

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Автотранспорт ва механизмлар хизмати бошлиғи

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati

>