Келиб тушган мурожаатлар
РАСМИЙ МУНОСАБАТ: ЭЛЕКТР ЖИҲОЗЛАРИНИ ТЕХНИК-МУҲАНДИСЛИК ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШ МУҲИМ
  • 03.08.2020
  • 1164

   2020 йил 30 июль куни diyor24.uz веб-сатида «Бойсун тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди, аммо айрим саволлар жавобсиз қолмоқда» номли мақола эълон қилинди.

   Батафсил: https://diyor24.uz/

   Унда Бойсун тумани ҳокимлигининг расмий муносабати остига: сув қувури электр таъминоти огоҳлантиришсиз узилгани сабабли шикастлангани, бунга электр таъминотчиси жавоб бериши лозимлиги, электр таъминотининг огоҳлантиришсиз узилишлари натижасида аҳолининг қанчадан-қанча маиший техник воситалари ишдан чиқаётгани, бундай ҳолатларнинг олдини олувчи тартиб-қоида ва ечим мавжуд ёки йўқлиги мутасадди ташкилотларга савол тариқасида қолдирилган.  

   Юқорида келтирилган саволларга жавоб ва мазкур масаланинг батафсил изоҳи электр энергиясини тақсимловчи-таъминловчи корхона —  «Ҳудудий миллий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати томонидан маълум қилинади.

 

 

   “Аму-Сурхон Ирригация тизимлари” ҳавза бошқармаси қошидаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги “Дарбанд” насос станцияси 1-кўтармасидаги босимли қувурнинг Бойсун 110 кВ электр линиясида электр энергиясининг тўсатдан ўчиши натижасида носоз ҳолга келиши юзасидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига таяниб қуйидагиларни маълум қилади:

   Жорий йил 29 июль куни соат 13:57 да «Навоий ИЭС»даги 1-сонли буғ-газ қурилмаси автоматик бошқарув тизимидаги носозлик туфайли фавқулотда ўчди. Энерготизимда турғунликни сақлашга қаратилган аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида истеъмолчилар бир неча дақиқа тармоқдан автоматик тарзда узилган. Тармоқдан узилган истеъмолчилар ичида Бойсундаги насос станциялари ҳам мавжуд. Электр таъминоти узилгандан кейин рўй берган авариявий ўчиш билан боғлиқ барча техник шартлар ниҳоясига етказилиб, сўнг тармоққа қайта уланган.

   Умуман олганда, истеъмолчилар техник шартлар орқали автоматика тизимига киритилгани (хавфсизлик талабларига мувофиқ)  ҳақида огоҳлантирилади ва имзоланадиган шартнома шартларида бу ҳақдаги бандлар мавжуд. Насос станциялари ҳам турли носозлик рўй берган пайтларда электр таъминоти тизимининг автоматик қайта уланиш тартибидан хабардор. Аммо сув насосларида тескари йўналишни блоклайдиган махсус клапани (обратный клапан) бўлиши лозим.

 

 

   Фақат носоз сув насослари электр таъминотидаги автоматик қайта уланиш пайтида сувнинг тескари йўналишдаги ҳаракати (босими) туфайли яна бир қанча носозликларга дуч келиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар ҳаво линияси авариявий ўчганда ҳам содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Хуллас, Бойсун 110 кВ ҳаво линияси электр таъминотининг барқарорлик иш режими ва балансидан келиб чиқиб 25 дақиқадан сўнг, соат 14:22 тармоққа уланган.

   Келгусида шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тоифаланган объектлар электр жиҳозларини, хусусан сув насосларини ҳам барча техник-муҳандислик талабларга мос равишда — соз ҳолатда эксплуатация қилиш мақсадга мувофиқ. Тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида шуни айтишимиз мумкинки, агар электр таъминотидаги хавфсизлик шартлари: авариявий ўчиш ва автоматик қайта уланиш жараёнида сув насосларида турли носозликлар келиб чиқаверганида, сув таъминоти жараёнида беқарор вазият юзага келиши содир бўлар эди.

   Электр энергияси ишлаб чиқарувчи буғ-газ қурилмаси автоматик бошқарув тизимидаги носозлик туфайли юз берган қисқа узилишлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>