Янгиликлар
МУБОРАК АЙЁМ ҚУТЛОВИ
  • 30.07.2020
  • 636

   Азиз жамоадошлар, ҳурматли ҳамкасблар!

   Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-моҳияти бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Айни чоғларда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус касаллиги тезроқ аришини, беморларга комил шифо беришини Ҳақ таолодан сўраб қоламиз.

   Таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Бу ойда имкон қадар қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади.

   Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Таъкидлаш керакки, бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли нишонлаймиз. Биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни телефон қўнғироғи орқали йўқлаймиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Зеро, улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

   Демакки, бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунган ҳолда амал қилиб, бошга келган синовларни сабр-қаноат ила ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтиш лозим бўлади. Сиз азизларни Ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрам — Қурбон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этаман!

   Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, энергетика соҳасининг ривожи учун қўшаётган муносиб ҳиссангиз қадрли. Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан таъминлаш ишончлилигини ошириш йўлидаги самарали меҳнатингиз учун ташаккур!

   Сизларга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, Жамиятимиз равнақи йўлидаги ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Яратган бутун дунёга офият берсин! Келаси шу ой, шу кунларга соғ-саломат, тинчлик-осудаликда етиб боришимизни насиб айласин! Яна бир бор барчангизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

 

Дадажон Айнақулович Исақулов,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси

>