ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ЮРАК — МАСОФА БИЛМАС!
  • 22.07.2020
  • 719

   Муҳтарам Президентимиз куни кеча мутасадди вакиллар иштирокида яна йиғилиш ўтказиб, “ҳар бир раҳбарнинг ўз ходимлари ва аҳоли саломатлигини сақлашдан бўлак муҳим вазифаси йўқ”, дея таъкидлади. Дарвоқэ, соғлиқ — бу энг катта бойлик. Тасаввур этинг, орамизда кимнингдир барча эҳтитёжларига яраша мол-мулки сероб, аммо саломатлиги жойида эмас.

   Хўш, энди айтинг-чи, мана шунча мол-мулк бетоб ҳолида унинг кўнглига сиғадими?

   Бугунги коронавируснинг аниқ ўз малҳами дунё бўйлаб топилмай турган бир кезда... Хуллас, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи фожеадай туюлади. Аммо ўша инсон соғ-саломат бўлиб, ўзининг гўзал ҳаётий режаларини тузиб юрса, ўша мол-мулкнинг ўзи уни йўқлаб келади, албатта.

   Дунёни кўриб-кузатиб турибмиз, аҳвол кун сайин мураккаблашиб боряпти. Мана шу вазиятнинг ўзи барчамизни сергак ва ҳушёр этиши керак.

   Дунёда биз ЎЗБЕКЛАР сингари болажон халқ бўлмаса керак. Ҳар бир орзу-ҳавасимиз фарзандлар камоли ва келажагига туташган. Катта-катта тўйлар қилишни, хурсандчилик давралари ташкил этишни режалаштириб яшаймиз ҳамиша. Шундай экан, биз ўз болажонлигимизни бугунги кун эҳтиёткорлигида ҳам намоён этишимиз даркор. Зеро, ҳар кеч дарвозани очиб, бағримизга отилишга шай турган азиз фарзандларимизга дастлаб бу йўлда ўрнак, НАМУНА бўлайлик. Ўзимиз карантин талабларини қойиллатиб бажармасдан туриб, уларга минг панд-у насиҳат қилмайлик, таъсир этмайди.

   Дунё статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, беихтиёр «хайрият» деган сўзлар тилингдан тўкила бошлайди. Таққослайдиган бўлсак ҳам бугунги кунларга қадар айнан бизнинг мамлакатимизда йўқотишлар миқдори анча кам эди.  Минг афсуски, бу сон ҳам ўсишда давом этяпти...

   Карантин талабларига бўйсунмасликни ҳечам тасаввур этолмайман. Чунки бу меъёр ва чекловлар ким учун ишлаб чиқилди? Дастлаб мана шу саволга ҳар биримиз жавоб ахтариб кўрайлик-чи? Айнан кўп сонли  аҳолимизнинг карантинда қолиб, ўз уйида ўтиришлари давлатимиз учун наф келтиради, деб ўйлайсизми?! Аксинча, барча-барчамиз ўз ишимизда ўз маромида фаолиятимизни давом эттирсаккина, мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшган бўламиз. Демак, бизнинг ҳар биримизнинг уйда қолишимиз ҳукуматимиз учун ҳам, шахсан Муҳтарам Президентимиз учун ҳам асло зарур эмас. Бу заруратнинг ишлаб чиқилиши аввало аҳоли саломатлиги йўлидаги катта қурбонлик. Мана шу сўзларни барчамиз бирдек ҳис қилсаккина, мурод-у мақсадларимизга яқинлашган бўламиз.

   Бу жуда катта СИНОВ бўлди Ер шари учун, дунёмиз учун, бани одамизот учун! Баъзида ўйлаб қоламан, балки бу балонинг пайдо бўлишига инсониятнинг ўзи сабабчидир, деб. Она табиатга худбинларча ўрнатган муносабатларимиз, бир-бировга бўлган оқибатсизликларимиз, бир парча ер баҳонасидаги жанг-у жадаллар, уруш ва ғалаёнлар, кимўзарга беллашган ҳолдаги исрофгарчилик ҳолатларимиз, умримизнинг энг гулгун дамларини бўлар-бўлмас машғулотларга сарф этиб юборганларимиз... Бу сафни яна қанча давом эттирсак тугамаслиги тайин. Менинг назаримда, бугунги дунёвий хунук ҳолатларда “эй инсон, кўзингни оч, ўзингни тани!” деган қатъий хитоб бордай туюлади. Буни қарангки, яшаб турган Еримиз қолиб, тубсиз галактикага кўз тика бошлади одамзот. Қўйиб берса, қудратли мамлакатлар Ойни ҳам ўзиники қилишга тайёр турибди. Аммо ҳайратланарли томони шундаки, кўз илғамас миттидан митти бир вирусга енгилмоқда, бу офатга бас келолмай боши қотган...

   Карантин талабларига бўйсуниш шарт эканлиги, аввало бу ўз саломатлигимиз йўлида жорий қилинганлигини барчамиз яхши биламиз. Буни бот-бот такрорлашнинг кераги йўқ, аслида. Радиода, ТВда, газеталарда, ижтимоий тармоқларда бу мавзуда кўп такрорланяпти. Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидовнинг шундай мисралари бор: “Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр, такрор айтилганда рангсиздир калом...”. Шундай экан, мен биринчи галда барча юртдошларимизга сабр ва қаноат тилайман. Мана, беморлар сони кескин ошиб, касалхоналарда жойлар тақчиллиги юзага келиб бошлади. Бу бало билан курашаётган беморларнинг тортаётган жабр-у ситамларини ҳам кўриб, эшитиб турибмиз. Хўп, шундай экан, яна юртдошларимизга бир саволомуз сўз айтишга ўзимизда куч топамиз: “Азизлар, олдимизда иккита йўл бор: бириси – САБРга олиб борса, иккинчиси – ЖАБРга олиб боради. Ҳарқалай, биринчи йўлдан қўймасин ҳеч биримизни!

   Шифокор дўстларим бор, бугунги вазиятнинг ичида юрган. Биласизми, уларни мен ўз ишига садоқатли ўт ўчирувчиларига қиёслайман. Ўз жонини гаровга қўйиб, оиласи, жондан ширин фарзандларини бир четга суриб, халқимизнинг хизматига лаббай дея, ёниб ётган оловнинг ичидан бирма-бир беморларни олиб чиқмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу ишларнинг ҳаммаси – катта ҚАҲРАМОНЛИК ва ўз ўрнида Ватанпарварлик ҳамдир! Яратганнинг ўзи уларнинг ҳар бир ишида мададкор бўлсин, деймиз! Ёруғ кунларимизга тезроқ қайтайлик, деймиз. Бу каби ишларга сафарбавр этилган барча касб эгалари ҳаққига дуолар йўллаймиз!

   Биласизми, коронавирус балоси туфайли бироз “тарбияландик” ҳам, ўзимизни бир ўнглаб олдик. Тозалик-озодаликка анчайин мослашдик. Яқинларимизга, дўст-у ёрларимизга бўлган меҳримиз янада ошди, дийдорини, гулгун суҳбатларини соғиниб қолдик. Оқибат ёдимизга тушди, эҳтиёжманд кишиларга ҳиммат қўлларини чўза бошладик. Қараб турасиз, мана шу пандемия сабаб, карантиндан кейинги кунларимиз бошқача бир файзиёблик касб этади. Одамийлик кайфияти билан безалади кунларимиз!

 

Асли Инсон билан тирикдир Инсон,

Елкадош яшамоқ — умр безаги.

Мақсадларимизга қолдирмай имкон –

Бугун дунё бўйлаб офат кезади.

 

Биродар, сиз яхши Инсонсиз беҳад,

Кўришгим келади бағримга босиб.

Кўзлар билан кулиб қўясиз фақат,

Нурли юзингизга ниқобни осиб.

 

Қайдан келди ўзи бундай касофат?!

Заррадан зир титрар Она Еримиз.

Сақлашга мажбурмиз бугун масофа,

Қўллар кўксимизда, тилда – деримиз.

 

Аммо бу офатга мағлубият тан,

Эртами ё индин чеккайдир фарёд.

Масофа не, билмас юраклар билан

Бирлашиб, балони этгаймиз барбод!

 

Ориф ТЎХТАШЕВ,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти

раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

 

 

   Мана шундай кайфият билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф ТЎХТАШ “Ўзбекистон-24” телеканали учун махсус интервью берди. Ушбу кўрсатувни сизнинг ҳукмингизга ҳам ҳавола этишни муносиб кўрдик.

 

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>