ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
БУ ЮК – БУЮКЛИКДАН ДАРАК
  • 30.06.2020
  • 783

  Юксак ифтихор билан айтиш мумкинки, шу кунларда миллатимиз кўзгуси дея таърифлайдиганимиз – Ўзбек тилининг софлигини сақлаш ва албатта унинг луғат бойлигини ошириш, барча соҳаларда қўлланиб келинаётган замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш борасида яна бир дадил қадам қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан янги нусхадаги ўзбек тилининг изоҳли луғати яратилди. 5 жилддан иборат мазкур қўлланмага саксон мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланиладиган сўзлар, тарихий атамаларни ўз ичига олади.

  Бир сўз билан айтадиган бўлсак, юрагида миллий ғурури бор ва ўзлигини унутмаган ҳар бир ватандошимиз учун бу жуда қувончли воқеалардан биридир!

  Ростини айтиш керак, она тилимиз олдида барчамиз бироз хижолатли эдик. Негаки, мустақил бўла туриб, энг муҳим вазифамизни негадир пайсалга солиб келдик, “эрта”га ташладик. Бу каби ҳолатларни синчковлик билан назардан ўтказган Муҳтарам Президентимизнинг раҳнамолиги остида Она Тилимизга қайтадан юксак ҳурмат кўрсатила бошланди. Бу борада кўплаб қарор ва фармойишлар қабул қилинди, хайриятки, ярашиқли ишларимиз бўй кўрсата бошлади.

  Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Давлатимиз Раҳбари “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, - деган эдилар. Бу сўзни қалбан ҳис қилган киши ўзи учун катта мажбурият олиши муқаррар!

  Муқовасига зарҳал битиклар ила “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” деб ёзилган мазкур китоблар жамланмаси ҳар бир ўзбек хонадонида бўлиши керак ва севимли шоиримиз Сирожиддин Саййид тили билан айтганда, “...менинг борим сен биландир, йўғим сен билан, катта йўлга чиққан улуғ карвоним, Ватан!” дея қўлга олинмоғи лозим.

  Хуллас, бу борада айтадиган гапларим кўп. Сўзимни қисқа қилиб, Ўзбегим Китобини меҳр ила варақлашга тушаман. Алифбо тартибида берилган сўзларнинг дастлабкиларига кўзим тушади: АБАД, АБАДИЙ, АБАДИЙЛИК... Ногоҳ бу сўзлардан кўзларим “сув ичади”, лабларим беихтиёр пичирлайди: “Сени абадулабад эъзозлаймиз, эй, Онажон Тил!”

  5 жилддан иборат улкан ва шу билан бирга кўркам қўлланмани қабул қиларканмиз, тадбир иштирокчиларидан бири Китобнинг залворидан гапириб қолди. Дарҳақиқат, БУ ЮК — БИЗНИНГ БУЮКЛИГИМИЗдан дарак эди гўё!

Ориф ТЎХТАШЕВ,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти

раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

>