ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ҲАР БИР ИШДА МАЪНАВИЯТ УСТУВОР БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ
  • 19.06.2020
  • 839

  Жорий йилнинг 15–17 июнь кунлари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ишлари бўйича маслаҳатчиси Ориф Тўхташев томонидан Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалларга хизмат сафари уюштирилди.

  Сафар мобайнида «Хоразм МЭТ» ҳамда «Қорақалпоқ МЭТ» филиалларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар жамоаси ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, ўз фаолиятига фидойилик ва садоқат билан ёндашиш, соҳага ва, албатта, соҳадошларга ҳурматда бўлиш, шунингдек, давлат тилида иш юритиш борасида ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган барча талаб ва қоидаларга сўзсиз амал қилиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

 

 

  Дастлаб Урганч шаҳрининг марказий кўчаларига ёндош манзилда қурилган ва барча қулайликларга эга бинога жойлашган «Хоразм МЭТ» филиали ишчи-хизматчилари иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди.  Ушбу учрашув асносида филиал ходимлари билан дилдан суҳбатлашилди. Жамоадаги аҳиллик кайфияти, бир-бировга ҳурмат ва имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш, қолаверса, бир жамоада ишлаш — бир оила аъзолари сингари яқинлик белгиси эканлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, юртимиз ҳукумати томонидан ҳам коррупция ва шунга ўхшаш тубан иллатларга қарши олиб борилаётган ишлар таъкидлаб ўтилди.

  Шу кунларда бутун республикамиз бўйлаб давлат тилига алоҳида эътибор қаратилиши натижаси ўлароқ, жойлардаги, кўча-кўйдаги реклама баннерлари, бошқа тилда ёзиб қўйилган дўкон номлари ўзгартирилмоқда. Бу иш, табиийки, корхона-ташкилотлар номига ва олиб бораётган ишига ҳам боғлиқ ҳисобланади. Эндиликда барча хат-ҳужжатлар биринчи навбатда давлат тилида ва албатта саводхонлик билан ёзилиши лозим. Шу маънода, филиалдаги ҳужжатлар билан иш олиб борувчи ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди. Филиал ва унинг тасарруфидаги нимстанцияларни таништирувчи ёзувлари бўйича ҳам тегишли йўналишлар баён қилинди.

  Суҳбат жараёнида шу нарса аён бўлди-ки, аксарият ходимлар ўзи фаолият юритиб турган ишдан қалбан қониқиш ҳосил қилган. Маошларнинг ўз вақтида берилаётганлиги, кўпгина шарт-шароитлар мавжудлиги алоҳида эътироф қилинди. Шунингдек, ёруғ ва шинам меҳнат хоналарига ярашиқли тарзда янги мебелларга, стол-стулларга эҳтиёж мавжудлиги очиқланди. Қолаверса, меҳнат сифатини яхшилаш йўлида эски русумдаги бир қанча компьютерларни янгилаш ва имкони бўлса, бугунги қайноқ кунлар учун битта музлатгич харид қилиш зарурлиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари, филиал учун алоҳида лаборатория хонасига катта эҳтиёж борлиги аён бўлди.

  Суҳбат давомида турдош ташкилот вакилларининг ойлик маошлари филиал ходимлари маошларидан бироз фарқли эканлиги, аммо меҳнат жараёни эса бир-биридан асло фарқ қилмаслиги билдирилди. Ва белгилаб қўйилган меъёрдан ортиқ тарзда иш олиб бораётган ишчи-ходимларни моддий рағбатлантириш қайсидир маънода меҳнат самарадорлигига ижобий таъсир ўтказиши таъкидлаб ўтилди.

  Суҳбат якунида бошқарув раисининг маслаҳатчиси томонидан фаол ишчи-ходимларнинг меҳнат таътилини ўтказиш жараёнларига эътибор қаратилиб, уларга тизим тасарруфидаги дам олиш ва соғломлаштириш масканларига йўлланмалар  тақдим этиш мумкинлиги алоҳида айтиб ўтилди.

 

 

  Шундан сўнг, «Хоразм МЭТ» филиали тасарруфидаги мавжуд нимстанцияларга борилиб, у ерлардаги мавжуд шарт-шароитлар билан танишиб чиқилди. Ташриф жараёнида «Хазорасп» нимстанциясида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар учун ичимлик суви масаласи бироз муаммоли ҳолатда эканлиги, бироқ айни кунларда мазкур масала ечими устида ишлар олиб борилаётганлиги маълум қилинди. 1976 йилдан буён узлуксиз тарзда иш олиб борилаётган ушбу нимстанция биносининг ички кўриниши таъмирталаб эканлиги, совутгич ускуналари бироз тақчиллиги, шунингдек, кабель каналини ёпиб турувчи бетон қопламаларга айни пайтда эҳтиёж мавжудлиги баён қилинди.

  Шунингдек, сафар мобайнида «Қорақалпоқ МЭТ» филиали тасарруфидаги нимстанциялар шароити билан танишиш мақсадида «Беруний», «Қорақалпоғистон» ҳамда «Технологик» нимстанцияларига борилиб, у ерда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар билан суҳбат қилинди. Мавжуд муаммоли ҳолатлар, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Нимстанцияларда ишлаб келаётган оддий ишчи-хизматчиларга берилаётган маошнинг миқдори бироз кам эканлиги, аммо иш ҳажми етарли тарздалиги баён қилинди.

  Бир-биридан анча олис чақиримда жойлашган нимстанциялардаги шароитлар қониқарли тарзда эканлиги, таъмирталаб бинолар йўқлиги ва техникалар ҳам янги ўрнатилган бўлиб, бир маромда ишлаб турилганига гувоҳ бўлинди.

  Сафарнинг сўнгги кунида «Қорақалпоқ МЭТ» филиали жойлашган бинода кўпсонли ишчи-ходимлар билан маънавий-маърифий суҳбат ташкил қилинди. Мазкур йиғилишда ҳам юқорида айтиб ўтилган барча масалаларга оид муҳокамалар, тегишли таклифлар илгари сурилди. Хусусан, айни пайтда филиал жойлашган бинонинг хоналари жуда камлиги, бу эса меҳнат самарадорлигига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаслиги таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, мавжуд компьютерларни янгилаш, принтер-сканер сингари замонавий ускуналар, янги стол-стуллар, иш жараёни учун муҳим бўлган барча жиҳозлар, шунингдек, махсус соҳавий техникаларда ҳам тақчилликлар кузатилаётганлиги айтиб ўтилди.

  Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳудудларда ишлар бир маромда олиб борилмоқда. Маънавий-маърифий суҳбат асносида ҳам барча жамоа аъзолари меҳнат қонунчилигида акс эттирилган тарбиявий жараёнлар билан қайтадан таништирилди. Филиалларда соғлом муҳитга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги, бу эса албатта, фаолият самарадорлигининг энг муҳим омилларидан бири эканлиги таъкидланди. Мавжуд тақчиллик ва камчиликларнинг ўз ечимини топишида ҳам асосан ходимлар фидойилиги ва ҳамжиҳатлиги асосий ўринда туриши бир овоздан маъқулланди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>