ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz: «Бу вилоятлар ҳокими, прокурори, ички ишлар идоралари нима билан банд?» — Президент энергия ресурсларидаги ўғриликлар ҳақида
  • 15.12.2022
  • 163

Электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар ҳамда ўғриликлар билан боғлиқ энг кўп ҳолатлар Фарғона, Андижон, Самарқанд, Наманган ва Сирдарё вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида аниқланган.

Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселекторда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғриликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ ва шерик бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилди.

Декабр ойи бошидан қарийб 3 мингта, сўнгги икки кунда эса 1,5 мингта бундай ҳолат аниқланган. Улар, айниқса, Фарғона (617 та), Андижон (325 та), Самарқанд (252 та), Наманган (220 та), Сирдарё (218 та), Тошкент шаҳрида (269 та) кўп.

 

Мисол учун, электрдан 8 миллион киловатт ўғирланган, бу куз-қиш мавсумида 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг. Шу билан бирга, 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланди.

Ўтган ҳафта Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилган.

«Бу вилоятлар ҳокими, прокурори, ички ишлар идоралари нима билан банд?» — дея савол қўйди президент.

Вилоят ҳокимлари қозонхона, газ ва кўмир тарқатиш шохобчалари, автопарк, электр тармоқларига бориб, ишларни кўзи билан кўрмагани, бу ишларни ташлаб қўйгани кескин танқид қилинди.

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>