ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ЮРТИМ ЖАМИЯТИ — ҚАЛБИМ ҲАМИЯТИ
  • 02.12.2022
  • 209

Биз эзгу мақсадларга юраги тўлиб-тошган халқмиз! Кўнглимиздаги орзу-ниятларимизга қаранг — ўта соф, ўта шаффоф, шу боис, улар мутлақ соясиз. Дилимизга туккан ҳеч бир мақсадимиз “бировларнинг боғи”га соя ташламайди. Биз биргина ўзимизга эмас, бутун башар аҳлига яхшилик соғинамиз.

Рости, бугунги дунёвий воқеа-ҳодисаларни кўриб-кузатиб, тинчлик нечоғли бахт эканини яна бир карра чуқурроқ ҳис этмоқдамиз. Ёши улуғларимизнинг ҳар бир дуосида тинчлик-хотиржамлик каби тилакларнинг нима сабабдан бот-бот такрорланиб туришини ҳам тушуниб бораётгандаймиз, чоғи.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, сўнгги йилларда жонажон юртимиз номи, шарафи дунё бўйлаб чандон юксалмоқда. Жамиятимизда чин маънода инсон қадри учун сафарбар этилган ислоҳотлар ўз тасдиғини топмоқда. Дунё ҳамжамияти ҳам бу сингари эврилишларга муносиб баҳосини бериб келаётир.

Инсоният яралибдики, адолат тушунчаси у билан бирга яшаб келади. Одам боласи барча ситам ва заққумларга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка келганда унинг бардоши “иш бермай” қолади. Шу маънода, юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятига, аввало, халқимизнинг розилиги сингдирилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бугун Ватанимиз бор бўй-басти билан дунёга қучоғини очмоқда! Ўзини, ўзлигини қадрлайдиганлар эса очиқ қалб билан ҳамкорлик таклифларини билдириб келишмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу яхшилик дарвозаларининг ланг очилганидир. Шоирона таъриф қилганда, жамиятимиздаги бу каби кўркам қиёфалар қалбим ҳамиятида аҳамият касб этиб бормоқда!

Ҳамият нима?

Яқинда устоз олим, таниқли тилшунос, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудовнинг “Миллат ҳамиятининг мунтазам ҳимояти” мақоласи эълон қилинди. Мазкур битикларни катта иштиёқ билан ўқиб чиқар эканман, ундаги “ҳамият” сўзининг луғавий маъносига келтирилган таъриф эътиборимни тортди. Рости, бу сўзни кўп жойда қўлласак-да, унинг юкдорлигига керагича диққат қилмаслигимизни тушуниб етдим. Зеро, бу сўзнинг асосий маъноси изоҳли луғатларда “ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси” тарзида тавсифланар экан.

Дарвоқе, кимдир эл-юртимиз шаънига нолойиқ бир сўз айтгудай бўлса, беихтиёр юрагимизда ҳамият бош кўтаради, кўксимизда турган қўлларимиз секин тушган ҳолда бармоқларимиз “бирлаша бошлайди”. Бошини бир нуқтага жамлаган бармоқлар жипслашувига эса ўзингиз ном қўя қолинг!

Бир ёқадан бош чиқариб...

Яқин йиллардан бошлаб туркий халқларнинг ўзаро йиғинлари кўпайди. Илоҳим, бундай жипслашувга кўз тегмасин! Бу каби эзгу мақсад мажлисларига мезбон бўлишга Ватанимиз ҳамиша тайёр эканини кўриб, яна ғурурланасан, киши!

Хўш, уларни яна бир-бири билан нима боғламоқда?! Азалий туташ ришталар мавжуд эканига асос бўла оладиган қандай ишоралар мавжуд эди? Бу каби саволларнинг барчасига биргина тил деган сўзнинг ўзи жавоб бўла олади! Шунинг учун ҳам туркий тилли халқлар саммити деб номланмоқда. Кечагина бўлиб ўтган Самарқанд саммитида жуда кўп соҳаларда ҳамкорлик режалари илгари сурилди. Энг муҳими, иштирокчи давлатлар вакилларининг ўзаро келишув суҳбатлари учун таржимонга ҳам эҳтиёж сезилмади. Давлатлар раҳбарларининг юз-кўзларида биргина эҳтиёжни кўриш мумкин эди – у ҳам бўлса ўзликка қайтиш эҳтиёжи!

Хайриятки, тилию дини, илдизи бир бўлган қардош-қариндош халқлар орадан муайян йиллар ўтиб яна топишмоқда, тўғрироғи, томирлардаги қон тортмоқда, қон!

Қон ва тил

Бу сўзлар миттидай туюлгани билан ўз замирида кўплаб моҳиятни жамлайди. Мабодо бирор шифокорга ишингиз тушса ҳам у ўз маслаҳат ва ташхисларини қон таҳлилингиздан сўнг аниқ ва равшан баён қила олади. Демак, қон кўп нарсаларни “сўзлайди” ўзимиз ҳақимизда.

Тил эса... Бу мавзуда қисқароқ гапиргим йўқ! Она тилимиз ҳақида гап кетганида тилим бийронлашиб кетади! Даставвал ундан фахрланаман, шу тилда гап айтиб турганларни “жигарим” дея бирма-бир бағримга босгим келади.

Аслини олганда, бизнинг мурғаклик пайтимиздан онгу шууримизга шу тилдаги оҳанг сўзлари (алла) сингиб борган. Кейинчалик теварак-атрофни, ота-она ва барча яқинларимизни, сўнгра шу Ватанни, борингки, бутун дунёни айнан мана шу тил орқали таниганмиз. Демак, тил инсон ҳаётида муҳим ўрин тутувчи воситалардан биридир!

“Тил – шунчаки сўзлашув воситаси-да”, деган гапни эшитсам, “восита” сўзини ёмон кўриб кетаман. У биргина восита эмас, балки кечаю бугунимиз, эртанги кунимиз, бутун ҳаётимизга вобаста бўлган ўзлигимиз демакдир! Шундай экан, уни ҳимоя қилиш ва софлигини таъминлашда ҳар бир ватандошнинг муносиб ҳиссаси бўлмоғи даркор!

Барчамизга дохил вазифа

Бугунги кунда аксариятимиз ижтимоий тармоқларнинг лоқайд кузатувчисига айланиб улгурдик. Унда ким нимани хоҳласа, шуни баён қилиб ётибди. Уларга қарата, “ҳой, шаҳар бедарвозами?!” дейдиган одамнинг ўзи йўқ.

Менга алам қиладигани – шифокорлар сингари онт ичгудек ўқиб-ўрганиб, соҳа сирлари ҳамда одобини пухта эгаллаган моҳир журналистлар қолиб, баъзи блогерларнинг (барчаси эмас, албатта!) тайин-тутуриқсиз сўзларига маҳлиё бўлаётганларнинг кўп сонли экани. Минг афсуски, уларда сўзлаш одоби ҳам ҳаминқадар ва давлат тилига муносабатини кўриб, қонинг қайнайди. Энг ёмони – бугунги ёшлар шу сингари майда гап-сўзларни тинглаб улғайишмоқда. Қолаверса, она тилига бўлган ҳурматини ҳам улардан андаза олган ҳолда тиклашмоқда.

Кузатувларимиз кўрсатмоқдаки, газетхонлигу журналхонлик каби анъаналар ўтмишдаги ғазалхонлик сингари кўҳнариб бораётгандай.

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида ўқиб қолдим, “мана, тил байрами ўтди, энди келгуси йил шу санага қадар бу мавзуда ҳеч ким гапирмайди, сувга тушган тангадай жимиб яшаймиз”, эмиш. Хўш, шундай экан, ушбу гапни ёзганнинг ўзи қандай иш билан машғул бўларкин буёғига?! Ўзини “тил жонкуяри” сифатида санар экан, нега йил мобайнида бу мавзуда бонг урмайди? Ёки унга “тил ҳақида гапиришдан тилингни тий!” деган кўрсатма берилдимикин?!

Тўғриси, бу борада айтаман десак, гап кўп, аммо бир нарса аёнки, ҳеч бир инсонга тил масаласида сўз айтмаслик шарти қўйилмаган. Ҳа, айтгандай, биргина шарт бор – у ҳам бўлса, муносиб тарзда гап айта олиш!

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилган. Мазкур муассаса бугунги кунга қадар давлат тилининг мавқеи ва нуфузини ошириш йўлида баҳоли қудрат ҳаракат қилиб келмоқда. Аммо юқорида айтганимиздек, бу жараён биргина идора ёки бир неча кишининггина гарданидаги вазифа эмас. Ахир бу барчамиз бирдек кундалик турмушимизда мунтазам қўллаб келаётганимиз – муаззам она тилимизнинг тақдири. Шундай экан, бу йўлда ҳаммамизнинг зиммамизга озми-кўпми вазифалар юкланади. Бу борада кенг жамоатчилик назорати йўлга қўйилиши керак. Муқояса қилиб айтадиган бўлсам, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзини давлат тили учун қоровулдай иш олиб бориши керак. Янаям аниқлик билан қиёслайдиган бўлсак, ҳақиқий тил жонкуяри – давлат чегараларида турган сергак зобит сингари демакдир!

Сўнгсўз

Мақолани мен бежиз бундай номламадим. Чунки тегра-атрофимизда бўлиб турган барча воқеа-ҳодиса умумҳамиятимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Яъни бир кўркам амал эгасини учратсанг-у, ўзинг ҳам ундан улги олган ҳолда яшашда хушнуд давом этсанг, чин ҳаётдан баҳрамандлик бошингни осмон қилади. Мабодо бирортанинг ноқис феъли ёхуд амалидан оғринсанг, узоқ вақт кўнглинг ёришмай қийнайди. Илоҳим, юракларимизни яйратадиган ва тилларимизни бийрон сайратадиган сабаблар кўп бўлсин!

Хулоса ўрнида қуйидаги сўзларни келтиришни муносиб кўрдим: Азиз замондош, одил жамият сизу биздаги ҳамиятдан куч олмоғи керак! Демакки, юртимизда жадал суръатда давом этаётган янгиланиш жараёнлари ҳар биримизга бевосита дахлдор экан, унда муносиб иштирокимиз бўлсин!

✍️Ориф ТЎХТАШЕВ,

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси

Мақолани ўқиш

► Вазирлар Маҳкамасининг Маъʼнавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти расмий саҳифасига уланиш

►  https://t.me/dtrdep

Веб-саҳифаTelegram  ‖ FacebookInstagramTwitterUtubeYoutube

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>