ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Уйимиздаги чироқлар токайгача ўчади?»
  • 22.11.2022
  • 200

Саволлар кўп,  тайинли жавоб йўқ

Кейинги пайтларда Жомбой туманидаги Полвонариқ, Қўлбўсти, Наймантепа, Журият, Саричашма, Шерқўрғон фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли электр токи узилишларидан кўп жабр чекмоқда. Масалан, 24-26 октябрь кунлари «Наймантепа» фуқаролар йиғинига қарашли аҳоли пунктларида соат 19 дан 20.30 гача электр таъминотида узилишлар юзага келган бўлса, 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси бутунлай ўчирилди.

– Ўша кунларда фонус, қўлчироқ ва шам ёруғида ишлаб, беморларни даволашга мажбур бўлдик, – дейди қишлоқ врачлик пунк­ти педиатри Тўллибой Ҳамроев. – Бу ҳолатнинг сабабларини билиш учун туман электр тармоқлари корхонаси диспетчерига кўп бор мурожаат қилсак-да, аниқ жавоб ололмадик.

– Бундай узилишлар оқибатида дўконларда битта шамнинг нархи уч минг сўмдан беш минг сўмга кўтарилди, – дейди уй бекаси Наргиза Холмуродова. – Баъзи кишилар шамларни пакети билан сотиб ола бошладилар.

Биз «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Жомбой тумани филиалини раҳбари Ихтиёр Ҳимматов билан боғландик.

– Ҳа, бу воқеалардан хабардорман, аммо сабабини аниқ билмайман, – деди у. – Чунки сиз тилга олган фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи барча истеъмолчилар 35-тизим орқали электр энергияси билан таъминланади. Бу тизим эса бизларга бўйсунмайди. У вилоятдан ёки Тошкентдан бош­қарилади ва беҳуда ўчирилмайди. Ҳозир шунинг сабабларини аниқлаш ҳаракатидамиз.

Шундай қилиб, бизнинг таъминотдаги узилишлар қанча давом этиши, нега бу ҳақда истеъмолчиларга олдиндан хабар берилмагани ҳақидаги саволларимиз жавобсиз қолди.

Огоҳлантиришсиз ўчиришлар

Пайариқ туманидаги «Томойрот», «Эшимоқсоқ», «Оққўрғон», «Сорисув», «Маниобод» фуқаролар йиғинлари аҳолиси ҳам худди шундай аянчли вазиятга дуч келди.

– Бир ой олдин қарздорлик туфайли «АСКУЕ» орқали уйимиз электр энергиясидан узиб ­қўйилганди, – дейди эшимоқсоқлик Салоҳиддин Жўраев. – Тўловни амалга оширганимиздан кейин чироқни ёқишди. Шу асно менга олдиндан огоҳлантирмасдан истеъмолчилар чироғини ўчиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини айтишди. Лекин ўзлари бу тартиб-қои­дага риоя қилишмаяпти. Ҳар куни ҳохлаган пайтларида ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр токини узиб қўйишмоқда. Бу нима деган гап?

Одамлар сиз ўйлаганчалик оми эмас…

Исм-шарифини айтишни истамаган мулозимнинг сўзларига қараганда, ҳар иккала тумандаги бу узилишларнинг асосий сабаб­ларидан бири узоқ вақтдан буён реконструкцияга муҳтож бўлган электр тармоқлари мавжудлиги ва трансформатор пунктлари эскиргани билан боғлиқ. Устига-устак, замонавий АСКУЕ автомат ҳисоб­лагичлари ўрнатилганига қарамай, истеъмолчилар томонидан электр энергиясида ўғирликлар ҳамон давом этмоқда. Кўплаб қиш­лоқлардаги электр симлари аҳоли уйлари ортидаги дарахтлар шохлари орасидан ўтгани эса таъминотдаги узилишларга ва трансформаторлар муддатидан олдин ишдан чиқишига сабаб­­чи бўлмоқда.

– Бу гапларнинг барчаси рост, лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор, – дейди жомбойлик меҳнат фахрийси Эркин Омонов. – Илгари бундай муаммоларда аҳолини айбдор деб ҳисоблашарди. Гўёки одамларда электр энергия­сидан фойдаланиш маданияти етишмайди ва тежамкорлик йўқ, улар электр энергиясидан ёруғлик учун ҳам, иситиш учун ҳам фойдаланадилар ва ҳоказолар. Қизиғи шундаки, масъуллар орасида соҳадаги кўпйиллик муаммоларни тан олиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш ўрнига нуқул истеъмолчиларни қоралайдиганлари ҳамон учраб туради. Ҳолбуки, ҳозирги одамлар электр токини беҳуда исроф қиладиган даражада оми эмас.

Эски эшакка янги эгар

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳамма бало шундаки, биз эскирган линия ва трансформаторларни янгиламай туриб, қиш­лоқ хонадонларига АСКУЕ ҳисоблагичлари ўрнатдик. Таъбир жоиз бўлса, эски эшакка янги эгар қўйдик. Бу лойиҳалар учун юзлаб миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Аммо эскирган электр тармоқлари ушбу замонавий технологияларга сарфланган маб­лағни оқлай олмайди. Салгина ёмғир ёки шамол туфайли дарҳол ишдан чиқади. Совуқ кунларда 60 йиллик трансформаторлар ҳаддан ташқари кучланиш ва зўриқишдан ёниб кетади. Агар улар янгиланмаса, биз электр таъминотидаги муаммолардан қутулолмаймиз ва бир-биримизга тош отишда давом этаверамиз.

Жомбой туманининг Туркман ва Қозон қишлоқларидаги трансформаторлар билан ҳам худди шундай ҳолатлар содир бўлди. Октябрь ойидаги кучли ёғингарчилик натижасида иккаласи ҳам ёниб кетди. Қишлоқ фаолларининг, айниқса, маҳаллий монтёр Ориф Норқуловнинг тезкор ҳаракатлари туфайли улар икки кун ичида таъмирланиб, маҳаллий аҳоли яна электр энергияси билан таъминланди. Аммо ҳар куни маълум муддатга токни узиб қўйишлар ҳамон давом этмоқда.

Масъулиятни зиммасига оладиган одам топилмаяпти

Куз-қиш мавсумида турли бахтсиз ҳодисалар ва линия кабеллари шикастланиши оқибатида электр энергияси тез-тез узилиб қолади. Бу шуни англатадики, ҳар бир ҳудуд учун йил бошида белгиланадиган энергияни тақсимлаш амалиё­­ти ҳали ҳам мавжуд. Жорий йилда Самарқанд вилоятига ажратилган электр энергияси етарлими?

Афсуски, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот котиби касал бўлиб, даволанаётгани ва шундай нуфузли ташкилотда саволимизга жавоб берадиган бошқа биронта мутахассис топилмагани сабабли бу масалага ойдинлик киритолмадик.

Аниқлашимизча, тармоқдаги узилишларнинг тез-тез тилга олинадиган яна бир сабаби дебиторлик қарзлари экан. Қайси тадбир ёки йиғилишда электр таъминоти мавзуси муҳокама қилинса, мутасаддилар аҳоли тўламаган катта қарзларни дарҳол ёдга олишади. Аммо энди бу баҳонани рўйхатдан чиқариб ташлаш мумкин. Чунки деярли барча истеъмолчилар янги АСКУЭ тизимига ўтказилган, унда қарзга ботиш бўлмайди, истеъмолчи олдиндан тўлаган пул тугагани ҳамоно электр энергиясини етказиб бериш автоматик равишда тўхтайди.

«Трансформаторни ўзимиз ўрнатаяпмиз …»

Электр тармоқлари ва иншоотлари ҳаддан зиёд эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясининг маълум қисми истеъмолчига етказиб бериш жараёнида «йўл-йўлакай» йўқолиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Демак, хулоса битта: электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми қанчалик катта бўлмасин, унинг истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий технологиялари амалиётга нечоғли татбиқ этилмасин, 50-60 йиллик эски симлар, устунлар ва трансформаторлар ёрдамида аҳолини электр токи билан узлуксиз таъминлаб бўлмайди. Шу боис «ҳудудий дастурлар» амалга оширилишидан умидини узган ва электр тармоқлари корхонасига ишончини йўқотган аксарият маҳаллалар аҳолиси ўз маб­лағлари ҳисобидан сим­ёғочлар ўрнатишга, ҳатто йирик трансформаторлар харид қилишга киришмоқда.

– Ҳамқишлоқлар ўзаро маслаҳатлашиб, бултур трансформатор сотиб олиб ўрнатдик, – ­дейди Жомбой туманидаги Турк­ман-2 қишлоғида яшовчи Ғайбулла Бойзоқов. – Бунинг учун 50 миллион сўмга яқин маблағ сарфладик. Хорижда ишлаб юрган юртдошларимиз бизга моддий жиҳатдан катта ёрдам беришди. Натижада уйларимизда чироқ ўчмайдиган бўлди. Биз шунисига ҳам шукур қилиб яшаяпмиз…

Ёрмамат РУСТАМОВ

Манба: https://ishonch.uz/archives/10020

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>